Эртанги натижа бугунги муносабатимизга боғлиқ

03.05.2020 12:05:42

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Тўғрисини айтганда, бугун ҳар биримиз, ҳар соатда расмий маълумотларга хавотир аралаш умид билан қараймиз: балки юртимизда, минтақамизда, бутун дунёда вазият ижобий томонга ўзгаргандир? Яна қанча бемор тузалди экан? Балки коронавирус аталмиш бало ортга чекина бошлагандир? Балки пандемиянинг чўққисидан ўтиб бўлгандирмиз...

Ташвишланмай бўладими?! Ахир бу кўринмас қаттол тождор вирус бутун инсониятга, бутун тирикликка нисбатан ҳужумини кучайтирмоқда. Мисли кўрилмаган глобал хавф кўламини тушуниб етган дунё ўзгармоқда, одамлар ўзгармоқда. Зеро, азалдан аён ҳақиқат яна бир бор ўз исботини топди: улкан хатарга нисбатан улкан куч билан, фақат жипслашиб кураш олиб борибгина ғалаба қозониш мумкин. Чунки янги хавф қаршисида муайян давлатнинг иқтисодий салоҳияти, бойлиги, ҳарбий қудрати ҳам аҳамиятга эга бўлмай қолди. Агар ҳимоя мезони фақат шу кўрсаткичлардан ташкил топса эди, эҳтимол, хасталик юксак тараққий этган мамлакатларни четлаб ўтган бўларди.

Бугун коронавирусга қарши аёвсиз, самарали кураш олиб боришда битта умуминсоний мезон бор, бу ҳам бўлса халқнинг яхлитлиги, бир тан, бир жон бўлиб бирлашиши. Унутмайлик, ҳар бир давлатнинг энг катта бойлиги – унинг халқи. Халқдан, унинг соғлиғидан ортиқ бойликни тасаввур этиб ҳам бўлмайди. Халқ эса индивидлар жамланмасидан иборат. Инчунин, ҳар биримиз улуғ шоир денгизга қиёслаган қудратли халқнинг зарраси эканмиз, шу элнинг бугуни ҳам, эртаси ҳам, келажаги ҳам бевосита ва билвосита ҳар биримизга боғлиқ.

Айниқса эл бошига офат кўланка солиб турган маҳал бу ҳақиқатни янада теранроқ англашимиз, унга оғишмай амал қилишимиз жоиз. Ана шунда биз бир мушт бўлиб тугиламиз, кўринмас душманга қақшатқич зарба бериб, уни илдизи билан қурита оламиз.

Биламиз, меҳнаткаш, бағрикенг, жўмард халқимиз бундай синовларни кўп бор бошидан кечирган, ҳар сафар улардан шараф билан ўта олган ҳам. Бу гал ҳам шундай бўлишига шубҳамиз йўқ.

Аммо бугун, яна маълумотларга кўз ташлай туриб, киши кўнглида таажжуб аралаш норизолик пайдо бўлиши ҳам бор гап. Қаранг-а, бугунги кунга келиб юртимизда карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ ҳолатлар сони 60 мингга яқинлашиб қолди! Бу нима деган гап, ахир! Ўзининг, жондан азиз фарзандларининг, ота-онасининг, ака-укасининг, опа-синглисининг, яқинларининг, қолаверса бутун бошли халқининг тақдирига, бугуни ва эртанги кунига шунчалик ҳам эътиборсизлик, лоқайдлик бўладими? Булар, ҳалиям, кун-тун демай фидойиларча меҳнат қилаётган ички ишлар органлари ходимлари томонидан аниқланганлари. Аниқланмаганлари-чи?

Тан олайлик, шунга ўхшаш ҳолатларнинг кўпини кўрганмиз. Аммо индамаймиз. Ваҳоланки, бундайлардан  карантин қоидаларига, санитария чекловларига риоя қилишларини қатъий равишда талаб этишимиз шарт! Ана шундагина биз ҳам ўзимизни, ҳам уларни коронавирус хавфидан тўлақонли қутқариб қолган бўламиз.

Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “...пандемия билан боғлиқ жараёнларнинг изидан қувиб эмас, балки унинг барвақт олдини олиш учун бор куч ва имкониятларимизни ва барча ресурсларимизни сафарбар этишимиз зарур”лигига алоҳида эътибор қаратдилар ва шунинг баробарида “...кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларга мурувват ва саховат кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, бу каби эзгу ташаббусларни кўпайтириш жойлардаги барча мутасадди раҳбарларнинг асосий вазифаларидан бири бўлмоғи лозим”лигини яна бир карра таъкидлаб ўтдилар. Бу, бежиз эмас, албатта.

Ушбу йиғилишдаги масалалар Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясида ҳам муҳокама этилди. Муҳокама натижасида депутатларнинг бугунги кундаги вазифалари белгиланди. Хусусан, давлатимиз раҳбари пандемия талабларини оғишмай бажариш билан бирга иқтисодиёт соҳалари фаолиятини давом эттиришга чақирган даврда биз депутатлар аҳоли орасида тушунтириш ишларини янада кенгайтиришимиз, фуқаролар томонидан тиббиёт ходимларни фидокорона меҳнатини қадрлашга чақиришимиз, фаолиятини давом эттираётган корхоналар ишининг самарадорлигини оширишга кўмаклашишимиз зарурдир. Шунингдек, бу каби вазифаларни бажаришда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишимиз муҳим аҳамият касб этади.

Унутмайлик: асосий назорат, асосий талаб ҳар биримизда ва ҳаммамизда бўлгандагина биз кутилган натижага эришамиз. Ана шундагина бу оғир имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, юзимиз ёруғ бўлади.

 

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+