Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ички назорат-тафтиш хизмати тўғрисида НИЗОМ

06.09.2019 18:09:39

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг

 2015 йил  28 декабрдаги

12-сонли мажлиси 1-сонли қарори

билан тасдиқланган

Мазкур Низом Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси марказий ва ҳудудий ташкилотлари молиявий-хўжалик фаолияти бўйича ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.

 

  1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

  1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар ва уларнинг таърифлари қўлланилади:

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ички назорат-тафтиш хизмати (кейинги ўринларда – ички назорат-тафтиш хизмати) – Ўзбекистон “Адолат” СДП (кейинги ўринларда – партия) молиявий-хўжалик фаолиятининг қонун ҳужжатлари талабларига, партиянинг ички меъёрий ҳужжатларига (кейинги ўринларда – ички ҳужжатлар) мувофиқлиги устидан назоратни олиб борувчи хизмат;

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ички назорат-тафтиш хизмати (кейинги ўринларда – назорат-тафтишчи) – партиянинг мазкур Низомига мувофиқ ички назорат-тафтишини амалга оширишга масъул бўлган шахс;

Ички назорат-тафтиш хизмати – партия марказий ва ҳудудий ташкилотларининг молиявий-хўжалик ҳолатини ички назорат-тафтиш хизмати томонидан мақсадли ва режадан ташқари текширишга йўналтирилган фаолият.

  1. Мазкур Низом Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида молиявий-хўжалик ҳолатини текширишга нисбатан қўлланилади.
  2. Ички назорат-тафтиш хизмати (назорат-тафтишчи) ўз фаолияти давомида бевосита партия Сиёсий Кенгаши раисига бўйсунади.
  3. Ички назорат-тафтиш хизмати (назорат-тафтишчи) ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, партиянинг ички меъёрий ҳужжатлари ҳамда мазкур Низомга асосан амалга оширади.

 

  1. ПАРТИЯДА ички назорат-ТАФТИШ хизматини ТАШКИЛ ЭТИШ УЧУН АСОСЛАР

 

  1. Партия фаолиятига давлат аралашувининг мавжуд эмаслиги.
  2. Партияда катта миқдордаги мақсадли маблағларнинг тўпланиши ва улардан самарали фойдаланиш устидан назоратнинг муҳимлиги.
  3. Партия маблағларини суистеъмол қилиш, шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш каби ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик.
  4. Партия бухгалтерияси айрим ходимларининг солиқ ва бошқа қонунчилик ҳужжатларини чуқур билмаслиги ёки уларни тўғри тушунмаслиги, “1С” бухгалтерия дастурини тўлиқ ўзлаштирмаганлиги каби ҳолатлар натижасида юзага келадиган ҳисоб-китобдаги муаммолар ва ҳисоботларни нотўғри юритилишини олдини олиш.

 

III. ИЧКИ НАЗОРАТ-ТАФТИШ ХИЗМАТИНИНГ (НАЗОРАТ-ТАФТИШЧИНИНГ) ФАОЛИЯТ ТАРТИБИ ВА ВАКОЛАТЛАРИ

 

