Алишер Махматмуродов: қишлоқ хўжалиги соҳасидаги самарали ислоҳотлар

09.07.2019 09:07:22

Ер ва сув халқнинг энг асосий ҳамда бебаҳо бойлиги, битмас-туганмас мулки ҳисобланади. Улар, айниқса, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг асосини ташкил этади.

Республикамиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашда, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлароқ қондиришда қишлоқ хўжалигининг бундан кейинги тараққиёти, тупроқдан унумли ва оқилона фойдаланишга боғлиқ ва муҳим аҳамиятига эга.

Республикамиз шароитида суғориладиган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг унумдорлигини яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосили ва сифатини ошириш – ерларнинг мелиоратив ҳолатига бевосита боғлиқ жараён ҳисобланади. Шу сабабли республиканинг, Ўзбекистон халқининг келажаги кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш муносабатлари қандай ташкил этилишига боғлиқ.

Шу боис, муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва раҳбарлигида мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш, уни замонавийлаштириш, сувдан самарали ва тежамли фойдаланишни йўлга қўйиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш каби долзарб масалаларни ўз ичига қамраб олган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Фармони ҳам соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур ҳужжатда, қишлоқ хўжалиги ерларидан нооқилона фойдаланиш оқибатида тупроқ унумдорлигининг ва экинлар ҳосилдорлигининг пасайиши, қишлоқ хўжалигида ўртача йиллик сув сарфининг ўта юқорилиги, ирригация ва мелиорация тадбирлари учун тўғридан-тўғри инвестицияларни, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жалб қилиш масаласига эътибор қаратилмаётганлиги каби ҳолатларнинг сабаблари ва салбий таъсири атрофлича таҳлил қилиб берилган.

Уларни бартараф этиш бўйича 5 та асосий йўналишларни амалга ошириш орқали қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳамда сув ва гидроиншоотлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилигини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва сотиш, логистика ва маркетинг тизимларини ривожлантириш ҳамда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишда илм-фан ва амалиёт интеграциясини жадаллаштириш назарда тутилмоқда.

Республикада йиллар давомида ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма- босқич қайта фойдаланишга киритиш, ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда ички ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали сув йўқотилишини камайтириш, шунингдек, бу ишларда салоҳиятли инвесторлар иштирокини таъминлаш мақсадида Фармонда қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб  амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

Концепцияни амалга ошириш доирасида ирригация-мелиорация тармоқларини тиклаш, реконструкция қилиш, сув тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда сувсизликка чидамли экинларни экиш орқали фойдаланишга киритиш учун инвестициявий шартнома ёки давлат- хусусий шериклик асосида 50 йилгача бўлган муддатга қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ерлар, шунингдек, лалми ва ўрмон фонди ерлари - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига, яйлов, бўз, кўп йиллик дарахтзорлар ва бошқа ерлар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, қишлоқ хўжалиги корхоналарига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган инвесторларга берилиши белгиланган.

Фармонда қайд этилганидек, Инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар бир гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ харажатларнинг  50 фоизи, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг  50 баробаридан ошмаган қисми қоплаб берилади.

Шунингдек Фармон билан, қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда фойдаланиш учун олиб қўйиладиган суғориладиган ерлар учун компенсация тўлови, олиб қўйилаётган ер майдонлари жойлашган жойларни ҳисобга олувчи коэффициентлар қўлланилмаган ҳолда, худди шундай янги ерларни ўзлаштириш учун талаб этиладиган маблағнинг 10 баробари, лалми ерлар ва суғорилмайдиган кўп йиллик дарахтзорлар эгаллаган ерлар, пичанзорлар ва яйловлар ҳолатини тубдан яхшилаш билан боғлиқ харажатларнинг 20 баробари миқдорида ҳисобланади.

Фармон билан 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича амалга ошириладиган
чора-тадбирларнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланиб, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни босқичма-босқич фойдаланишга киритиш, ер ости суви ва бошқа сув манбаларидан фойдаланиш, лалми, яйлов ва бошқа ерларга сув талаб қилмайдиган экин турларини жойлаштириш ҳамда ўрмон ерларини фойдаланишга киритиш ҳисобига республика бўйича жами 1 млн. 112 минг гектарга яқин ер майдонлар қайта тикланиб фойдаланишга киритилади.

Маълумки, бугунги кунда нафақат бир мамлакатда балки, ер юзида аҳолини сифатли ва экологик соф қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Бунинг учун эса энг, аввало, ердан унумли фойдаланиш, суғориш иншоотларини янгилаш, мева-сабзавот етиштиришни янада кўпайтириш, уни сифатли тарзда аҳолига етказиш ва экспорт қилиш каби жиҳатларга жиддий эътибор қаратиш лозим.

Энг муҳими, ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юртимиздаги қайта ишлаш корхоналарини хом ашё ресурслари билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол бозорини йил давомида сабзавотлар, картошка, мева ҳамда полиз маҳсулотлари билан барқарор тўлдириб бориш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш соҳасида хизмат кўрсатаётган фермерлар, қишлоқ хўжалиги корхоналари, маркетинг ҳамда бошқа инфратузилма ташкилотларини рағбатлантириш баробарида, экспорт бўйича соҳада мавжуд имкониятларни янада юксалтиради.

Ушбу Фармонда амалга оширилиши кўзда тутилган ислоҳотлар партиянинг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширилиши учун янада қулайлик туғдирди. Зеро “Адолат” СДП ҳам қишлоқ хўжалигини диверсификация қилишни, ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экин майдонлари таркибини янада юқори даромад келтирадиган озиқ-овқат экинлари майдонларини кенгайтириш ҳисобидан такомиллаштириш, ҳосилдорлиги паст, рентабелликни таъминламайдиган ерларда пахта экинларини босқичма-босқич камайтириб бориш тарафдоридир.

Алишер МАХМАТМУРОДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+