Бюджет пулини “туя” қилаётганлар халқнинг давлатга бўлган ишончига путур етказади

11.12.2020 17:12:13

 

Давлат бюджети — халқнинг маблағи. Шу боис, унинг бир сўми ҳам қаттиқ назоратда бўлиши керак.

Мамлакат иқтисодиёти тармоқларини ислоҳ қилиш доирасида иқтисодий ва молиявий статистика маълумотларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, бюджет жараёни очиқлиги ва шаффофлигини оширишнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари 2020 йилдан бошлаб Қонун билан тасдиқланмоқда.

Шу билан бирга, 2019 йилдан бошлаб, бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар ҳам бевосита иштирок этмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилмоқда.

Бюджетлар ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиляпти, «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, шунингдек, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот юзасидан ташқи аудит ва баҳолаш натижалари бўйича хулосалари эълон қилиниб келинмоқда.

Лекин шунча шаффоф тизим яратилаётганига қарамасдан, бюджет маблағларидан ноқонуний харажат этиш, мақсадсиз сарфлаш, уларнинг талон-тарож қилиниши ҳолатлари кескин камайиши ўрнига, ортиб бораётгани жуда таажжубли ҳол.

Бюджет маблағларининг қонуний сарфланишини назорат қилиш учун бир нечта ташкилот фаолият олиб бормоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Давлат молиявий назорати департаменти, бундан ташқари, айрим вазирликларда ички аудит ва молиявий назорат хизматлари ҳам мавжуд.

Президентимиз раҳбарлигида кейинги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш учун барча чоралар кўрилмоқда, ҳамма имконият ишга солинмоқда. Шу жумладан, уларда текширишлар сонини кескин камайтириш мақсадида моратория ҳам эълон қилинган эди. Аммо, бу айнан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар ва хўжалик юритувчи ташкилотларига эълон қилинган, бюджетдан маблағ олувчи ташкилот ва муассасаларига эмас.

Маълумки, Молия вазирлиги қошида Давлат молиявий назорати департаменти бош бошқармасининг асосий вазифаси бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилиб боришдан иборатдир. Мазкур бошқарма зиммасига ушбу вазифани бажариш учун асосан масофавий назоратни олиб бориш, яъни, замонавий ахборот технологиялари, маълумотлар базаси воситасида текшириш объектлари ва мақсадларини аниқлаш йўли билан кам самарали тафтишларни қисқартириш, бюджет ташкилотларини текшириш самарадорлигини ошириш юклатилган.

Шунга кўра, Давлат молиявий назорати департаменти штат бирликларини 46 фоизга (971 та штат бирлигидан 442 таси) қисқартирилган. Бунинг ҳисобига Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача таълим ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари тизимида ички аудит ва молиявий назорат хизматлари ташкил этилган.

Ўз навбатида, штат бирликларининг қисқартирилиши бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича олиб бориладиган назорат тадбирлари сифатига салбий таъсирини кўрсатмоқда. Мисол учун, 2015 йилда  текширишлар сони 25 294 та, аниқланган ноқонуний харажатлар 541,3 млрд.сўм, 2016 йилда 25 038 та, 532,5 млрд. сўмни, 2017 йилда 14 024 та, 423 млрд. сўм, 2018 йилда 6 692 та, 357,1 млрд. сўм ва 2019 йилда 9 825 та, 304,2 млрд. сўм миқдорида  қонунбузилиш ҳолатлари, пул маблағлари, моддий бойликлар камомади ва ўзлаштиришлар аниқланган.

Таҳлиллар ва рақамлар назорат тадбирлари камайган бўлишига қарамасдан, ўртача битта назорат объектида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳамда пул маблағлари, моддий бойликлар камомади ва ўзлаштиришлар йилдан-йилга ортиб борганини кўрсатмоқда.

Мисол учун, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари, пул маблағлари ва моддий бойликлар камомади ҳамда ўзлаштиришлар миқдори ўртача битта ташкилотга 2015 йилда 24 млн. сўм, 2016 йилда — 23,8 млн. сўм, 2017 йилда — 33,5 млн. сўм, яъни, 2015 йилга нисбатан 9.5 млн. сўм (1,4 баробар)га ошган.

