Гулбаҳор Саидганиева: ЕОИИга аъзо бўлиш – инвестицион муҳитга салбий таъсир қиладими?

06.04.2020 09:04:35

Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан Ўзбекистоннинг ҳамкорлик масаласи бугун кун тартибида фаол муҳокамада бўлиб турибди. “Адолат” СДП фракцияси томонидан ҳам ушбу масала жиддий муҳокама қилинмоқда.

ЕОИИ билан ҳамкорликнинг ижобий ва салбий таъсирлари юзасидан фикрлар билдирилмоқда.

Албатта, интеграция керак, жаҳон бозори керак. Лекин ҳар тарафни жиддий ўйлаб, қадам босмоғимиз муҳим.

Аввал, шу Иттифоққа аъзо давлатларнинг иқтисодий ҳолати, улар эришган ютуқлар ўрганилмоғи, бунда ҳам икки йилдан бери кузатувчи бўлиб турган, лекин аъзо бўлмаган Молдова давлати тажрибасига қулоқ солмоқ керак.

Ўзбекистоннинг Иттифоққа кузатувчи бўлиб кириши ёки тўлақонли аъзо бўлиши унинг ЕОИИга аъзо бўлмаган давлатлар, хусусан, Хитой, Туркия, Жанубий Корея давлатлари билан савдо-иқтисодий, инвестициявий муносабатларига салбий таъсири бўлиши мумкинми, масаланинг бу томонига эътибор қаратиладими-йўқми, деган саволлар ўйлантиради.

Охирги йилларда Ўзбекистонда жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари билан савдо-иқтисодий, инвестициявий алоқалар кучайди. Жумладан, Жанубий Корея, Туркия ва Хитой давлатлари билан ҳамкорлигимиз туфайли жуда кўп қўшма корхоналар очилди. Ҳар бир вилоятимиз тўғридан-тўғри чет элга маҳсулот экспорт қилиш имкониятига эга бўлди. Инвесторлар учун мамлакатимизда яратилган имтиёзлар ва қулай шароитлар туфайли бизга хорижий инвесторларнинг қизиқиши ортди. Биргина Фарғона вилоятида Жанубий Корея томонидан Қўқон ЭИЗда янги корхоналар пайдо бўлди, Корея Халқаро Университетининг филиали ҳам очилди.

ЕОИИга аъзолик Ўзбекистонга қандай оқибатларни олиб келиши мумкин?

  1. Агар ЕОИИга аъзо бўладиган бўлсак, ушбу Иттифоқда етакчи бўлмиш давлатнинг қўйган шартларига кўнишимиз керак бўлар. Бугун хорижий инвесторларга ўзимиз мустақил бож тўловлар белгилаётган вақтда, Иттифоққа аъзо бўлгандан сўнг унинг шартлари асосида белгилашга мажбур бўламиз. Ёки бир махсулотимиз қайси бир аъзо мамлакатда санитария нормаларига тўғри келмасдан қабул қилинмаса, Иттифоқнинг барча давлатлар бозорига кириб бўлмаслиги ҳам айнан шартлардан бири. Яъни бу борада бозор ва бож сиёсатидаги мустақиллигимиз чекланади.
  2. ЕОИИга аъзо давлатлар миллий валютасининг охирги ойларда кескин қадрлансизлангани бошқа аъзо мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
  3. Бугун Ўзбекистонга қизиқиб турган инвесторлар фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки дунёнинг кўп мамлакатлари Россия хозирда турли санкция ва босимлар остида бўлгани боис ЕОИИга ҳам салбий муносабат билдирмоқдалар. Иттифоққа аъзо бўлган Марказий Осиё давлатларига, масалан, Қирғизистонга аъзо бўлганидан сўнг Хитой давлати инвесторларининг қизиқиши пасайганлиги қайд этилмоқда.

Мутахассислар Иттифоққа киришнинг ижобий жиҳатларидан бири сифатида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг патентсиз Россияда ишлаш имконияти пайдо бўлишини кўрсатмоқдалар. Аммо Ўзбекистон бундан буён ҳам меҳнат муҳожири етиштириб берувчи давлат мақомида қолмоқчими? деган савол пайдо бўлади. Эндиликда, қўл меҳнати билан эмас, ақл, интеллектуал мехнат билан даромад топадиган давр келмоқда, назаримда. Давлатимизда кейинги йилларда олиб борилаётган сиёсат, ислоҳотлар туфайли бугун Ўзбекистон фарзандлари боғча ёшиданоқ кучли ва сифатли таълим олмоқдалар. Янги давр янги кадрларни етиштириб беради. Демак, мақсадимизни меҳнат муҳожири етиштиришга эмас, малакали ва рақобатдош мутахассислар етиштиришга қаратишимиз керак.

Аммо бозорни йўқотмаслик учун кузатувчи мақомида бўлиш, Иттифоқ фаолиятини чуқур ўрганиш энг тўғри йўл бўлади, деб ўйлаймиз. Албатта, биз бу борада халқ фикрини ўрганиб борамиз ва унга таянамиз.

Гулбаҳор САИДГАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Султанович Гулямов
2020-04-10 21:14:05
Менинг фикрим: марказий осиё ижтимои ва иктисодий иттифокини нима булсахам ташкил килиш лозим. Кейин биргаликда ЕОИИга аъзо булса уринли деб биламан

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+