Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Кадрлар комиссияси тўғрисида”ги НИЗОМИ

06.09.2019 18:09:00
  1. Умумий қоидалар

 

1.1. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси (бундан буён матнда – партия) Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси қошидаги Кадрлар комиссияси (бундан буён матнда – комиссия) партия Марказий аппарати, шунингдек, ҳудудий ва маҳаллий кенгашлари масъул лавозимларига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, сайланадиган лавозимлар учун тақдим этилган номзодларни ҳар томонлама ўрганиш ва тавсия этиш билан бевосита шуғулланадиган коллегиал органдир.

1.2. Комиссия ўз фаолиятини мазкур Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, партия Устави, кадрлар билан ишлаш бўйича Йўриқномаси ва бошқа тегишли ҳужжатлари доирасида бажаради.

1.3. Комиссия Низомини тасдиқлаш, унга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг қарори билан амалга оширилади.

 

  1. II. Комиссия таркиби, тузилиши ва иш тартиби

 

2.1. Комиссия таркиби камида 7 нафар бўлади – комиссия раиси, раис ўринбосарлари, аъзолари ва масъул котибдан иборат таркибда тузилади.

2.2. Комиссия таркибига партия Сиёсий Кенгаши раиси, унинг ўринбосарлари, Сиёсий Кенгаш аъзолари, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Марказий аппарати бўлим мудирлари ҳамда кадрлар бўйича масъул ходимлари киритилиши мумкин.

2.3. Комиссия таркиби партия Сиёсий Кенгаши раиси тавсиясига асосан Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси томонидан тасдиқланади.

2.4. Комиссия йиғилиши бир ойда бир марта ёки заруратга кўра ўтказилади. Комиссия йиғилишига Партия Сиёсий Кенгаши раиси ёки раис топшириғи билан унинг ўринбосарларидан бири раҳбарлик қилади.

2.5. Комиссия йиғилиши комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этганда ҳақиқий ҳисобланади. Комиссиянинг қарорлари унинг йиғилишида ҳозир бўлган аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолганда комиссия ишига раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

2.6. Комиссия йиғилиши раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланадиган баённома билан расмийлаштирилади. Ҳар бир кўрилган масала юзасидан комиссиянинг қарори қабул қилинади. Қарор комиссиянинг иштирок этган аъзолари томонидан имзоланади.

2.7. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Марказий аппарати ташкилий-партиявий ишлар бўлимининг Кадрлар ҳисобини юритиш ва заҳирасини шакллантириш Сектори Комиссиянинг доимий ишчи органи ҳисобланади.

 

III. Комиссиянинг асосий вазифалари

 

3.1. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

- комиссия йиғилишларида партия марказий аппарати, ҳудудий ва маҳаллий кенгашларининг масъул лавозимларига тавсия этилган кадрларни суҳбат ўтказиш, дунёқарашини, ватанпарварлик туйғусини, маданий, маънавий ва ахлоқий етуклигини, ишбилармонлик сифатларини, ёзма ишларини ва тақдим этилган ҳужжатларини ўрганиш йўли билан текшириб, лойиқ ёки нолойиқлиги тўғрисида қарор қабул қилади;

- партиянинг сайланадиган ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари раислари, ўринбосарлари лавозимларига беш нафардан кам бўлмаган номзодни муқобиллик асосида кўриб чиқади ва улардан камида икки нафарини овозга қўйиш учун саралаб беради;

- партиянинг сайлаб қўйиладиган мансабдор шахслари ҳамда масъул ходимлари захирасини шакллантириш, тўлдириб бориш, захирадаги кадрлар билан ишлаш, уларнинг малакасини ошириш ишларини назорат қилади;

- партияда мавжуд бўш иш ўринларига малакали мутахассисларни танлаш, ходимларни ротация қилиш ва юқори лавозимларга кўтариш масалаларини муҳокама қилади;

- партия ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича тавсиялар беради;

- партия ходимлари учун тегишли малака ва хизмат меъёрлари талабларини ишлаб чиқади;

- партия ходимларининг эгаллаб турган лавозимларига муносиблигини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган аттестацияларга тайёргарлик кўришда, аттестация комиссиясининг тавсияларини бажаришда иштирок этади;

- партиянинг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдиради;

- партия ҳудудий Кенгашлари қошида тузилган кадрлар комиссияси фаолиятини назорат қилиб боради, уларнинг иш фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кўрсатмалар беради.

