Адолат – ислоҳотларимиз асоси

05.09.2019 14:09:09

Бу ёруғ оламда инсон учун Ватан қанчалик муқаддас бўлса, унинг мустақиллигини асраб-авайлаш, шу озод юрт тинчлиги учун курашиш, равнақи йўлида меҳнат қилиш шарафдир.

Бу йил жонажон Ўзбекистонимиз истиқлолга эришганига 28 йил тўлди. Аслида истиқлол фақат байрам куни эсланадиган тушунча эмас, аммо айни шу қутлуғ кунда ота-боболаримиз асрлар мобайнида орзу қилган, катта машаққатлар билан эришилган истиқлолимизнинг қадрига етиш, унга муносиб бўлишдек ватанпарварлик туйғулари қалбимизда ҳар доимгидан-да кўпроқ жўш ураётгани рост.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида айтилган сўзлар барчамизни яна бир бор таъсирлантирди.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, мард ва матонатли халқимиз қанчалик қийин ва оғир синовларга дуч келмасин, ўзининг мустаҳкам иродасини намоён этиб, ўзи танлаб олган мустақиллик йўлига доимо содиқ бўлиб келмоқда.

Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Мамлакатимизни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам бугун барчамиз Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтариш йўлида биргина сўнгги уч йил ичида қанчалик катта ўзгаришларга қўл урилганига ўз ҳаётимиздаги ижобий янгиланишлар мисолида кўриб турибмиз. Юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришлар ягона, улуғ бир мақсадга – халқимизни рози қилиш, ватандошларимизнинг ишончини оқлаш, оғирини енгил қилишга қаратилганини чуқур ҳис қилмоқдамиз.

Айниқса, юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати халқимиз томонидан улуғланиши баробарида халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Кейинги уч йилда етти марта афв эълон қилиниб, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 4 мингга яқин маҳбус жазони ўташ жойларидан озод этилгани, мустақиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колонияси ёпилгани ана шундай инсонпарвар сиёсатнинг яна бир ифодаси бўлди.

Кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган яна бир энг асосий янгиланишлардан бири бу халқ билан мулоқот давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, жамиятимизда очиқлик ва эркинлик муҳити тобора кучайиб бораётганидир. “Халқимиз давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу тамойил бугун ҳаётимизда амалий ифодасини топишга улгурганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Халқ билан давлат идоралари ўртасида йўлга қўйилган очиқ, самимий мулоқотлар асосида аҳолини ўйлантираётган кўпгина мураккаб, муҳим масалалар ижобий ҳал қилинмоқда. Ва бу одамларимиз қалбида келажакка ишонч уйғотиб, уларни янги, улкан марралар сари руҳлантираётгани айни ҳақиқатдир.

Давлатимиз раҳбарининг байрам табригида янграган “Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди.

Биз мана шу ёруғ кунлар учун курашиб, жон фидо этган ота-боболаримизнинг ҳаққи-ҳурмати, 33 миллионлик халқимизнинг ҳаққи-ҳурмати, бизга умид ва ишонч кўзи билан боқиб турган болаларимиз, набираларимизнинг ҳаққи-ҳурмати – мустақиллик ва истиқлол йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз!

Ўз мақсадларимизга албатта етамиз – келажаги буюк Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этамиз!” деган даъваткор фикр барчамизни олдимизга қўйилган ушбу улуғ мақсадлар сари олға интилишга ундайди.

Айниқса, мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтадиган жорий йилда биз сиёсий партия вакиллари зиммасида янада катта масъулият турганини чуқур ҳис қилмоғимиз лозим. Зеро, бу сайловлар бутун халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг орзу-интилишларини ифода этиб, улар учун янги имкониятлар очиб беришига шубҳа йўқ.

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари

Улашинг!