Абдуғани Умиров: Банклар — мижозлар муаммосини бартараф этишда бизнес-ҳамкор бўлади

05.08.2019 14:08:58

Кичик бизнесни ривожлантириш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, тадбиркорлик фаолиятига қаратилган ҳар қандай тўсиқларга муросасиз бўлиш, инвестициявий жозибадорликни оширишга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришга бўлган эътиборни янада кучайтириш давр талаби бўлиб қолмоқда.

Бу борада мамлакатимизда тадбиркорларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб- қувватлаш, бизнесни юритишда улар билан биргаликда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан давлат органлари масъулияти оширилиб, бир қатор енгилликлар, қулайликларни ўз ичига олган меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш, турли рухсатномалар олиш ва бошқа кўплаб хизматлар тартиб-қоидалари соддалаштирилди. Бу борада қулайлик яратиш учун Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги марказлари ташкил этилди. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) лавозими жорий қилинди.

Шу билан биргаликда, ҳали-ҳануз тадбиркорлар ташаббусларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни жойида, тезликда, марказий идоралар аралашувисиз ҳал қилиш масаласи долзарблигича қолмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2 август куни ўтказилган йиғилишда айнан ушбу масалаларга эътибор қаратилиб, бу йиғилиш тадбиркорлик соҳасидаги тизимли муаммолар муҳокама қилингани, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгилаб олингани шу жиҳатдан муҳим воқелик бўлди.

Жорий йил 23 июль куни ўтказилган селектор йиғилишининг мантиқий давоми бўлган мазкур йиғилишда ҳудудларда соҳани ривожлантириш борасида ишлар қандай ташкил қилингани, мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўналишида қандай тўсиқлар борлиги ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар эшитилиб, муаммоларни марказий идоралар аралашувисиз, жойида ҳал қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Йиғилишда қайд этилганидек, тадбиркорлик субъектларига ер ажратиш юзасидан хулоса берадиган саккизта идора томонидан ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари асоссиз равишда, ойлаб чўзиб юборилиши ҳанузгача давом этмоқда. Шунингдек, уларнинг инфратузилма объектларига уланиш билан боғлиқ муаммолар ҳам тўлиқ ҳал этилмаган. Шу сабабли йиғилишда мазкур ташкилотларнинг рухсат беришга оид функциясини мувофиқлаштириш, улардаги маълумотлар базасини интеграциялаш орқали бундай “рухсат берувчи” идоралар сонини қисқартириш зарурлигини таъкидланди.

Эндиликда йирик корхоналарнинг бўш турган объектлари негизида қўшимча кичик саноат зоналари ташкил этиш, уларни электр, сув, газ, йўл ва алоқа коммуникациялари билан таъминлашга кетадиган харажатларнинг 65 фоизини давлат бюджетидан қоплаш тартиби жорий қилинади.

Жорий йил 5 августдан эътиборан эса, тадбиркорлар мулкларини бузиш ва ер майдонларини олиб қўйиш ишлари уч босқичда ташкил этилиб, биринчи босқичда бузилишига зарур материаллар тўплами Вазирлар Маҳкамасига киритилиб, иккинчи босқичда шаҳарсозлик талаблари бўйича хулоса тайёрланади ва учинчи босқичда тегишли қарор қабул қилиниши қаътий қилиб белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, йиғилишда яна бир ўта муҳим масала — тадбиркорларга молиявий кўмак бериш, уларга ажратилаётган қарз маблағларининг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2017-2018 йилларда банкдан кредит олган кўплаб тадбиркорларнинг лойиҳалари бўйича ер ажратиш, инфратузилмага уланиш, рухсатнома олиш, дастгоҳларни келтириш ва бошқа турли масалаларга доир муаммолар борлиги сабабли, ушбу лойиҳалар амалга оширилмай қолмоқда ва бунинг натижасида берилган кредитларнинг қайтарилишида муаммолар юзага келмоқда.

Шу боис, муаммолари бўлгани учун тўлиқ амалга оширилмаётган лойиҳалар аниқланиши ва бу борада тижорат банклари ҳам иш услубини тубдан ўзгартириб, ўз мижозлари билан ҳақиқий маънода бизнес-ҳамкор сифатида ишлаши кераклиги таъкидлаб ўтилди.

Бу борада шуни алоҳида қайд этиш керакки, Халқаро кредит линиялари маблағларини тадбиркорлик соҳасига кенгроқ жалб қилиш, уларни ўзлаштириш борасида ҳар бир ҳудуд кесимида таклифлар ишлаб чиқиш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатмалар берилиб, бу кредитларнинг йўналишлари ва шартлари тўғрисида ҳар бир мижозга тўлиқ маълумот бериб бориш зарурлиги қайд этилди.

Фикримизда, бу топшириқ ижроси юзасидан тижорат банклари ўртасида “Тадбиркорлар муаммосини тезликда бартараф этган ва Халқаро кредит линиялари маблағларини тадбиркорлик соҳасига энг кўп жалб қилган банк”ни аниқлаш тизими (мусобақа) ташкил қилиниши ва рағбатлантиришлар белгиланиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Йиғилишда таъкидланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан жойларга чиққан ҳолда тадбиркорларга етказилган зарарни хатловдан ўтказиш, бу маблағларни бозор қиймати асосида тўлаб бериш жараёнлари, бу борада жойларда олиб борилаётган ишларнинг ҳақиқий ҳолати юзасидан назорат-таҳлил тартибида ўрганишлар ўтказиш орқали тадбиркорларни қийнаётган долзарб масалаларнинг ижобий ечимига қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги келишиб олинди.

Бу каби вазифаларни сифатли бажаришда фуқаролар ва тадбиркорларга тегишли уй-жой ва бинолар ҳамда бошқа бузилишига зарурат туғилган жойларни қатъий тартиб билан, уч босқичда ташкил этиш борасидаги ишларни доимий назоратга олишда маҳаллий депутатлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадга мувофиқдир.

Фракциянинг яна бир муҳум вазифаларидан бири – тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнларида, маҳаллий кенгашлар депутатлари, тадбиркорлар ва кичик бизнес вакилларининг таклифларини олиш ҳамда уларни қонун ва қонуности ҳужжат лойиҳаларида акс эттириш чораларини кўришдир. Шунингдек, фуқароларни қийнаётган долзарб масалаларнинг ижобий ечимига қаратилган ҳамда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қиладиган таклифларни ишлаб чиқиб, уларни дастурий вазифаларга айлантириш, амалга оширилишини таъминлаш истиқболдаги долзарб вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!