Абдуғани Умиров: Инқироз пайтида қандай чоралар кўриш керак?

22.04.2020 14:04:54

Деярли барча мамлакатлар чегарасидан ўтиб улгурган коранавирус инфекцияси эндиликда мамлакатлар иқтисодини турғунлик ҳолатига келтириб, янги иқтисодий инқироз хавфини келтириб чиқармоқда.

Халқаро экспертлар фикрига кўра, бу инқироз яқин тарихда содир бўлган аввалиги инқирозлардан фарқли ўлароқ барча мамлакатлар иқтисодий ўсишига бир вақтда таъсир қилиб, иқтисодий таранглик, молиявий  қийинчиликларга сабаб бўлмоқда.

Бунинг натижасида жорий йилнинг 2 чорагидан бошлаб иқтисодий турғунлик ҳолати содир бўлиши, йирик ва кичик бизнес вакилларида молиявий қийинчиликлар келиб чиқиши натижасида улар солиқ тўловлари бўйича давлат ғазнаси олдидаги мажбуриятларини бажара олмай қолиши эҳтимол қилинмоқда.

Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда деярли барча мамлакатлар инқрозга қарши чоралар дастурини ишлаб чиқиб, иқтисодий ҳалокатнинг олдини олиш, коранавирус эпидемиясининг таъсирини юмшатишга қаратилган иқтисодий дастурларини қабул қилмоқда. Бу дастурларда ажратилиши белгиланган маблағлар биринчи навбатда пандемиядан энг кўп зарар кўрган соҳаларни молиявий қўллаб-қувватлашга йуналтирилиши белгиланмоқда.

Афсуски, бу офат бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Шу сабабли бизда ҳам вақтинчалик эълон қилинган карантин, ташқи чегараларнинг ёпилиши, ҳаракатланишлар бўйича чекловлар ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш, чет давлатлар  билан  барча соҳаларда олди-бердининг тўхтатиб қўйилиши ва бошқа бир қатор зарурий тадбирлар белгиланиши иқтисодиёт соҳаси ривожига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши табиий ҳол.

Шу сабабли карантин даврида вазиятдан келиб чиқиб ўз фаолиятини  вақтинчалик тўхтатишга мажбур бўлган йирик ва кичик бизнес вакилларида молиявий қийинчиликлар даврида, иш ҳақини тўлаш, солиқ тўловлари бўйича давлат ғазнаси олдидаги мажбуриятларини бажариш, олинган кредитлар бўйича қарзларни тўлашда ва бошқа мажбуриятларни бажаришда муаммолар келиб чиқиши мумкин.

Бу каби муаммоларни таъсирини юмшатиш борасида мамлакатимизда ҳам пандемия оқибатларини батамом тугатиш, шу даврда аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларига молиявий кўмак бериш мақсадида  жамғарма ташкил қилинди. Кўплаб солиқ ва кредит имтиёзлари ва преференциялар бериш орқали уларни инқироз даврида қўллаб-қувватлашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб олинди.

Нуфузли халқаро институтлар, экспертларимиз томонидан билдирилаётган кўплаб хулосалар, таҳлиллар натижаси шуни кўрсатадики, карантин даври Ўзбекистонда асосан жорий йилнинг II чорагига тўғри келиши ва шу даврда иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши Давлат бюджети барқарорлигига ҳам хавф туғдириши мумкинлиги айтилмоқда.

Хавф хатарларнинг олдини олиш мақсадида 2020 йил 15 апрель куни “Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Мамлакатимизда бу офатни батамом тугатишга қаратилган муҳим тадбирларни, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсия ва нафақалар ҳамда устувор давлат дастурларини ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштиришларда узилишларнинг олдини олиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Карантин даврида бюджет маблағлари биринчи навбатда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларга, жумладан, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сотиб олиш, тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни жиҳозлашга, иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва нафақаларни ўз вақтида тўлашга, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш, коммунал тўловлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган харажатларни қоплашга йўналтирилиши белгиланиши ҳозирги мураккаб, барча учун қийин  бўлган вазиятда жуда муҳим деб ўйлаймиз.

Қарорга кўра, коронавирусга қарши курашиш тадбирларида иштирок этаётган барча тиббиёт ходимлари ҳамда мазкур тадбирларга жалб қилинаётган бошқа ташкилот ходимларига  жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб давлат бюджетидан қўшимча устамалар тўлаш белгилангани, аввало бугунги мураккаб шароитда уларнинг фидокорана меҳнатини муносиб баҳоланишига, қийин вазиятларда давлат олдидаги фуқаролик ва касбий бурчини бажаришдан манфаатдорлигининг ошишига  хизмат қилади.

Қисқа муддатда тиббиёт, санитария хизмати муассасалари учун қўшимча равишда бинолар қуриш, реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш ишлари олиб борилиши эса бу соҳани, уларда ишлаётган ходимларни ҳар қандай мураккаб вазиятларга доимо тайёр бўлишларига замин яратади.

Барча учун мураккаб бўлган бугунги вазиятда, ижтимоий-иқтисодий фаоллик аҳволи таҳлили ва муҳимлик даражасидан келиб чиққан ҳолда долзарб ҳисобланмаган лойиҳа ва харажатларни кейинги даврларга кўчириб туриш эса, глобал инқироз даврида давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва бюджет харажатларини мақбуллаштириш орқали бюджет тақчилигини олдини олишга, ундан самарали фойдаланишга хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

Таъкидлаш керакки, карантин даврида ҳам инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган энг муҳим тадбирлар, иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ҳамда устувор давлат дастурларини ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштиришга  барча имкониятлар яратилади.

Бу борада  парламент аъзолари ҳам ҳудудларда олиб борилаётган ишларнинг ҳақиқий ҳолатини ўрганиб борган ҳолда, жойларда фуқароларимиз билдирган фикрлар, таклифлар асосида ўз ечимини кутаётган долзарб масалаларни ижобий ҳал этишга, бу ўта мураккаб ва таҳликали  синов даврини енгиб ўтишда ўз ҳиссамизни қўшамиз.

 

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+