2018 йилда 63 млн. сўм бўлиб, 2015 йилга нисбатан 39 млн. сўм (2,6 баробар) га ошган ва 2019 йилда 38,9 млн. сўм, яъни, 2015 йилга нисбатан 14,9 млн. сўм
(1,6 баробар)га ортган.

Ушбу кўрсаткичларни соҳалар кесимида олиб қарасак, аниқ манзара ҳосил бўлади. Жумладан, Халқ таълими ва мактабгача таълим вазирликлари тизимида 2015 йилда 3,3 млн. сўм, 2016 йилда 3,8 млн. сўмни ташкил этган бўлса, 2017 йилда 4,6 млн. сўм, яъни 1.3 млн. сўм (1,4 баробар) га, 2018 йилда 9,8 млн. сўм, 2015 йилган нисбатан 6,5 млн. сўм (3 баробар)га ва 2019 йилда 26 млн. сўм, 2015 йилга нисбатан 22.7 млн. сўм (9 баробар) га ошаган.

Бундай кўрсаткичлар Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари тизимида ҳам, ҳатто, ўзини ўзи бошқариш органларида ҳам учрайди.

Айрим ҳолатларда вазирликларда тузилган ички аудит ва молиявий назорат хизматлари томонидан мавжуд қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаб, чора кўриш учун белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофоза қилиш органларига ўтказиш ўрнига, улар томонидан қонун бузиш ҳолатларини яшириш, бюджет маблағларини мақсадсиз сарфлаш ҳамда ўзлаштирилишига шароит яратиб бериш ҳоллари ҳам учраб тургани ниҳоятда ачинарлидир.

Масалан, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим марказининг Фарғона вилоят бошқармасининг ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан 2018 йил июнь ойида Олтиариқ агросаноат касб-ҳунар коллежининг 2015 йил октябрь ойдан 2018 йил май ойигача бўлган давридаги молия хўжалик фаолияти юзасидан ўтказилган тафтиш натижасида жами 11,2 млн. сўм молиявий хато ва камчиликлар аниқланган, тафтиш ҳужжатлари белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилиши лозим бўлса-да, ушбу чора кўрилмаган. Нима учун, деган саволга жавоб топиш қийин эмас, албатта.

Шундан сўнг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан жойида назорат тадбирлари ўтказилганда, ортиқча штат бирликлари, “ўлик жонлар”, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган харажатларга асоссиз ортиқча тўловлар каби 117,9 млн. сўмлик ноқонуний тўловлар аниқланган.

Тафтиш ва текширишларнинг кескин қисқартирилиши натижасида кейинги йилларда бюджет ташкилотларининг масъул ходимлари ўзаро тил бириктириб,  ҳужжатларни сохталаштириш, ташкилотда умуман ишламаган (“ўлик жон”) фуқаролар номига иш ҳақи ёзиш, иш ҳақини сунъий ошириб кўрсатиш, ўзларининг пластик карталарига ҳамда собиқ ходимлардан олиб қолинган пластик карталарга асоссиз равишда маблағлар ўтказиш йўллари билан бюджет маблағларини ўзлаштираётганлик ҳолатлари кенг тарқалаётгани ташвишлидир.

Мисол учун, 2018-2019 йилларда 15 та касб-ҳунар коллежларида ҳақиқатда ишламаган шахслар номига иш ҳақи ҳисобланиши натижасида 2,7 млрд. сўм бюджет маблағлари муассасаларнинг раҳбар ва бош ҳисобчилари томонидан ўзлаштириб юборилгани аниқланган. Хусусан, Тошкент шаҳар Олмазор тиббиёт коллежи бош ҳисобчиси ва иш ҳақи бўйича ҳисобчиси ўзаро тил бириктириб, коллежда ишламаган, коллеж директорининг тегишли буйруқларига асосан меҳнат шартномалари бекор қилинган, ойлик табелларда исм-шарифи қайд этилмаган ўқитувчилар ва бошқа ходимлар номига ойлик иш ҳақлари, мукофот пуллари ҳисобланиб, бош ҳисобчи томонидан собиқ ходимлардан олиб қолинган банк пластик карталарига маблағ ўтказиш йўли билан 2015-2019 йиллар давомида жами 1,8 млрд. сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилган.

