“Адолат” СДПнинг яна бир таклифи инобатга олинди

28.03.2020 13:03:22

Асосий электорати сафига тиббиёт ходимларини киритган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлари коронавирус пандемияси пайти шифокорлар маошини ошириш таклифи билан чиққан эди. Албатта, бу асосли ташаббус. Зеро, шифокорларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати бугунги вазиятда янада юқори босқичга кўтарилди. Тиббиёт ходимлари нафақат бу хасталикка чалинган беморлар, балки миллиардлаб соғлом инсонлар саломатлиги ва ҳаёти учун курашмоқдалар.

Куни кеча “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президент Қарори имзоланди.

Унга кўра коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган; зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди:

врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм;

ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга – 15 миллион сўм;

кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм;

бошқа ходимларга – 5 миллион сўм.

Махсус тўловлар карантин амал қиладиган муддат давомида, шу жумладан жорий йилнинг март ойи учун, ходимнинг  ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилади.

Шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси  юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўм;

коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига эса 250 миллион сўм миқдорида бир марталик тўловлар тўланади.

Тиббиёт ходимларининг залворли фаолиятларида янада улкан сабр-матонат тилаймиз. Ҳар бир шифокор меҳнатлари мевасини кўрсин! Бинобарин, улар учун энг катта мукофот - дарддан соғайган ва коронавирусни енгиб, омон қолган инсонлардир! Биз сизларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз!

Шуҳрат ПОЛВАНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Коррупцияга қарши курашиш ва

суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+