Эл соғлиғи учун курашаётганлар рағбатлантирилади

28.05.2020 12:05:16

Бу юртда инсон азиз. Унинг меҳнати эса қадрли қилади. Ўз юрти, халқи учун тер тўкканларни рағбатлантириш, эътироф этиш биз учун қадрият айланиб улгурган. Бежизга халқимизда “Меҳнат инсонни улуғлайди” ибораси авлоддан авлодга ўтиб келмаяпти. Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган “Саломатлик” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Қонуни ҳам бугунимиз қаҳрамонларига айланган шифокорлар меҳнатига муносиб совға бўлди дея оламиз.

Қонунга асосан мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш борасида янги дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий маданиятини юксалтириш, турли касалликларнинг барвақт олдини олиш ва уларни бартараф этиш, чуқур касбий билим ва салоҳиятли малакали кадрларни тайёрлаш ишларига улкан ҳисса қўшган муносиб кишиларни “Саломатлик” ордени билан тақдирлаш кўзда этилган.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги ойлар ичида тиббиёт соҳаси вакилларининг фидокорона меҳнати, пандемия шароитида том маънодаги кураш майдонида касаллик билан яккама-якка “жангга” киришгани, бу жараёнда олий тоифали шифокорлар билан оддий ҳамшира, тиббиёт тизими ходимларининг елкадош, якдил бўлиб эртаю кеч тинмай ишлагани ушбу соҳага ўзгача эътибор, соҳа эгаларига беқиёс ҳурмат ҳиссини уйғотди.

Бу борада, Республика Президенти томонидан соғлиқни сақлаш тизими вакилларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 149 млрд. сўм ажратилганлиги, ўзгалар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз иш жойларида қолганларида уларнинг оила аъзоларига яқиндан ёрдам бериш тўғрисидаги берилган аниқ ва мақсадли кўрсатмалари ҳам ўзбекистонликлар қалбида шифокорлар касбига нисбатан ғурур ва ўзгача шукуҳ бағишлади.

Ўзбекистон “Адолат” СДПсининг сиёсий платформасида ҳам соғлиқни сақлаш тизимига, электоратимиз ҳисобланган мазкур соҳа вакилларининг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясига устувор вазифа сифатида қаралган. Жумладан, партия ўзининг сайловолди дастурида жойларда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини тизимли олиб бориш, бунда мактаблардаги тиббиёт хоналарининг мавжудлиги, уларнинг талаб даражасида фаолият юритишига, тез тиббий ёрдам ҳамда тиббий профилактика хизматлари сифати ва самарадорлигини ошириш, олий таълим муассасаларида тиббиёт соҳаси учун чуқур касбий билим ва юқори интеллектуал салоҳиятга эга замонавий кадрларни тайёрлаш каби масалаларни белгилаган эди.

Мазкур масалалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 24 январдаги Парламентга Мурожаатномасида ҳам ўз аксини топган бўлиб, давлат раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ислоҳотларни қатъият билан давом эттириш, хусусан, шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, халқимиз ўртасида уларга нисбатан ҳурматни ошириш, ушбу касб эгалари учун муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадини кўпайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаш зарурлиги таъкидланган эди.

Таъсис этилаётган “Саломатлик” орденининг аҳамияти шундаки, орден айнан ушбу вазифалар инъикосидир. Бу улар меҳнатининг эътирофи, ўсиб келаётган ёшларнинг тиббиёт соҳаси касби истиқболига ишончи ва интилиши, аҳолининг шифокорлик касбига самимий ҳурматидир.

Курраи заминни ҳам ўйлантириб ҳам шошириб қўйган коронавирус пандемияси даврида республика раҳбариятининг ушбу эътиборни эътироф этганлари ҳали олдинда режалаштирилган мақсадли, тизимли чора-тадбирлар  мавжудлиги, хусусан, ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт муассасасини бошқаришда замонавий менежмент механизмларини жорий этиш, давлат-хусусий шериклик асосида хусусий тиббиётни янада ривожлантириш, соғлом рақобатни кучайтириш, биринчи навбатда, ихтисослашган тиббиёт марказларига хорижий инвесторларни жалб этиш, гематологик ва вирусологик ёрдам сифатини ошириш, бу турдаги даволаш қийин бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатишни тубдан ислоҳ этиш каби долзарб вазифалар ўз ечимини кутаётганлигидан даракдир.

Мухтасар қилиб айтганда, бугун юрт равнақи, Ватан тараққиёти йўлида руҳан ва жисмонан саломат жамият, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган шахслар ва улар фидоийлигини эътироф этувчи мезонлар ҳар қачонгидан  ҳам долзарб. Шу йўлдаги самарали меҳнатларнинг рағбатлантирилиши, жаҳон инқирози палласида оддий саҳоватнинг умуммиллий ҳаракатга айланиши, бир касб эгасининг миллат қаҳрамони даражасига кўтарилиши – фақат кучли давлатларга хос фазилатдир.

 

Гулруҳ Агзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+