ЕОИИга аъзолик гўшт ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қимматлашишига олиб келади

16.04.2020 09:04:38

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида ЕОИИдаги Ўзбекистоннинг иштирокини халқ фикри, халқ иродасига асосланган ҳолда парламент белгилаши кераклигини таъкидлаган эдилар.

Шунга кўра парламентдаги депутатлар, фракциялар, жумладан, “Адолат” СДП ҳам бу масала бўйича ўзларининг дастлабки фикрларини беришди. Аммо айрим оммавий ахборот воситалари томонидан мамлакатимиздаги карантин даврида бу масалани муҳокама қилиш қанчалик тўғри дея эътирозлар билдирилмоқда. Аввало, бу ёки бошқа масалани муҳокама қилиняпти дегани, коронавирус пандемиясига парламентнинг бефарқ эканлигини англатмайди. Бундан ташқари карантин шароитида ҳам парламент масовафий, видеконференцалоқа шаклларидан фойдаланган ҳолда ишлашни давом эттирмоқда. Маълум муддат ўтгандан сўнг бу вирус мамлакатни албатта тарк этади ва аҳолимиз одатий турмуш тарзига ўтади. Аммо вақтида қабул қилинмаган муҳим масалалар бўйича қарорлар мамлакатимиз иқтисодиёти ва сиёсатига кўп йиллик таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳозирги карантин шароити мамлакат учун озиқ-овқат хавфсизлиги ва мустақиллиги масаласини нақадар муҳимлигини яна бир бор кўрсатиб берди. Буни таъминлашда эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, унинг импорти, экспорти муҳим ўрин эгаллайди.

Шунинг учун ЕОИИдаги Ўзбекистоннинг иштирокини бу соҳага таъсирини ҳам атрофлича ўрганиб чиқиш лозим бўлади. Ўз ўрнида Ўзбекистон мазкур Иттифоқ билан ҳамкорликнинг қуйидаги ижобий ва салбий томонларига эътибор қаратиш лозим.

Аввало, ЕОИИ ўзининг асл моҳияти бўйича, иштирокчилар учун тенг шартларда фаолият юритса, барчага фойдали ташкилотга айланади.

Шу билан бирга ЕОИИ доирасида хизматлар соҳасида ягона транспорт макони ташкил этилади. Бу эса халқаро ташишлар соҳасида рухсат бериш тартибларини соддалаштириш, йўловчиларнинг юклар ва транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишини таъминлайди.

Қишлоқ хўжалигида божхона тартибларини соддлаштириш ҳисобидан тадбиркор, фермерларимиз учун улкан бозор эшиклари очилади. Улар ўзлари етиштирган маҳсулотларни тўғридан-тўғри экспорт қила бошлайдилар. Натижада, ЕОИИ давлатларига Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича самарадорлиги бир йилда қўшимча 350 млн АҚШ долларига ошиши мумкин.

Аммо, бу нарса ички бозоримизда ушбу маҳсулотлар тақчиллигини юзага келтириб чиқариши мумкин. Бу эса бозорларимизда мева-сабзавот нархларининг ошишига сабаб бўлиши кутилади.

Худди шундай ҳолатни гўшт маҳсулотлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ҳозирги кунда мамлакатимизда чорвачилик маҳсулоти экспорти Вазирлар Маҳкамаси рухсати билан амалга оширилади. Яъни ички бозорни ўзи тўйинмаётган айни бир шароитда ҳеч ким гўштни тўғридан-тўғри экспортга чиқариб юбора олмайди. ЕОИИга аъзолик эса мазкур тартибни бекор қилади. Натижада тадбиркорларимизни ҳорижга гўшт экспортига ўтиб кетиши ўзи шундоқ ҳам тақчил бўлиб турган ички бозоримизда нархнинг сезиларли ошишига олиб келади.

Бундан ташқари ички бозорни тўйинтириш учун учинчи мамлакатлардан импорт қилинаётган гўшт маҳсулотлари ҳам биз учун қимматга туша бошлайди. Амалдаги тартибга кўра мамлакатимизга тирик ҳайвонлар олиб киришга шунингдек, уларнинг гўшти учун импорт божи 0 фоизни ташкил этади. Яъни ҳозирда бож тўловларисиз олиб кираяпмиз.

ЕОИИда эса тирик ҳайвонлар олиб киришга 5 фоиз, гўшт олиб киришга эса 15 % импорт божи қўлланилади. Кўриб турганингиздек аъзо бўлиб кирганимиздан кейин учинчи мамлакатлардан импорт қилаётган тирик ҳайвонларимиз нархи 5 фоизга, гўшт маҳсулотларимиз нархи 15 фоизга кўтарилади.

Шу билан бирга ЕОИИ да иштирок этиш бир қатор соҳаларда кўплаб ўзгаришларни амалга оширишни талаб этади.

Биринчидан, санитария назорати масалалари бўйича Ўзбекистонда амал қиладиган санитария-гигиена қоидалари ва нормаларини ЕОИИ Ягона санитария-эпидемология ва гигиена талабларига ҳамда лабараторияларни озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жиҳозлаш талабларига муфовиқлаштириш зарур.

Иккинчидан, фитосанитария назорати масалалари бўйича карантин объектлар ва карантин остидаги маҳсулотларнинг ягона рўйхати, лаборатория диагностикаси ва чегара фитосанитария назорат постларини жиҳозлашга қўйиладиган талаблар бўйича мавжуд тафовутларни бартараф этиш лозим.

Учинчидан, ветеринария назорати масалалари масалалари бўйича текширишларни ўтказиш механизмларини ва ветеринария назорати объектлари ва товарлари ягона рўйхатини, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш юзасидан инфратузилмага (лабораториялар ва чегара пунктларига) қўйиладиган талабларни муфовиқлаштириш биан боғлиқ масалалар мавжуд.

Мазкур масалалар яъни инфратузилмани ЕОИИ талабларига муфовиқлаштириш учун ҳукуматнинг ҳисоб-китобларига кўра 1 млрд. доллар атрофида маблағ талаб этилади.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза мавжуд. ЕОИИга аъзоликни юқоридаги иқтисодиётимизга фойда деб саналаётган йўналишлари, келтирилаётган рақамлар, кўрсаткичлар, мамлакатимизнинг бошқа бир тузилма Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлса, бир неча баробар юқорироқ даражага чиқиши аниқ. Афсуски, дунёнинг 164 мамлактини бирлаштирган мазкур ташкилотга аъзо бўлиб кирмаган саноқли давлатлар қаторига кирамиз. Албатта, ЖСТ билан музокаралар жонланганини эътироф этиш лозим. Шу боисдан Ўзбекистон аввало, ЖСТга аъзо бўлиши, сўнгра, ЕОИИга аъзо бўлиши мақсадга муфовиқ деб ҳисоблайман.

 

Дилрабо ХОЛБОЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+