Электорати ноаниқ бўлган қоришиқ партия рақамларга ёпишиб олди

28.09.2019 17:09:41

Тан олиб айтаманки, сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби сиёсий жараёнларда ҳам сезиларли ўзгаришлар рўй бермоқда. Бундай ислоҳотларни барчамиз кузатиб, айрим жабҳаларида фаол иштирокчиси ҳам бўляпмиз. Айниқса, халқимизда бу йилги сиёсий жараён-Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар катта қизиқиш уйғотмоқда. Айтиш мумкинки, бугун юртимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партияларнинг сайловчилар муаммоларини ўрганиш борасидаги ижобий фаолиятлари ҳам кўзга ташланмоқда.

Аммо, бу йилги сайловларда ғалаба қозонишни истаган ҳар қандай партия учун бу каби ташаббусларнинг ўзини етарли деб бўлмайди. Чунки бугунги сайловчи бундан беш йил олдинги сайловчи эмас. Бунга биргина жорий йил май ойида маҳалла раислигига (оқсоқолларига) бўлиб ўтган сайловлар ҳам ёрқин мисол бўла олади.

Бугунги сайловчилар янгиланаётган Ўзбекистон тарихи учун сиёсий партиялардан янгидан янги халқимизнинг дилидаги ва тилидаги ғоя ва ташаббусларни илгари суришини кутаётган бир вақтда, айрим сиёсий майдондаги рақибларимизнинг бир бирига кўр-кўрона лой чаплашга ҳаракат қилишлари, электорат ва аъзо талашишлари сайловчиларнинг ҳафсаласини пир қилмоқда. Чунки сиёсий партия нафақат электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, балки халқимиз манфаатини кўзлаб фаолият олиб бориши керак. Чунки Ўзбекистон бугун бешта сиёсий партияларга аъзо бўлган жами 2 157 531 нафар фуқародангина иборат эмас. Сиёсий майдонда ғалабага эришган партия 33 миллиондан ортиқ халқимиз ишончини оқлаш учун фаолият олиб боради. “Миллий тикланиш” ДП расмий нашри бўлган “Миллий тикланиш” ижтимоий-сиёсий газетасининг 2019 йил 25 сентябрдаги 37-сонида “Тадбиркорлар қатлами ЎзЛиДеПни тарк этаяптими?” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган. Мақолада “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан тайёрланган маълумотлар асосида рақобатдош партияларнинг аъзолари сони ортишига шубҳаси борлигини иддао қилишган.

Мазкур мақолада Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП рақобатдош партия аъзоларининг сони кескин ўсганлигига шубҳа қилиши, улар рақамлар кетидан қувиб, аъзолар сонини оширганини, аслида партияга аъзо бўлганлар ўзлари аъзолигидан хабардор эмаслигини таъкидланган.

Шу ўринда партияда фаолият олиб бораётганим учун эмас, “Миллий тикланиш” ДП “байроқ” сифатида илгари сураётган партия аъзоларининг бугунги кунда 46,9 фоизини ташкил этадиган талабаларнинг қандай қилиб партияга аъзо бўлиб қолганликларини билганим учун ўз фикрларимни билдириб ўтишни бурчим, деб билдим. Бинобарин,  қолган партиялар ҳам бир-бирининг аъзолари шахсини аниқлаштириш билан эмас, шахси ва фуқаролиги аниқ бўлган юрдошларимиз манфаати йўлида хизмат қилишини истайман.

Биринчидан, мақолада урғу бериб таъкидлангандек, “Миллий тикланиш” ДП илм-фан аҳли ва зиёли ёшлар партияси бўлса, нега аъзоларининг қариб 46,9 фоизини ёшлар ташкил этадию, зиёлилар атиги 14,3 фоиз? Мен таълим олган олийгоҳда “Миллий тикланиш” ДП фаолларидан бўлган икки факультетнинг ўқитувчиларини биламан. Факультетга қабул қилиниб, ўзи кураторлик сифатида бириктирилган ҳар бир курсни ўқув йилининг бошидан рўйхат бўйича тўлиқ партия аъзолигига қабул қилар эди. Шу боисдан бугунги кунга келиб, партия сафида талаба ёшлар сони сунъий равишда 46,9 фоизга етган. Асосий электоратимиз дея таъкидлаган, мажбурий аъзоликни онгли равишда истамайдиган зиёлилар эса 14,3 фоизни ташкил этмоқда.

Иккинчидан, “Миллий тикланиш” ДП 2014 йилги сайловлардан кейин бугунги кун ҳолатига  аъзолари сони энг кам ўсган партиялардан бири ҳисобланади. Бундан ҳам кўриниб турибдики, бугун партия томонидан кўтариб чиқилаётган ғоя ва ташаббуслар халқимиз манфаатлари учун тўлақонли мос эмас. Бу ҳолатни қолган партиялар аъзолари сони сунъий равишда ўсмоқда деб оқлаш ҳам, менимча адолатдан эмас.

