Абдуғани Умиров: Инфляция даражасини пасайтиришга барча имкониятлар мавжуд

24.01.2020 18:01:48

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини диққат билан тинглар эканмиз, давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий тармоқлар, банк-молия тизимини яқин йилларда ислоҳ этиш билан боғлиқ сермазмун, сертаҳлил бу маъруза ҳар биримизни оқилона хулоса чиқаришга ундамоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, қолаверса, инфляцияни жиловлаш иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги бош вазифа бўлиб қоляпти.

Президентимиз таъкидлаганидек, бу борада Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банк, Молия вазирлиги иқтисодий ўсиш билан инфляция ўртасида мувозанатни таъминлаши, ташқи хавф-хатарларни ҳисобга олишлари зарур. Марказий банк томонидан Ўзбекистонда 2020 йил учун инфляциянинг базавий прогнози 12-13,5 фоиз даражасида белгиландики, бунга ҳукумат даражасидаги вазифа деб қаралиши керак. 2019 йилги инфляция даражаси прогноз коридорининг юқори чегарасида шаклланиб, 15,2 фоизни ташкил этган эди.

Мурожаатномада қайд қилинганидек, асосий эътибор нархларни белгилашга эмас, балки корхоналар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш орқали, маҳсулотлар нархини пасайтириш ва сифатни оширишга қаратилса, халқаро тажрибадан келиб чиқиб иш тутилган бўлар эди. Инфляцияни сақлаб туриш, “яширин иқтисодиёт” жараёнида кузатиладиган муаммолар шу қадар мураккабки, буни айнан шу йўналишда қабул қилиниши керак бўлган қонунлар билангина тартибга солиш мумкин бўлади. Шу маънода, Президентимиз таклиф қилганидек, “Давлат қарзи тўғрисида”ги ва “Давлат молиявий назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

Мамлакатимизда миллий пул бирлиги – сўмнинг салмоғи ва қадрини сақлаб қолиш бевосита банк муассасалари фаолияти билан боғлиқдир. Юртимизда фаолият кўрсатаётган 30 га яқин йирик банк муассасаси фаолиятида рақамли технологияларни амалда қўллаш, янги банк хизматлари ва дастурий таъминот бўйича мақтанадиган ишимиз деярли йўқ.

Ҳар бир банкда трансформация дастури амалга оширилиши керак. Бу эса банкларнинг капитал, ресурс базаси ва даромадини оширишда ўзига хос механизм бўлиши мумкин. Демак, банк имкониятлари кенгайса, ишлаб чиқарувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошиши, ижтимоий соҳаларда хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиб, аҳоли фаровонлигига эришамиз. Агар 2019 йилда ялпи ички маҳсулот(ЯИМ) ишлаб чиқариш ҳажми 5,5 фоизга ўсишига эришган бўлсак, инфляциянинг белгиланган фоизини ушлаб туриш бўйича барча имкониятларни ишга солсак, бу рақам 2020 йилда яна анча ошиши мумкин.

Президентимизнинг 2019 йил декабрь ойида қабул қилинган “Инфляцион таргетлаш (мақсадли кўрсаткич) режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони сўмнинг қадрини сақлаш жараёнида кенг қамровли ислоҳотларни бошлашга имкон беради. Инфляцион таргетлаш, бу давлат идоралари томонидан мамлакатда инфляцияни назорат қилиш учун кўриладиган монетар чора-тадбирлар мажмуи бўлиб, бунга кўра, макроиқтисодий прогноз белгиланади.

Инфляция жараёнини стабил ҳолатда ушлаб туришнинг омиллари нимада? Бизнингча, ялпи ички маҳсулот яратилишига кам ҳисса қўшадиган тармоқларда таркибий ислоҳотларни чуқурлаштириш зарур. Иккинчидан Марказий банк ва Молия вазирлиги бозор инструментларини қўллаб, ички молия бозорига жуда катта босим ўтказаётган хорижий валюталар “ҳужум”ини ҳамкорликда пасайтириш, “чеканка” қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиши лозим. Қолаверса, мамлакат тўлов балансининг жорий операцияларида экспортни ҳар томонлама рағбатлантириб, импортни маҳаллийлаштиришни кўчайтириш, ижобий сальдога бозор механизмлари билан эришиш зарур. Давлат бюджетида маълум даражада иқтисодий самара бермаётган ижтимоий харажатларини камайтириб, иқтисодиётни ривожлантириш харажатларини ошириб бориш яна бир омил ҳисобланади. Марказий банк мамлакатимиз молия бозорида ҳар қандай вазият юзага келишига қарамай ўз миллий валютамиз курси билан манипуляция операцияларига бормаслиги талаб этилади.

                                                                                Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+