“Адолат” сайловолди дастуридаги таклиф Президент фармонида ўз аксини топди

27.04.2020 11:04:00

Таъкидлаш жоизки, муҳтарам юрбошимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланган илк кунларидан бошлаб Ўзбекистон тарихида давлат сиёсатининг тамомила янгича ёндошувга асосланган даврига асос солинди.

Мазкур сиёсатнинг бош мақсади - ҳар бир ислоҳотларнинг негизида инсон, яъни фуқароларимизнинг манфаатлари ифода этиши лозимлиги белгилаб берилди.

Шу аснода қабул қилинаётган ҳар бир қонун ҳужжатларидаги ғоя ва мақсад халқимиз турмуш даражасини ошириш, фуқароларимизга енгиллик ва янада эркинлик бериш билан бирга, уларнинг Конституциямизда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини руёбга чиқариш борасида амалий ва ҳаётий натижадорликка эришишга қаратилмоқда.

Юқорида қайд этилган жараённинг муҳим бир ўзаги бу - қабул қилиниши режалаштиртлаётган ҳар қайси қонун ҳужжатлари аввал ҳалқимиз ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, билдирилган фикр ва таклифларни инобатга олган ҳолда қабул қилинишидир.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида мазкур масалада ислоҳотларни амалга ошириш кераклиги ҳақида фикр билдириб,
“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида ҳам бу масала жуда кўп бахс ва мунозараларга сабаб бўлди.

Жорий йилнинг 22 апрель куни Президентимиз томонидан имзоланган “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ҳам ҳалқимизни узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган дардга малҳам бўлди, десак тўғри бўлади.

  Мазкур Фармон фуқароларимизни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий рўйҳатга қўйиш борасидаги хозирги кунга қадар ҳукм суриб келган бюрократияга барҳам бериш билан бирга, бу жараённи рақамлаштириш учун ҳуқуқий асос бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисдаги “Адолат” СДП фракцияси учун ҳам бу муҳим ва қувончли янгилик бўлди. Сабаби партиямиз сайловолди дастурида прописка тизимини ислоҳ қилиш масаласи илгари сурилган ва бу борада амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан бир нечта таклифлар берилган бўлиб, мазкур таклифларнинг аксарият қисми мазкур Фармонда ўз аксини топди.

  Фармон илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар доимий яшаш учун тегишинча қайтиб келганида, уларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳеч қандай тўсиқларсиз доимий яшаш жойи бўйича қайта рўйхатга олиш белгилаб берилгани, бу борада айрим тушунмовчиликларга барҳам берди. Бу эса ўз навбатида фуқароларни Республикамиз бошқа ҳудудларга прописка хавотирисиз ишлаш ва яшаш учун имкон яратиш билан бирга ҳудудлардаги урбанизация жараёнига ижобий таъсир қилади.

Яна бир муҳим жиҳат республиканинг бошқа ҳудудларида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, уч йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш тартибини бекор қилиниши эса хозирда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида барпо этилаётган янги уйларни нарҳи пасайишига, рақобат муҳитининг ошишига ва бу фаолият борасида хорижий инвестицияларни янада кўпроқ жалб этишга замин бўлади.

Хозирги кунда ҳар қандай секторда замонавий ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланиш ҳаётий заруратга айланмоқда. Шу аснода Фармон билан фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш борасида эскирган тизимга барҳам бериш билан бирга, рақамли технологияга асосланган янги тизимни яратиш ва ушбу жараёнга алоқадор бўлган давлат органларини интеграция қилиниши бўйича тегишли вазифалар юклатилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “ягона дарча” тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини “Манзил” тизими орқали доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш белгиланиб, ушбу жараён Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 2020 йил 1 сентябрдан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади. Ушбу тизимни “ягона дарча” тамойили асосида тўлиқ ишлашини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва бошқа давлат қўмиталари ва вазирликларга “Манзил” тизимига интеграция қилиш топширилди.

Албатта, бундай янги тизим яратилиши мазкур жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш билан биргаликда ушу жараёнда фуқароларимизнинг вақти тежалиши ва коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

“Адолат” СДП Президентимиз томонидан мазкур Фармон чиқарилиши мамлакатимизда олиб борилаётган халқпарварлик сиёсатининг ёрқин ҳаётий ифодаси бўлиб, фракциямиз аъзолари мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятини жойларда кенг жамоатчиликка етказиш билан бир қаторда бу борадаги ислоҳотларни яна давом этиши учун ўз депутатлик гуруҳлари ваколатларидан кенг фойдаланади.  

Дилмурод ИСМОИЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+