3.2 Комиссия аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- барча муҳокамаларда иштирок этиш ва ўз фикрини мустақил билдириш;

- муҳокама қилинаётган масалалар бўйича фикрларни умумлаштиришда иштирок этиш;

- кадрлар сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар бериш;

- комиссия йиғилиши қарорларини имзолаш ва ўз нуқтаи назарини баённомага киритилишини талаб қилиш;

- комиссия йиғилиши баённомалари билан танишиш.

3.3 Комиссия котибининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

- комиссияга тақдим қилинган номзодларнинг ҳужжатларини дастлабки тарзда ўрганиб чиқади, зарур ҳужжатларни талаб қилиб олади;

- комиссия йиғилиши муҳокамасига киритиладиган масалалар бўйича ҳужжатларни тайёрлайди ва белгиланган тартибда расмийлаштиради;

  • комиссия раиси билан келишган ҳолда йиғилиш ўтказиладиган вақтни белгилайди ва кун тартибини ишлаб чиқади;
  • комиссия аъзолари иштирокини ташкил қилади ва уларга керакли маълумотларни тақдим қилади;
  • комиссия йиғилиши баённомасини расмийлаштиради ва йиғилиш қарорлари ижросини таъминлайди.

 

  1. Кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш

 

4.1. Партия ташкилотларида ишлаш учун олий маълумотли сиёсатшунос, социолог, психолог, файласуф, юрист, иқтисодчи, педагог ихтисослигига эга бўлган кадрларни танлаб олиш устувор ҳисобланади.

4.2. Партия ташкилотларига ишга кириш учун:

- Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши;

- сиёсий билим ва кўникмаларга эгалиги;

- давлат ёки жамоат ташкилотларида орттирилган иш тажрибаси (олий ўқув юрти битирувчилари бундан мустасно);

- ахборот-таҳлил ишларни юритишга лаёқати мавжудлиги;

- ўзбек тилида равон сўзлашиши ва бехато ёзиши;

- имкон қадар чет тилларидан бирини билиши талаб қилинади.

4.3. Партия ташкилотларига иш қабул қилишда олий ўқув юрти битирувчиларига нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар татбиқ этилади.

4.4. Партия ташкилотларига ишга кириш учун комиссия котибига қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилиниши шарт:

- номзоднинг паспорт нусхаси;

- номзоднинг шахсий сўровномаси;

- меҳнат фаолияти бўйича маълумотномаси (справка-объективка);

- номзоднинг таржимаи ҳоли;

- олдинги иш жойидан тавсифнома;

- ихтисослиги бўйича диплом нусхаси;

- меҳнат дафтарчаси нусхаси;

- бир йилдан кўп муддат давомида бирга ўқиган ёки ишлаган камида уч нафар ҳамкасбларидан фикрнома;

- номзод ёки унинг яқин қариндошлари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, турмуш ўртоғи, қайнота-қайнонаси, фарзандлари) судланган ёки судланмаганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ахборот марказидан маълумотнома;

- маълум даврда ишламаган бўлса, унинг сабаблари кўрсатилган маҳалла фуқаролар йиғинининг маълумотномаси;

- ўриндошлик асосида ишга киришни истаган номзодлар учун асосий иш жойидан розилик хати;

- 3х4 ҳажмда 6 дона сурат.

4.5. Комиссия йиғилишига тавсия этилаётган номзодларни танлаш босқичлари:

4.5.1. Партияга ишга қабул қилиш учун тавсия этилаётган номзодларнинг ҳужжатлари Марказий аппаратнинг Кадрлар ҳисобини юритиш ва заҳирасини шакллантириш секторига ўрганиб чиқиш учун топширилади.

4.5.2. Барча керакли ҳужжатлар тайёрлангандан сўнг номзоднинг билим даражаси ва иш тажрибаси текширилади.

Текширишда қуйидаги усуллардан фойдаланиш мумкин:

  • психологик тест ўтказиш;
  • мавжуд бўш иш ўрни лавозим йўриқномасидан келиб чиққан ҳолда ижодий иш (реферат, баённома, иншо ва ҳ.к.) ёздириш.

4.5.3. Текширув натижаларига кўра номзоднинг ҳужжатлари комиссияга кўриб чиқиш учун тақдим этилади ҳамда комиссия хулосасига асосан тегишли қарор қабул қилинади.

 

  1. Якуний қоидалар

 

5.1. Комиссия қарори партия тизимида сайланадиган лавозимлар учун тавсиявий характерга, шунингдек, тайинланадиган лавозимлар учун мажбурий характерга эгадир.

5.2. Ушбу Низом талаблари партия Сиёсий Кенгаши раиси ва унинг ўринбосарларига нисбатан татбиқ этилмайди.

5.3. Комиссия ўз фаолияти тўғрисида йилига камида бир марта партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасига ҳисобот беради.

Улашинг!