Бастилия — озодлик тимсоли

15.07.2020 17:07:21

Бастилия! Бу сўзни эшитганда беихтиёр Франциянинг шонли ўтмиши кўз ўнгимизда гавдаланади. Кўпчилигимиз Бастилия қалъаси қамоқхона бўлганини яхши биламиз. Қалъа 1382 йилда Парижни душмандан муҳофаза қилиш иншооти сифатида қурилган эди. Бироқ кейинчалик давлатга хиёнат қилишда айбланган сиёсий маҳбуслар, қиролликнинг ашаддий душманлари сақланадиган қамоқхонага айлантирилди. Тарихчи олимларнинг қайд этишича, салкам тўрт асрлик тарихи мобайнида мазкур қамоқхонадан саноқли маҳбусларгина озодликка чиқишга муваффақ бўлишган.

1789 йилда Парижда мустабид қирол ҳокимиятига қарши инқилобий ҳаракатлар авж олди. 14 июль куни инқилобчилар Бастилия қамоқхонасини ишғол қилдилар. Шундан сўнг инқилоб бутун мамлакатга ёйилиб, тез орада қирол ва унинг ҳокимияти ағдариб ташланди. 1791 йилда эса Бастилия қалъаси бутунлай бузиб ташланди. Қалъа тошларидан Бастилиянинг кичик макети ва Сена дарёси устидаги Конкорд кўпригини қуришда фойдаланилди.

Шу тариқа Буюк Француз инқилоби Бастилияни қамоқхона ва қирол истибдоди рамзи сифатида йўқ қилди. Инқилобдан кейин эса у озодлик тимсолига айланди.

1880 йилдан бошлаб, ҳар йили 14 июль Францияда миллий байрам сифатида нишонлаб келинади. Одатда французлар ушбу санага пухта тайёргарлик кўрадилар. Айёмни нишонлашга 13 июль оқшомидан бошлаб киришилади. Яъни, турли хил оммавий тадбирлар, халқ сайллари ташкил этилади. Парижнинг барча 20 та туманида уюштириладиган концертлар ва маданий дастурларга хоҳлаган одам ташриф буюриши мумкин. Расмий тадбирлар эса анъанавий равишда 14 июль куни эрталаб Республика Президенти иштирокида Париждаги машҳур Елисей майдонларида бўлиб ўтади. Ҳарбий парадда мамлакатнинг барча Қуролли кучлари, шу жумладан, пиёда ва отлиқ армия, денгиз флоти аскарлари ва ҳарбий мусиқачилар, шунингдек, оғир артиллерия ва ҳаво кучлари, жандармлар, шунингдек, полиция ва ўт ўчирувчилар қатнашади.

Шуниси диққатга сазоворки, байрам куни аксарият музей ва театрлар томошабинларга бепул хизмат кўрсатади. Лувр музейи,  Париж операси каби маданият ва санъат масканларининг эшиклари ҳамма учун очиқ бўлади. Кечқурун Марс майдонида оммавий сайл жуда таъсирли ва улуғвор салют билан якун топади. Эйфел минораси узра ранг-баранг салют Париж осмонида 30 дақиқага чақнаб туради. Йиғилганлар эса бу вақтда Франциянинг миллий мадҳияси — Марсельезани куйлаб туради. Қисқаси, байрам тантаналари кўтаринки руҳда ўтади.

Бастилия қалъасининг ишғол қилиниши Франциянинг миллий байрами бўлишига қарамай, бошқа мамлакатларда ҳам нишонланади. Чунки Бастилиянинг эгалланиши инсоният тарихидаги энг ёрқин ҳодисалардан бири ҳисобланади.

Француз халқининг шундай улуғ айёми арафасида ўзбек-француз алоқаларига ҳам назар ташлаш фойдадан холи эмас, албатта.

Франция мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб, яъни 1992 йил 3 январда эътироф этган ва мана, 28 йилдирки, юртимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Ўтган даври мобайнида мустақил Ўзбекистонда давлатчилик институтларини шакллантириш ва ривожлантиришда биз бир қатор демократик мамлакатлар қатори Франция тажрибасига ҳам ҳар томонлама таяниб иш кўрдик. Чунончи, 1991 — 1992 йилларда мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ишлаб чиқишда француз конституциявий тажрибасининг бир қатор илғор жиҳатлари кенг ўзлаштирилди. Айниқса, Франциянинг 1958 йилда қабул қилинган V-Республика Конституция асосида шаклланган сиёсий тизими ва институтларининг илғор тажрибаларидан унумли фойдаланилди.

Мустақиллик йилларида французлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб бир миллиард доллар сармоя киритди. Жумладан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, «Тошкент» халқаро аэропортига ҳаво навигацияси радарларини ўрнатиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилди.

Ҳозирда икки мамлакат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа соҳаларда кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ушбу алоқалар, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил октябрда Францияга амалга оширган давлат ташрифидан сўнг янги босқичга кўтарилди.

Ўзбек ва француз ишбилармонлари ўртасида туризм, енгил саноат, машинасозлик, атом энергетикаси каби соҳаларда ўзаро ҳамкорликка бўлган интилиш тенденцияси тобора кучайиб бормоқда. 2019 йилда икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айланмаси олдинги йиллардагига нисбатан ошиб, салкам 300 миллион долларни ташкил этди.

Айни чоғда ўзаро муносабатлар ривожида парламентлараро ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон — Франция” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Франция парламентининг қуйи палатаси —  Миллий Ассамблеяда ҳам 2017 йилда “Франция — Марказий Осиё дўстлик гуруҳи” ташкил қилинган. Доимий тарзда фаолият олиб борувчи мазкур дўстлик гуруҳларининг асосий вазифалари сифатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Миллий Ассамблея ўртасида парламентлараро ҳамкорликни изчил ривожлантириш, ўзаро тажриба ва тезкор маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, Ўзбекистон ва Франция ўртасида ўзаро дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш кабиларни санаб ўтиш мумкин.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ва Франциянинг аксарият ички сиёсий ва халқаро глобал муаммоларни ҳал қилиш борасидаги позициялари ҳам бир-бирига анча монанддир. Бунинг тасдиғи сифатида бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Франция раҳбарининг сиёсий ва иқтисодий модернизация, қонун устуворлиги ва одил судловни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳокимият органлари фаолиятини халқ ва давлат манфаатларига хизмат қилишга йўналтиришга оид ислоҳотлар дастурига жуда ўхшашлигини қайд этиш мумкин. Бундан ташқари, икки давлатнинг халқаро сиёсий майдонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан билдираётган муносабати, можароларни тинч йўл билан ҳал этишга бўлган интилиши, мустақил ташқи сиёсат юритиши Ўзбекистон — Франция муносабатларида ўзаро муштараклик мавжудлигидан далолат беради.

 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Ўзбекистон — Франция” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+