Динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш - биз учун муҳим вазифа

25.09.2020 17:09:49

Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида тарихий нутқ сўзлади. Тарихийлиги биринчи навбатда давлат раҳбари дунё минбаридан туриб ўзимизнинг давлат тили - ўзбек тилида нутқ сўзлаганлиги бўлса, иккинчидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарихида биринчи марта бутунлай янги шаклда- коронавирус пандемияси туфайли онлайн мулоқот тартибида бўлиб ўтганлигидир.

Хусусан, Шавкат Мирзиёев ўз нутқида дастлаб бутун дунёни ларзага солган коронавирус пандемиясига тўхталиб, бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаганлиги, бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатганлигини таъкидлади. Ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимини биргаликда яратиш асосий мақсадимиз эканлигини айтиб ўтди. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва ҳалқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозим бўлган пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисида халқаро кодекс ишлаб чиқилиши таклиф этилди.

Шу билан бирга олий минбардан Ўзбекистоннинг туб ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қарори қатъий эканини уч йил муқаддам айтилганлиги таъкидландики, бунинг амалдаги натижаси ўлароқ жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида янги Ўзбекистон шаклланаётганлиги, бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олганлиги айтиб ўтилди.

Ўтган йили парламентга ўтказилган сайловлар аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошганини намойиш этганлиги, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарганлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия қабул қилинганлиги айтилди. Шунингдек, мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланганлиги, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш биз учун муҳим вазифа эканлигини билдирдилар.

Дарҳақиқат, дин эркинлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси амалдаги сиёсатининг устувор вазифаларидан саналади. Шунга кўра, бу борада ислоҳотларнинг олиб борилиши ушбу соҳадаги ҳуқуқий асосларни яратиш ва доимий такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган диний соҳада умумэътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликларни, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистон шароитида динлараро муносабатларни шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олган омилларни инобатга олмаган ҳолда мамлакатимизда яшовчи миллатлар ва элатлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг мувозанатини сақлаб қолиш, уларнинг турли диний эътиқодлари ва ҳис-туйғуларини ҳурмат қилишни таъминлашнинг имкони мавжуд эмас.

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+