Асрий қадриятларни абадий тирик сақловчи восита

22.10.2019 21:10:17

Мамлакатимиз ўтмишига назар ташласак, эришган улкан ютуқларимиз билан бирга кўплаб саналар тарихий аҳамият касб этганлигига ҳам гувоҳ бўламиз. Айниқса, халқнинu асрий қадрятларини абадий тирик сақловчи асосий восита ва миллатнинг томирида оқаётган қон дея тариф этиладиган Давлат тилимиз қабул қилинган 21 октябрь биз учун ўзгача санадир. Ушбу кун мана 30 йиллидирки юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланиб келмоқда.

Ушбу сананинг тарихимизда бунданда мустаҳкамроқ ва фахр туйғулари билан мустаҳкамланишига замин яратувчи яна бир асоси кун кеча мустаҳкамланди. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонига кўра, 21 октябрь санаси “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди.

Азим пойтахтимизнинг марказида барпо этилган “Тошкент-Сити” ишбилармонлик марказида қад ростлаган муҳташам “Конгресс-холл” саройининг илк очилиши ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросим билан бошланганлигида ҳам рамзий маъно бор. Сабаби тилимиз мамлактимизнинг янги тарихи, янги тараққиёти, халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг амалий ифодаси бўлмиш бетакрор бунёдкорлик асосларининг яратилишига ҳам хизмат қилмоқда.

Ушбу тантанали маросимда Президентимиз нутқ сўзлаб, ўзбек тили дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири эканлигини, кимда-ким ўзбек тилининг латофати, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни эшитсин деганларида нақадар ҳақ эдилар. Шу маънода, халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятларимизни авлоддан авлодга соф холида сақлаб келаётган тилимизни ҳар қанча улуғласак арзийди.

Фахр билан таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда. Кўплаб чет эл вакиллари ҳам ўзбек тилининг жозибасини ҳис этган ҳолда шу тилда сўзлашга, мулоқот қилишга ҳаракат қилаётгани ҳам алоҳида эътироф этишимиз ўринли.

Албатта, давлат мустақиллигининг асосларидан бири ҳисобланган давлат тилининг мавқеини янада ошириш мақсадида фармон билан бир қатор вазифалар белгиланди. Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Атамалар комиссиясини ташкил этиш, “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини янги таҳрири ҳамда 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастурини ишлаб чиқиш каби ўзбек тилининг тараққиётига хизмат қилувчи ташкилий ва ҳуқуқий чоралар шулар жумласидандир.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, биз ўзлигимизни сақлаб қолиш учун энг аввало тилимизни софлигича авлоддан авлодга ўтишини таъминлашимиз зарурдир. Шунингдек, унинг замон билан ҳамнафас тарзда ривожланиши ва бойитилишига хизмат қилишимиз ҳам устувор вазифаларимиздандир.

Наримон УМАРОВ

Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП

фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+