“Адолат” СДП таассуфда: Нега айрим депутатлар тиббиётчиларни тажовуздан ҳимояловчи қонун лойиҳасига қарши?

11.10.2019 11:10:46

Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанаётган беморнинг ўғли шифокорининг қўлини боғлаб, устидан бензин қуйиб юборса...

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туман тиббиёт бирлашмасида даволанаётган беморнинг қариндошлари ўзининг касб мажбуриятларини бажараётган тиббиёт ходимини ҳақорат қилиб, уни аёвсиз калтакласа…

Тошкентда тез тиббий ёрдам шифокорига нисбатан беморнинг яқинлари тажовуз қилса…

Сирдарёда бемор боланинг отаси икки нафар шифокорни пичоқлаб, тан жароҳати етказса....

Депутат бундай холатларга кўз юма оладими? Фуқароларга хизмат қилишга бел боғлаган депутатлар шифокорлар ҳам халқнинг бир вакили эканлигини ва унинг ҳам оиласи борлигини соҳага доир ҳар бир хужжат қабул қилаётганда ҳис этади ва шу нуқтаи назардан ёндашади.

Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига мувофиқ “Адолат” СДП фракцияси депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ касбий фаолиятини амалга ошираётган тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва Қонунчилик палатасига киритилди.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда қабул қилиш бўйича овозга қўйилди, натижада:

Тарафдорлар – 87 нафар.

Қаршилар – 8 нафар.

Бетарафлар – 5 нафар.

Овоз бермаганлар – 1 нафар бўлди.

Хўш, бу рақамлардан нимлар тушинилади?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ Қонунчилик палатасининг мажлисларида қонун лойиҳасини овозга қўйиш чоғида депутатлар умумий сонининг ярмидан кўпи уни ёқлаб овоз берса, мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган ҳисобланиши алоҳида норма сифатида белгилаб қўйилган.

Юқоридаги рақамлар эса – жамият учун муҳум ва тиббиёт ходимларининг ҳимоясига қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилингани англатади.

Лойиҳа камчиликлардан ҳоли эмас, лекин уни янада такомиллаштириш ва маромига етказиш, касбий фаолиятини бажараётган соҳа жонкуярларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий қонунчилигимизда нормалар яратиш куннинг муҳим талабидир. Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлашда таклиф ва тавсияларни ҳар томонлама кўриб чиқиш, қонун ижодкорлиги билан шуғулланаётган профессионал мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаш бўйича жараёнлар бошлаб юборилди.

Ушбу қонун лойиҳасида ўз хизмат вазифасини олиб бораётган тиббиёт ходимларига тажовуз қилган шахсларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда.

Айтингчи, инсонлар соғлигини ва ҳаётини сақлашдек оғир, ўта масъулиятли  ишга бел боғлаб, ҳатто ярим тунлари ҳам ҳаловатидан кечиб, тиббий ёрдам кўрсатишга шайланган фидойи касб эгаларига нисбатан бундай тажовузкорона муносабатда бўлиниши адолатданми? Бу биринчи навбатда, бизнинг ҳуқуқий демократик давлатимиз принципларига мутлақо мос келмайдиган ходиса-ку.

Ахир беморларга тиббий хизмат кўрсатиб, “эвазига” калтакланса, пичоқланса, тажовужга учраса, умуман, ҳаётига хавф туғилса, ким ҳам шифокор бўлиб ишлагиси келади? 

 

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

 

Улашинг!