“Адолат” СДП фракциясидан онлайн дарсларни ташкил этиш бўйича таклифлар

13.04.2020 16:04:59

 

Аввал хабар берилганидек, Халқ таълими вазирлиги чорловига жавобан, “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг бир гуруҳи илмий-услубий жиҳатдан онлайн дарсларни тайёрлаш жараёнига ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдириб ўтгандилар. “Адолат” СДП фракция аъзолари аввало Халқ таълими вазирлигини телевидение орқали қисқа вақт оралиғида МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб 3 та тилда инклюзив (сурдотаржима билан) онлайн дарсларни йўлга қўйганини юқори баҳолайди ва кўп сонли ўқувчилар, уларнинг ота-оналар номидан миннатдорчилик билдиради.

“Адолат” СДП фракция аъзолари ўз сайловчилари билан мунтазам равишда ижтимоий тармоқлар орқали мулоқотни йўлга қўйганлар. Бу эса уларга электорат фикрини, кундалик ўй-ташвиши, муаммоларни ўрганиш, муҳокама қилиш ва муаммоларни ечиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун имкониятлар яратади.

Жумладан, Қўқон шаҳридаги мактаб ўқувчиларининг ота-оналари билан ижтимоий тармоқлар орқали ўтказилган сўровнома, ҳамда бевосита телефон орқали мурожаатларини таҳлил этган ҳолда таълим сифатини янада ошириш учун Халқ таълими вазирлигига видеодарсларни ташкил этишда қуйидаги таклифлар берилмоқда.

Биринчидан, аҳолининг турли тоифаларида турли ўлчамдаги телевизорлар бўлганлиги, экраннинг асосий қисмида ўқитувчи кўрсатилаётганлиги сабабли, аниқ фанлардан ташкил этилаётган видеодарсларда кўрсатилаётган маълумотларни (айниқса формулаларни) ҳар доим ҳам яхши сифатда кўриш имконияти пасайиб кетмоқда. Кузатув ва таҳлилларга асосланган ҳолда берилаётган таклиф – дарс ўтаётган ўқитувчини фақатгина дарс бошида, мавзу билан бирга намойиш этиш, қолган вақт сурдотаржимани қолдирган ҳолда доскани катталаштириб кўрсатиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Иккинчидан, телевидение орқали узатилаётган дарсларда карантиндан аввал ўтилаётган дарсларнинг мантиқий давоми бўлган дарслар ўрнига, янги бўлимдан дарс ўтиш ҳолатлари кузатилган. Бу эса ўқувчиларни айнан шу чоракда ўтилиши керак бўлган дарсларни тўлиқ ўзлаштирмасдан янги мавзуларни ўрганишларида бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқарган. Мавзулар узвийлиги таъминланмаганлиги сабабидан ота-оналар бу вазиятни ўзларининг имкониятлари даражасида қолдирилган дарсларни мустақил ўргатиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Афсуски, барча ота-оналар бу борада мутахассис бўлмаганлари, мактабни тамомлаганларига кўп йиллар бўлганлиги сабабли бу борада турли хил тўсиқларга дуч келмоқдалар. Мактаб ўқитувчилари томонидан ўртадаги тафовутни бартараф этиш мақсадида ижтимоий тармоқлар орқали қўшимча вазифалар берилмоқда. Берилган вазифаларни бажарилиши назоратга олинмоқда. Ўқувчи ёшлар бир вақтнинг ўзида видеодарсларни ҳамда ижтимоий тармоқларда берилган вазифаларни бажариши талаб этилмоқда. Кузатув ва таҳлилларга асосланган ҳолда берилаётган таклиф – янги олиниши режалаштирилаётган видеодарсларни тасдиқланган режа бўйича, ўқувчилар карантиндан аввал бошлаган мавзулар билан узвий боғлиқлигини таъминлаш зарур. Бу эса ўқувчиларда дарсларни ўзлаштириш сифатини ошишига ва уларни толиқиб қолмасликларига олиб келади.

Учинчидан, видеодарслар давомида берилаётган топшириқларни ечиш учун берилаётган қисқа вақт давомида барча ўқувчилар берилган вазифани бажаришга ўлгурмаётганлиги таъкидланди. Шунингдек, дарслар учун мўлжалланган эфир вақти тиғизли сабабли, дарсларни сўнггида вазифаларни ёзиб олишга барча ўқувчилар улгура олмаётганликлари таъкидланмоқда. Кузатув ва таҳлилларга асосланган ҳолда берилаётган таклиф - вазифаларни, дарс сўнггида кўчириб олиш учун кўпроқ вақт ажратиш зарур. Дарслар сўнггида берилаётган вазифаларни алоҳида яна такроран эфирга узатишни йўлга қўйиш имкониятлари қайтадан кўриб чиқиш зарур.  

Тўртинчидан, баъзи оилаларда турли хил ёшдаги ўқувчилар учун видеодарслар бир вақтда эфирга узатилиши сабабли, дарсларни барча ўқувчилар учун юқори даражада ўзлаштиришга салбий таъсир кўрсатмоқда. Кузатув ва таҳлилларга асосланган ҳолда берилаётган таклиф - видеодарсларни куннинг иккинчи ярмида такроран эфирга узатишни йўлга қўйиш, шунингдек видео дарсларни такроран кунма-кун саналари ва фанлар бўйича ажратган ҳолатда Mediabay, ҳамда аҳоли орасида кенг қўлланиладиган ижтимоий тармоқларга юклаб бориш тавсия этилади.

Юқорида келтириб ўтилган таклифлар тавсиявий бўлиб,  Халқ таълими вазирлиги томонидан йўлга қўйилган ишларнинг самарадорлиги янада ошириш, мамлакатимизнинг 6.1 млн ўқувчи ёшларига карантин вақтида сифатли билим беришга қаратилган.

Видеодарслар юзасидан ижтимоий тармоқлар орқали фақатгина қилинган танқид муаммони бартараф этишга олиб келмайди. Ҳозирги синовли кунларда барчамиз бирлашиб, бир-биримизнинг камчиликларимизни тўлдириб, мақсадга интилсак келажагимиз бўлган ёш авлодни юқори сифатли таълим олишига ўз ҳиссамизни қўшишган бўламиз. 

“Адолат” СДП фракция аъзолари педагоглар, таълим соҳасига бефарқ бўлмаган аҳоли вакиллари, мактаб ўқувчиларининг ота-оналаридан онлайн дарсларни ташкил этиш юзасидан аниқ таклиф ва тавсияларни кутиб қолади.

 

Муҳаммад ВАЛИЕВ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+