Акмал Бурҳонов: Синовли кунларда ҳамжиҳатлик талаб этилади

17.04.2020 16:04:13

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар жуда муҳим ҳисобланади. Айниқса, пандемия оқибатида дунёда очарчилик билан қийналаётган аҳоли сони 2 баробарга ошиб, 1,6 миллиардга етиши ва бу борада 34 миллионлик ҳалқимизни боқиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида бу йил “катта синовлар ва кенг имкониятлар йили” бўлиши таъкидланди. Бир қатор устувор вазифалар белгиланди. Уларни амалга ошириш учун мутасадди раҳбарлар, вазирлик ва идоралар, энг асосийси, меҳнаткаш халқимиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши лозимлигига урғу берилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли турмушини яхшилаш бўйича белгиланган вазифаларнинг уддасидан чиқиш барчамиздан машаққатли меҳнатни талаб қилади. Энг муҳими бу йўлда ҳеч биримиз четда қолишимиз керак эмас.

Давлатимиз раҳбари томонидан келтирилган рақамларга мурожаат қилсак, кўрилаётган чоралар халқимиз учун нақадар муҳимлигини англаш мумкин. Хусусан, бу йилда 124 минг гектар ишловдан чиққан ҳамда 155 минг гектар лалми ерларни ўзлаштириш бўйича вазифалар белгиланди. Бунинг учун 300 миллиард сўм маблағлар ажратилиши ҳамда ўзлаштирилган ерлар аҳолига 3 йиллик имтиёзли давр билан, 7 йилгача лизинг асосида берилиши, шунингдек, уларнинг ижара ҳуқуқи 5-10 йилга сотилиши белгиланди.

Шу билан бирга, уруғлик ва минерал ўғитлар таъминоти борасида чартер рейслар ташкил этилиб, марказлашган ҳолда етказиб берилади. Шунингдек, 55 та туманда махсус ўғит дўконлари ташкил этилади. Қолаверса, мева-сабзовот етиштиришни рағбатлантириш бўйича кластерларга айланма маблағлар учун 258 миллиард сўм кредит ажратилишидан ташқари ЖАЙКА ва Жаҳон банкининг жами 700 миллион доллар кредит линияларини жалб қилиш вазифалари юклатилди.

Мева-сабзавот экспортини рағбатлантириш йўналишида автотранспорт юк ташиш харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш муҳим қарорлардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, аҳолини сифатли чорвачилик ва паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича республикада 70 та саноат озуқа корхонасини ишга тушириш, 38 минг гектар лалми ва яйлов ерларни тўлиқ ўзлаштириш, кооперация асосида хонадонларда 500 бош парранда боқиш тажрибасини кенг жорий қилиш ва унда иштирок этадиган ҳар бир оилага қўшимча 500 минг сўмдан рағбатлантирувчи тўловларни амалга ошириш бўйича ишлар амалга оширилади.

Ҳозирги шароитда халқимиз иммунитетини мустаҳкамлаш жуда муҳим саналади. Ушбу жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу борада балиқ етиштиришни камида 350 минг тоннага етказиш ҳамда асал ишлаб чиқариш ҳажмини 5 баробарга ошириш бўйича вазифалар белгиланди.

Юқорида келтирилган рақамлар шунчаки статистика эмас, балки улар бизнинг эртанги кунимиз, халқимиз ва фарзандларимиз ризқи эканлигини чуқур ангашимиз керак. Бугунги синовли кунларда ўзимизнинг ҳалол меҳнатимиз, сабр-бардошимизни кўрсатадиган вақт келди. Азиз юртдошлар бу синовли кунларда барчангизни ҳамжиҳатликка чақирамиз!

 

Акмал БУРҲОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+