Учинчидан, “Миллий тикланиш” ДП парламентда аъзолари сони жиҳатидан иккинчи ўринда бўлишига қарамасдан, халқимизни ўйлантираётган муаммолар ечимига қаратилган қонунчилик ташаббусида ҳам анчайин ортда.

Тўртинчидан, “Адолат” СДП қайсидир партиялар аъзолари статистикасини таҳлил этиш ўрнига ўз сайловчиларига берган ваъдаларини бажариш борасида ишларни амалга ошириб, қонунчилик ташаббуси, қарор ва фармонларга ўз дастуридаги вазифаларни бажариш учун ҳукуматга таклифлар киритиш орқали йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг тўлақонли ечимига эришиш тарафдоридир.

Амалий ишлар, хусусан, олий таълим муассаларига кириш учун квоталар сонини ошириш, ҳудудларда уларнинг филиалларини очиш, дипломларнинг нострификациясини соддалаштириш, аёлларнинг репродуктив саломатлиги, инсон аъзолари ва тўқималари трансплантанцияси, архивлар фаолиятини такомиллаштириш, мактабгача таълим ҳамда инновацион ривожланиш вазирликларини ташкил этиш каби ташаббуслардир.

Биргина мисол - “Миллий тикланиш” ДП 2014 йилги сайловолди дастурида ҳам Давлат тили масаласидаги муаммоларни илгари сурган эди. Аммо энг ачинарлиси, бу борада бирор ечимга эришиш у ёқда турсин ўша танқидий мақоласини эълон қилган ўз нашрини ҳам лотин алифбосида чоп этаётгани йўқ. Агар 4 саҳифасини лотин алифбосида чоп этишини дастлабки қадам деб билсалар, бу хато. Бу кўнгилга таскин беришдан бошқа нарса эмас. Ваҳоланки, ҳеч бир босма нашрни лотин алифбосида чоп этиш тақиқланмаган.

Бешинчидан, давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишни қайсидир соҳа вакиллари ё бўлмаса маълум бир рақамларни бирлаштириш орқали амалга ошириб бўлмайди. Бунга тарих ҳам гувоҳ. Ғалабага эришишни истаган ҳар бир партия Ватанимиз тараққиёти, фуқароларимизнинг турмуш фаровонлигига рақамлар орқали эмас, амалий ишлар ва халқимиз бирдамлиги орқалигина эришиши мумкин.

Кези келганда айтиб ўтиш жоизки, “Адолат” СДП ўз сафини аъзоларнинг жимжимадор шаклда ўсишига эришишга эмас, фаол аъзоларни бирлаштириш орқали ўз дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишга интилади. Партия томонидан бугунги кунда илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар жамиятнинг қайсидир қатлами манфаатларини эмас, бутун бир халқимизни йиллар давомида ўйлантириб келаётган муаммолар ечимига қаратилган. Булар, биринчи галда халқимизнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун ҳудудларда фаолият кўрсатаётган судларни бирлаштириш. Ҳозирги кунда ҳудудларда ва туман (шаҳар)ларда фуқаролик, жиноий, маъмурий, иқтисодий ишлар бўйича судлар фаолият юритмоқда. Фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича 2 та ёки 3 та туманга битта туманлараро суд фаолият юритмоқда. Амалиётда шундай ҳолатлар ҳам мавжудки, ойлар давомида судда маълум бир иш кўрилади-да ва якунда бизга эмас, бошқа судга таллуқли экан, деб қайтариб юборилади. Табиийки, буларнинг барчаси фуқароларимизнинг сарсонгарчиликларига сабаб бўлмоқда. Партия ташаббуси натижасида фуқаролик, жиноий, маъмурий, иқтисодий ишлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларини бирлаштириш орқали битта маъмурий ҳудудда битта суд идораси ташкил этилади. Натижада фуқароларимизнинг сарсонгарчиликларига чек қўйилади.

Шунингдек, Суд мустақиллигини ҳамда суд жараёнида прокурор ва адвокат ваколатини тенглик принципини таъминлаш борасида, амалдаги қонунлардаги қарама-қарши ҳолатларни бартараф этиш лозим. Мисол учун, амалдаги қонунда прокурорнинг суддан кўрилган ишларни талаб қилиб олиш ва чақириб олиш ваколати белгиланган модда мавжуд.

Ушбу модда, биринчидан прокурорнинг судьядан устунлигини, иккинчидан прокурор ва адвокатнинг тенглик принципи таъминланмаганини кўрсатмоқда. Чунки суддан ишларни прокуратурага олиб келишни талаб қилганда, судья ишларни қўлтиқлаб олиб боряпти. Адвокат эса судга иш билан танишиш ҳақида ариза бериб, натижасини кутади, рухсат берилганда ҳам танишиш учун маълум вақт белгиланади. Прокурор эса вақт чегараланмагани сабабли, иш билан ойлаб танишиши мумкин.

