Абдуғани Умиров: Тиббиётга ахборот технологияларини жорий этиш борасидаги сусткашлик қачонгача давом этади?

26.09.2019 17:09:29

Мамлакатимизда сўнгги йилларда тиббиётни тубдан ислоҳ қилиш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, соҳанининг ҳуқуқий базаси такомиллаштирилмоқда.

Бу борада асосий эътибор қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникалар фаолиятини яхшилаш орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг тиббий хизматлардан кенгроқ фойдаланишига имкон яратишга қаратилмоқда.

Тиббиёт соҳасига эътиборнинг кучайганини давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг йилдан-йилга ошиб бораётганида ҳам кўришимиз мумкин. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимига давлат бюджетидан 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 40 фоизга кўп маблағ ажратилган бўлса, 2019 йил учун ўтган йилга нисбатан қарийб 30 фоизга кўп бюджет маблағлари йўналтирилди.

Шунга қарамасдан, бугунги кунда биз депутатлар ҳудудларда ўтказаётган учрашувлар ҳамда ўрганишларимиз шуни кўрсатмоқдаки, юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳали талайгина муаммолар ўз ечимини кутиб турибди.

Хусусан, ҳозирда тиббиёт муассасаларининг фаолиятини янада тизимли йўлга қўйишда, қоғозбозлик ва расмиятчиликка барҳам беришда муҳим аҳамият касб этувчи соғлиқни сақлаш соҳасида ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ва юритиш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасидаги ишлар талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Бу эса, тиббиёт муассасаларида юритиладиган тиббий ҳужжатлар, жумладан, журналлар ҳаддан зиёд кўпайиб кетишига олиб келмоқда. Натижада тиббиёт ходимларининг асосий вақти қоғозбозлик билан шуғулланишга сарфланмоқда.

Ушбу масаладаги оқсоқлик ва сусткашликлар туфайли бугунги замоннинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланган “телетиббиёт”, “Электрон поликлиника” каби автоматлаштирилган тизимлар бўйича ишлар жуда секин кетмоқда.

Энг хавотирлиси, тиббий хизматнинг интеграциясини ва самарали бошқарилишини таъминлайдиган замонавий дастурий маҳсулотлар жорий этилмагани, ягона стандартлар мавжуд эмаслиги, мавжуд ахборот тизимлари ва технологиялари тарқоқ тусга эга ва тор йўналишларга мўлжалланганидир.

Жойларда электрон ҳужжат айланишини жорий қилиш орқали иш жараёнини мақбуллаштириш, узоқ масофадан туриб навбат олиш каби масалаларга етарлича эътибор қаратилмаяпти.

Шунингдек, 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепциясида ахборот-коммуникация технологиялари ва «электрон соғлиқни сақлаш»ни кенг жорий этиш белгиланган бўлса-да, бироқ бу борадаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган.

Шу мақсадда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тизимдаги тиббиёт муассасаларини аввало компьютер техникаси билан жиҳозланиши лозимдир. Шунингдек, соҳада ахборот алмашинувини таъминлаш учун муассасаларни оптик толали тармоқ билан таъминлаш, ягона интернет тармоғига улаш, электрон дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиниши каби вазифаларни сифатли, ўз вақтида бажариши зарур, деб биламиз.

Халқимизни тиббиётдан рози қилишнинг аниқ йўлларидан бири, фуқароларимиз эртага эмас, бугун бахтли, фаровон яшашини таъминлашнинг чораларидан бири — шу.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Манба: parliament.gov.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+