Оққўрғон туманидаги 78-сонли махсус ёрдамчи мактаб интернатининг мудираси, ҳисобчи ва хўжалик мудири ўзаро тил бириктириб, мактабда ҳақиқатда ишламаган фуқаролар номига очилган пластик картага иш ҳақи сифатида 251 млн. сўм, Денов туманидаги 24-сонли умумтаълим мактаби ҳисобчиси мактабда ишламаган ўзининг яқин қариндошлари (хотини, янгаси, амакиси ва тоғаси) номига очилган пластик карталарга бюджет маблағлари ҳисобидан асоссиз равишда 110 млн. сўм маблағни ўтказиб, ўзлаштириб юборган.

Худди шунингдек, Ғузор қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежида 2018 йилда махсус комиссиянинг қарори ва буйруқ қабул қилинмасдан, 10 нафар ходимга (директор, директор ўринбосарлари, ҳисобчилар, ишлаб чиқариш таълим устаси ва ўқитувчилар) асоссиз равишда 442 млн. сўм моддий ёрдам пуллари ўзлаштирилган.

Бир қатор касб-ҳунар коллежларида ходимларнинг иш ҳақларини пластик карталарга ўтказиш рўйхати белгиланган тартибда банк муассасаларига тўғридан-тўғри электрон (онлайн) тарзда юборилмасдан, амалдаги тартибга зид равишда электрон шакл (“флешка”)да олиб бориш йўли билан 353 млн. сўм маблағ ўзлаштирилган.

Зарбдор туман мактабгача таълим бўлимида муассасаларга иш ҳақи тўлов қайдномаларига имзо қўйдирилмасдан, хазинадан нақд пуллар асоссиз чиқим қилиниб, 73,4 млн. сўм камомадга йўл қўйилган бўлса, Шайхонтоҳур туманидаги 197-сонли мактабгача таълим муассасасида 216 млн. сўм нақд пул маблағлари муассаса ҳисоб рақамига кирим қилинмаган.

Бугунги кунда энг долзарб бўлиб турган масалалардан бири ижтимоий муҳофазага муҳтож айрим тоифадаги аҳолимизнинг камбағалликдан чиқаришдир. Ушбу масалага Президентимиз томонидан куюнчаклик билан ёндашилаётган, қатор чоралар кўрилиб, маблағлар ажратилаётган бир пайтда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ана шу бюджет маблағларига кўз тикиш, уларни ноқонуний ўзлаштириш ҳолатларига йўл қўйилаётганини қандай тушуниш, буни ҳазм қилиш мумкин?!

Масалан, Навбаҳор тумани “Қалқон ота” МФЙ котиблари томонидан маҳаллада рўйхатга олинмаган ва умуман мавжуд бўлмаган фуқаролар номига сохта паспортлар нусхаси тайёрланиб, Халқ банки Навбаҳор тумани филиали ходими билан келишган ҳолда, пластик карталарни очиб, 2016-2018 йиллар давомида 43 ҳолатда ижтимоий нафақалар учун ажратилган маблағлардан жами 262 млн. сўм асоссиз ўтказилиб, МФЙ котиблари томонидан ўзлаштириб юборилган.

Албатта, бундай қинғирликларга бош қўшган, хатоликларга йўл қўйганлар, айниқса, масъул ходимлар қонун олдида жавоб бермоқда. 2015-2019 йилларда бюджет маблағларининг сарфланишида бюджет интизомини бузган 3087 нафар ана шундай масъул ходимларга 2 018,0 млн. сўм маъмурий жарима қўлланилган. Бундан ташқари, 2015-2019 йилларда 1 580,6 млрд. сўм миқдоридаги аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш учун 30 135 та назорат тадбирлари ҳужжатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган.

