Абдуғани Умиров: Кўмак кўрсатган ҳам саховат, ҳам имтиёзга эга бўлади

30.04.2020 13:04:14

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини батамом тўхтатиш бугунги глобал хавф-хатарлар даврида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича юзага келадиган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш юзасидан барча чоралар кўрилмоқда.

Бу оғир вазиятларда аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳоли даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш, ишлаб чиқариш соҳасига, тадбиркорлик субъектларига пандемия даврида унинг салбий оқибатлари таъсирини юмшатиш мақсадида инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил қилинди.

Айни мураккаб вазиятда саховатпеша фуқароларимиз таклифларига кўра мамлакат бўйлаб “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати хайрия акцияси иш бошлади. Хайрия жамғармаларига кам даромадли аҳоли қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида  келиб тушаётган беғараз ёрдам салмоғи ҳам ошмоқда.

Тадбиркорларимизнинг бу хайрия харакатларини давлат томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, бу эзгу ҳаракатлари натижасида инқироз даврида уларнинг зарар кўриб қолишлари олдини олиш мақсадида куни кеча “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президентимизнинг Фармони эълон қилинди.

Саховатпеша тадбиркорларга имтиёзлар

Фармонга кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан хайрия фондларига, уларнинг ҳудудлардаги бўлинмаларига ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахсларга беғараз берилаётган пул маблағлари ва моддий қийматликлар ёки кўрсатилган хизматларга фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралади ва солиққа тортилмайди.

Шунингдек, фуқароларга етказиб берилган моддий қийматликлар ёки кўрсатилган хизматлар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объектига киритилмаслиги белгиланмоқда.

Тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш Давлат жамғармаси томонидан компенсация қилиш тартиби тадбиркорлик субъектларининг амалдаги кредит шартномаларига ҳам татбиқ қилиниши ва лизинг корхоналари томонидан ҳисобланган ва кечиктирилган лизинг бўйича фоиз даромадлари суммаси фойда солиғини ҳисоблашда кечиктириш берилган даврдаги жами даромад таркибига киритилмаслиги ҳам белгиланди.

Фаолиятини тўхтатган ёки ойлик тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойликка нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқларни тўлаш бўйича фоизсиз кечиктириш бериш муддати аввал айтилганидек 2020 йил 1 окябргача эмас, балки эндиликда жорий йилнинг 31 декабргача узайтириладиган бўлди.

Жисмоний шахсларга имтиёзлар

Жисмоний шахсларга ўзларига тегишли турар жой ва нотурар жойларни ижарага беришдан олишган даромадлари бўйича ҳисобланган солиқларни 2021 йил 1 апрелга қадар муддатгача тенг улушларда фоизсиз кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Агар ёрдам олувчи жисмоний шахс маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлганлар рўйхатига киритилган бўлса, унинг олган ёрдам маблағлари даромад сифатида қаралмаслиги  ва солиққа тортилмаслиги белгиланмоқда.

Кам даромадли оилаларни янада қўллаб-қувватлаш, улар даромади камайишини олдини олиш мақсадида 2020 йилда ходимга тўланадиган, солиққа тортилмайдиган моддий ёрдам суммаси меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 4,22 бараваридан 7,5 бараваригача оширилди.

Шу вақтга қадар ёши улуғ нафақадаги ва бошқа нафақа олувчиларни ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келаётган пенсия ва нафақалар тўғри тайинланиши бўйича текширишлар натижасида аниқланган, фуқароларга ортиқча тўланган пенсия ва нафақалар бўйича жорий йилнинг 20 апрель ҳолатидаги мавжуд қарздорликларни қайтариб тўлаш бекор қилиниб, қарздорликлар ҳисобдан чиқарилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, тадбиркорларимизнинг бу оғир вазиятда фуқароларимизга кўрсатилаётган беғараз ёрдами, саховатлари меҳр-муруввати беэътибор қолдирилмайди. Бу инқироз даврида бирон бир фуқаро ёки тадбиркор қийин ҳолатга тушиб қолишига йўл қўйилмайди.

Зеро, бугун бутун Ўзбекистонда пандемия оқибатида юзага келган муаммоларни тезкор ҳал этиш, бу офат оқибатларини батамом тугатишда халқимиз билан биргаликда пухта ўйланган режа бўйича иш олиб борилмоқда.

 

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат”СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+