Энди ҳаммаси ўзимизга боғлиқ

03.04.2020 19:04:00

Муҳтожлик, мусофирчилик, ҳаётимиздаги турли қийинчиликлар... Буларнинг бари – бир синов. Шу боис доно халқ топиб айтади: “Дўстингни синаб кўрмоқчи бўлсанг, сафарга чиқ ва оч қолганида нонни бўлишга унда, ўшанда билиб оласан унинг кимлигини”.

Мана, бугун ҳам бутун дунё қалқиб турибди. Одамзотнинг ташвиши ортган. Эл бошига иш тушган. Ҳамма “кўринмас ёв” билан курашяпти. Уни даф қилиш учун одамларимиздан кўп нарса сўралаётгани йўқ: эй, барака топгурлар, уйда ўтиринг, тозаликка риоя этинг, ўзингизни эҳтиёт қилинг, дейиляпти, холос.

Аммо, шундай оғир вазиятда кимнинг кимлиги аён бўлмоқда. Баъзилар мамлакатда ўрнатилган вақтинчалик тартиб-интизомга ҳурмат билан қараб, уни қўллаб-қувватламоқда. Айримлар эса, ҳозир карантин, муҳтож қўшним, эҳтиёжманд маҳалладошим қийналиб қолмасмикан, деб саховатпешалик тадбирларига зўр берган. Яна бир тоифа кишилар борки, улар карантин қоидаларига қарамай, нафақат ўзларини, билан ён-атрофидагилари саломатлиги, ҳаётини ҳам хавф остида қолдирмоқда.

Бундоқ ўйлаб қарасак, ҳозиргидай машаққатли кунларда элга суянч бўладиган одамлар керак! Аммо тинч-омон кунларимизда олаётган нафаси учун тилида шукроналик келтирадиган, ўзгаришлар, янгиланишлар самарасига ҳамду сано айтадиган, мусаффо осмон дея кўкрак керадиган жўмардлар бугун негадир кўринмай қолди. Худдики пана-паналарда пусиб ётгандай. Аксинча, Ватан дея оғиз кўпиртирмай туриб ҳам эл-юртга нафи тегиши мумкинлигини исбот этадиган қатлам пайдо бўлди. Чинакам фидойи инсонлар чиқишди саҳнага. Уларнинг кимлигини эл билиб ҳам бўлди. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали!

Шу ўринда савол туғилади. Хўш, уларнинг яхшиликларини эл билиши керакми? Албатта, билиши керак! Кеча биров кўпам қадрига етмаган жонкуяр шифокорларимиз, меҳнати кўзга кўринмаган санитар ходимларни нега бугун бошимизга кўтармайлик?! Кунни тунга улаб, халқ омон бўлсин, дея хизматини сидқидилдан қилаётган ички ишлар органлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, ҳарбийларимиз, вазирлик ва идоралар ходимларининг меҳнатини нима учун улуғламайлик?!

Мана сизга бугунги кун қаҳрамонлари! Улар сафига ҳақли равишда оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳам қўшгган бўлардим. Ана шу заҳматкаш соҳа вакиллари республика махсус комиссияси қарорлари мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда алоҳида фидойилик кўрсатмоқдалар. Айниқса, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)нинг саъй-ҳаракати билан энг қайноқ ахборотлар, қолаверса, одамларимизни огоҳликка чақирувчи мақолалар пешма-пеш эълон қилиб борилаётгани одамни қувонтиради. Хусусан, Агентлик томонидан янги очилган “Эл бошига иш тушганда” номли рукн кўпчиликка манзур бўляпти. Бу, албатта, мазкур ташкилот жамоасининг халқ билан яқинлигидан, кеча-ю кундуз ҳамфикр, ҳамкорлигидан далолат беради.

Мазкур рукн остида берилган материалларнинг ҳаммасини ўқиб боряпман. 3-4 кун ичида 100 га яқин мақолалар эълон қилинди. Оддий мисол: ҳозир аксарият аҳоли уйда, карантинда. Лекин заҳматкаш деҳқонларимизнинг кўпчилиги далада. Халқнинг эртанги куни учун қайғуришяпти миришкорлар. Ёки бир қатор ҳомий ташкилотлар махсус фондларга хайрия маблағлари ўтказишмоқда. Қумқўрғонда харидорлар ўз манзилига бепул етказиб қўйилаётгани, Ғозғон шаҳарчасидаги “Машъал барака” хусусий корхонаси раҳбари Машъал Қодиров аҳолига 6000 дона тиббиёт ниқобини бепул тарқатаётгани, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбийлари карантин муддатини ўтаётган фуқароларга хизмат кўрсатаётгани, “Зафар Пласт” МЧЖ ва “Наманган евро қурилиш таъмир” корхонаси муассислари томонидан Намангандаги “Чорсу” даҳаси ҳудудида аҳолига 1000 та ниқоб, 1000 та тиббиёт қўлқопи, 1000 та этил спирти бепул тарқатилгани, бозорларда арзон нархда сотиш учун Термиз шаҳрига Покистонда етиштирилган 320 тонна картошка олиб келингани каби хабарлар чинакам ибрат намунасидир.

Очиғи, шу кунларда дунёда яна шунча одамда вирус аниқланди, бунча одам вафот этди, шунча одам карантинга олинди, деган салбий ахборотлардан юрак безиллайди. Ушбу рукндаги янгиликларни эса зулмат ичра нур каби қабул қилаяпман. Бу худди қоронғу ғор ичида узоқдан милтиллаган нур ҳам сизни ёруғликка олиб чиқишини билиб, у томон ҳаракатланишингизга ўхшайди.

Шу билан бирга, ушбу мақолалар орамизда ҳали яхши инсонлар кўплигини ва уларнинг яхшилиги эвазига, албатта, дард устидан ғалаба қозонишмизга умид бермоқда. Умид эса давонинг энг асосий манбаидир. Зеро, буюк адиб Цвейг таъкидлаганидек, “Ҳеч қайси табиб толиққан вужуд ва азоб чеккан қалб учун умидчалик дори топиб беролмайди”.

Демак, атрофимиз яхшиликларга тўла. Бундай жойда эса қандайдир кўринмас вирус узоқ яшаб қололмайди. Оз қолди... Биз эса эзгуликларни кўпайтиришимиз керак. Ҳозир айни вақти – эл бошига иш тушган.

Абдукамол РАХМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+