Энди ўйлаб кўринг: 2015 йилда текширишлар сони 25 294 та, аниқланган ноқонуний харажатлар 541,3 млрд. сўм, яъни, ҳар бир текширишда ўртача 21.4 млн. сўм ноқонуний харажат аниқланган. 2019 йилда эса, 9 825 та текширувда  304,2 млрд. сўм, яъни ҳар бир текширишда ўртача 30.9 млн. сўм миқдорида ҳар хил қонунбузилиш ҳолатлари ва пул маблағлари, моддий бойликлар камомади ва ўзлаштиришлар аниқланган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, демак, кейинги беш йил ичида текширишлар сони 2-3 баробар қисқартирилган ва табиийки, кўп ташкилотларда 3-5 йиллардан буён текширишлар ўтказилмаган. Агарда ҳар бир текширишда ўртача салкам 31 млн. сўм ноқонуний харажатлар аниқланса, тахминан 775 млрд. сўм (текширишлар сони ўртача 25000 та Х 31,0 млн. сўм) ноқонуний харажатлар аниқланади.

Тўғри, текширувчи, назоратчи сўзлари ҳеч бир соҳа вакилига ёқмайди. Лекин яқиндагина Бухоро вилоятининг Олот туманида юз берган кучли шамол натижасида намунавий уйларнинг том қисми сифатсиз бажарилгани, шунингдек, Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги Сардоба сув омборида содир бўлган нохуш ҳолатларнинг қайтарилмаслиги учун бюджетдан ажратилган маблағлар аниқ мақсадларга сарфланишини, бажарилган ишларнинг сифат назоратини тизимли равишда олиб бориш, текширишлар мунтазам равишда ўтказилиб турилиши, ажратилган бюджет маблағларининг бир сўмигача ҳисоботлар қаттиқ талаб қилиб борилиши мақсадсиз ва ноқонуний харажатларнинг олдини олишга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ҳали бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларимиз жуда кўп. Шунинг учун, авваламбор, 2020 йил Давлат Дастурида ўрин олган “Давлат молиявий назорати” тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлашни тезлаштириш керак.

Қонун лойиҳасида бир қатор жиҳатларга эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайман. Хусусан, лойиҳага:

- Давлат молиявий назорат департаментини Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўтказишни;

- Вазирлар Маҳкамасининг структуравий тузилмасида Давлат молиявий назорат департаменти бевосита Бош вазирга ҳисобот беришини;

- унинг штат бирлигини бюджетдан маблағ олувчи ташкилот ва муассасалар сонига нисбатан белгилаш бўйича норма киритишни;

- давлат ташқи қарзи бўйича ҳисоботларни мунтазам текшириб бориш ва раҳбариятга таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш нормасини киритишни;

- ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ишлашда Давлат молиявий назорат департаменти ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини алоҳида норма сифатида киритишни;

- бюджет ташкилотларида тафтиш ва текшириш ўтказиш режалари ишлаб чиқилишида ундаги асосий талабларни қонун лойиҳасида акс эттиришни;

- тафтиш ва текширишларни масофавий ҳамда жойига бевосита чиққан ҳолда амалга ошириш учун норма киритишни тавсия этамиз.

Бундан ташқари, айрим вазирликлардаги ички аудит ва молиявий назорат хизматларини, эҳтимол, қисқартириш ҳам керакдир. Сабаби, ўзи шу вазирлик ходими бўлган ҳолда, унинг тизимидаги бюджет ташкилотларида текшириш ўтказиб, аниқланган камчиликларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериши унчалик ҳам ишонарли эмас. Бу мантиқан ҳам тўғри бўлмаса керак.

Давлат бюджетининг тўғри, мақсадли сарфланиши устидан халқ, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада, албатта, халқ вакиллари ҳисобланган депутатлар ҳам фаол иштирок этмоқда, жойларга чиқиб, бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши, уларнинг натижадорлигига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, парламент назоратини олиб бормоқда.

Эндиги гап, назаримизда, парламент ва жамоатчилк назоратини янада кучайтириш, шу орқали давлат бюджетининг ҳар бир суммаси мақсадли сарфланишини таъминлашга эришишда қолди.

 

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

               

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+