Амалдаги қонунларга асосан иш бўйича прокурор киритган протест суд инстанцияларида, шу жумладан назорат босқичида ҳам тўғридан-тўғри тегишли судлов ҳайъатида кўрилади. Адвокат ва иш бўйича тарафларнинг суд назорат босқичига берган аризаси, аввал судья томонидан ўрганиб чиқилиб, судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақида қарор чиқарилган тақдирда судлов ҳайъатида кўрилади, бўлмаса аризангиз асоссиз деган жавоб хати берилаверади. Натижада фуқароларнинг ҳақли эътирози юзага келади. Партия ўз сайловолди дастурида суд жараёнида прокурор ва адвокатлар ҳуқуқларини тенглаштириш, қонунчиликдаги қарама қаршиликларни тўлақонли бартараф этиш юзасидан ҳам қатор амалий таклифларни илгари сурмоқда.

Республикамизнинг олис ҳудудларида аҳоли билан бўлиб ўтган учрашувларда фуқароларимиз томонидан бугунги кунда олий таълим муассасаларига киришдаги муаммолар, абитурентлар сони ва қабул квоталари ўртасидаги тафовутнинг катталиги, хорижий давлатлардаги сифати кафолатланмаган муассасаларга ёшларимиз оқимининг ортаётгани каби кўплаб фикрлар билдирилди.

Мазкур масалаларни эътиборга олган ҳолда партия экспертлари томонидан тайёрланаётган сайловолди дастурига олий таълим муассасаларига киришни осонлаштириш, олий маълумотлилар сафини кенгайтириш, аммо ўқув жараёнида ҳақиқий билим олишга талабларни кучайтириш каби кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифалар киритилди.

Партия Олий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда 2020 йилдан ҳар бир олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари акс этган норматив ҳужжатларни белгилаш, сиртқи таълим қамровини кенгайтириш, кечки таълим тизимини жорий қилиш ҳамда олис ҳудудлардаги ўқиш иштиёқи бўлган, аммо иқтисодий имконияти чекланган юртдошларимиз учун масофавий таълимни йўлга қўйишга эришади. Натижада, олий таълим муассасалари босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилади, бу эса табиийки контрактлар миқдорини сезиларли камайишига олиб келади.

Бугунги кунда аҳолимизни қийнаётган муаммолардан яна бири- бу жамиятда учраётган коррупция тизимидир. Партия томонидан илгари сурилаётган таклифлар орқали келгуси беш йилликда коррупцияга қарши курашда жамиятда ушбу иллатга нисбатан мутлақо тоқатсизлик ҳуқуқий маданиятини шакллантиришга эришилади. Партия бундай ижобий натижага эришишда энг самарали усул- халқимизнинг фаол фуқаролик позицияси деб билади.

Азалдан халқимиз учун юртимиз тинчлиги ва халқимиз саломатлиги энг улуғ неъматдир. Шу боисдан партия сайловолди дастурида Бош қомусимизда белгилаб берилган бепул малакалий тиббий хизматга тўлақонли эришиш, ҳудудларда зарурий йўналишларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган ихтисослашган тиббиёт марказларининг филлиалларини ташкил этиш, фуқароларнинг саломатликлари борасидаги ҳужжатларини электрон шакллантириш учун “Ақлли тиббиёт” тизимини кенг жорий қилиш, аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётган қалбаки ва самарасиз дори воситалари фаолиятига чек қўйиш ҳамда дори воситаларининг электрон рўйхатини шакллантириб шаҳар ва қишлоқларда бир хил нархда дорилар сотилишига эришиш партия учун энг муҳим йўналишлардан биридир.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, бугунги сайловчилар ўз ҳақ-ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланадиган сайловчилардир. Улар қонунда белгилаб қўйилган ҳуқуқларидан унумли фойдаланган ҳолда қайсидир партияга аъзолиги учун эмас, ўз ҳаёти ва мамлакатимиз келажагини кўра олган партия ғояларини қўллаб-қувватлаб овоз беришади.

Мен рақамлар ортидан қувадиганларни ёқтирмасамда, маълумот ўрнида айтиб ўтишни жоиз топдим. “Миллий тикланиш” ДП бугунги кундаги аъзолари сони аслида 3 та сиёсий партиянинг бирлашиши натижасида ташкил топганини билармикин? Менимча, рақамларга қизиқадиган партия учун бу жуда муҳим. Очиқ ва ошкоралик руҳида бўлиб ўтадиган бу йилги сайловларда сонга қараб эмас, ҳар бир сайловчи овози учун курашадиган сиёсий партиялар билан рақобат қилиш биз учун шарафлидир.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати масъул ходими

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+