  1. Ички назорат-тафтиш хизмати (назорат-тафтишчи) ўз иш режасини тузиб чиқади ва шу асосида фаолият олиб боради. Мазкур режа партия Сиёсий Кенгаши раиси томонидан тасдиқланади.
  2. Ички назорат-тафтиш хизмати (назорат-тафтишчи) томонидан партиянинг ҳудудий Кенгашлари, шунингдек, Марказий аппарати бўйича ажратилган бюджет маблағларини ҳамда аъзолик бадаллари ва бошқа манбалардан олинадиган даромадлардан мақсадли фойдаланишини молиявий фаолиятини фақат партия Сиёсий Кенгаши раиси огоҳлигида, танлов йўли билан текширади.
  3. Ички назорат-тафтиш хизматига (назорат-тафтишчига) доир малака талаблари партия Сиёсий Кенгаши раиси томонидан белгиланади.
  4. Ички назорат-тафтиш хизмати (назорат-тафтишчи) бир йиллик ёки жорий текширув фаолияти якунлари бўйича партия Сиёсий Кенгаши раиси ва Марказий тафтиш комиссиясига ҳисобот беради.
  5. Ички назорат-тафтиш хизматининг (назорат-тафтишчининг) талабига кўра, партия Марказий аппарати ҳамда ҳудудий Кенгашлари молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни Назорат-тафтишчига тақдим этади.
  6. Ички назорат-тафтиш хизматининг (назорат-тафтишчининг) ваколат доирасига қуйидагилар киради:
  • партия Марказий аппарати ҳамда ҳудудий Кенгашлари молиявий ҳужжатларини текшириш;
  • шартномалар, амалга оширилган битимлар, шунингдек, ҳисоб-китобларнинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлигини текшириш;
  • юритилаётган бухгалтерия ҳисобининг меъёрий қоидаларга мувофиқлигини таҳлил қилиш, шунингдек, бухгалтерия ҳисобини юритишда тасдиқланган меъёрий ҳужжатларга мос эканлигини текшириш;
  • партиянинг молиявий ҳолатини, унинг тўлов қобилиятини таҳлил қилиш, партиянинг иқтисодий ҳолатини янада яхшилаш бўйича партия Сиёсий Кенгаши раисига таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
  • тўловларнинг тўғри ҳисобланиши ва бошқа мажбуриятларнинг бажарилишини текшириш;
  • солиқ органлари, давлат статистика органлари ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа органларга тақдим этиладиган партия бухгалтерия баланслари, ҳисоботлари тўғри тузилганлигини текшириш;
  • партиянинг молиявий қарорларини таҳлил этиш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларидан тафовут қилган тақдирда, уларни ўзгартириш бўйича партия Сиёсий Кенгаши раиси маслаҳати асосида таклифлар киритиш;
  • мақсадли тушумларни манбалари бўйича келиб тушуши ва аниқ мақсадлари бўйича ишлатилганлигини текшириш;
  • партия даромадлари ва ҳаражатларини асосли ҳужжатлаштирилганлиги, уларни ҳисоб-китоб ва ҳисоботда реал акс эттирилганлигини текшириш;
  • партия мулкини тўғри ва ўз вақтида шакллантирилганлигини, уни ҳисоб ва ҳисоботда тўғри акс эттирилганлигини текшириш.

 

  1. ИЧКИ НАЗОРАТ-ТАФТИШ ХИЗМАТИНИНГ (НАЗОРАТ-ТАФТИШЧИНИНГ) ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

   

  1. Ички назорат-тафтиш хизмати (назорат-тафтишчи) қуйидаги ҳуқуқларга эга:
  • партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати, вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида молиявий ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини текшириш;
  • партиянинг ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари тафтиш органларига режадан ташқари ва мақсадли текширувлар ўтказиш тўғрисида топшириқлар бериш;
  • Ички назорат-тафтиш хизматининг (назорат-тафтишчининг) текширув ўтказиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ текширувни ўтказишга тегишли соҳалар мутахассисларини (иқтисод, молия, бухгалтерия ҳисоби, бошқарув, иқтисодий хавфсизлик ва бошқалар) жалб қилиш;
  • партиянинг барча молиявий меъёрий ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ишларда иштирок этиш;
  • Ички назорат-тафтиш хизмати (назорат-тафтишчи) ўз вазифасини амалга оширишда партия бухгалтерия ходимларидан зарур бўлган тегишли ҳужжатларни тақдим этишини талаб қилиш;
  • партия бухгалтерия фаолияти билан шуғулланувчи ходимлардан ўз мажбуриятларини бажариши жараёнида юзага келадиган хато ва камчиликлар юзасидан партия Сиёсий Кенгаши раиси номига ёзма тушунтириш олиш.
  1. Ички назорат-тафтиш хизматининг (назорат-тафтишчининг) мажбуриятлари:
  • партия одоб-аҳлоқ қоидаларида белгиланган мажбуриятларга амал қилади;
  • амалдаги қонун ҳужжатлари ва партиянинг ички ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари аниқланганлиги тўғрисида партия Сиёсий Кенгаши раисини дарҳол хабардор қилади, қонун бузилишининг содир бўлиши сабабларини ва унда айбдор бўлган шахсларни аниқлайди;
  • аниқланган камчиликларни бартараф этилишини ва партиянинг келгуси фаолиятидаги шунга ўхшаган қонун бузилиши юзасидан огоҳлантиришлар бўйича тадбирларга риоя этилишини назорат қилади;
  • Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси талабига мувофиқ маълумотларни тақдим этади;
  • партия томонидан қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича бошқа вазифаларни амалга оширади.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+