Гулруҳ Агзамова: Коронавирус жадал ислоҳотлар жараёнини тўхтата олмайди

26.03.2020 17:03:04

Президент Фармонида белгиланган ҳар бир вазифа, чора-тадбир юртдошларимизни ўйлантираётган ўн, юз, минглаб ваҳимали саволларга жавоб бўла олди, кўнглимиздаги ҳадик ва иккиланишларни аритди.

Бугунги кунда дунё миқёсида коронавирус пандемияси тарқалишига қарши курашишда инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритиш, корхоналар фаолиятини тўхтатиш орқали аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда. Шу жумладан, мамлакатимизда ҳам ушбу инфекция тарқалишининг олдини олишга ўз вақтида жиддий эътибор қаратиляпти.

Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда бугунги воқеликдан келиб чиқиб, аниқ, мақсадли, тизимли чора-тадбирлар белгиланган.

Кўринмас ҳадиклар тумандек тарқади

Сўнгги кунларда вужудга келган ташқи ваҳима, қўрқувни босишга ҳаракат қилдик. Бироқ ҳар биримизнинг ичимиздаги кўринмас қўрқувни, хусусан, иш ўрнимизни йўқотиш, ойликларимизнинг қисқариши, карантин туфайли таътилга чиққан ва кун бўйи уйда ёлғиз ўтирган боғча ва мактаб ёшидаги фарзандларимизнинг аҳволи, озиқ-овқат захирасининг тугаши каби ваҳимани енга олмаган эдик. Президентимизнинг юқоридаги фармонида белгиланган ҳар бир вазифа, чора-тадбир юртдошларимизни ўйлантираётган ўн, юз, минглаб ана шундай ваҳимали саволларга жавоб бўла олди, кўнглимиздаги ҳадик ва иккиланишларни аритди.

Хусусан, фармонга кўра, коронавирус инфекцияси билан касалланган ёки касалланишда гумон қилингани сабабли карантинга олинган ота-оналар, шунингдек, уларнинг 14 ёшга тўлмаган фарзандини парвариш қилаётган шахсларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади. Шунингдек, бундай тоифадаги шахслар билан иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тақиқланади.

Боғчалар ва мактабларнинг фаолияти тўхтатилган даврда боғча тарбияланувчилари ва бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик таътилдан фойдаланиш графигидан қатъи назар (шу жумладан, 6 ойдан кам ишлаганларга) йиллик таътил тақдим этилади.

Бундан ташқари, нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 1 апрелдан бошлаб 10 фоизга оширилиши аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган яна бир муҳим тадбир бўлди. Тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирусга қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилингани, ўз фаолиятини тўхтатган давлат таълим муассасалари, спорт ва маданият муассасалари ходимларининг иш ҳақлари ўз вақтида тўлаб берилиши ҳам давлатимизнинг инсонпарвар сиёсати амалда эканини яна бир карра намоён қилди.

Мактаб ўқувчиларининг таътилдаги вақтларини мазмунли ўтказишлари мақсадида, Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг тўртта телеканали орқали ўзбек,  рус ва қорақалпоқ тилларида малакали ўқитувчилар томонидан телевизион дарслар аввалдан тайёрланди ва айни дамда таътилда бўлган ўқувчилар учун намойиш этиб борилмоқда. 

Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайти орқали  kundalik.com ҳамда “Онлайн мактаб” электрон портали орқали ҳам видеодарсларни кузатиб бориш имконияти яратилди. Ҳозирда республика болалар кутубхонасининг www.kitob.uz сайтида ўзбек ва  рус тилида бўлган бадиий адабиётлар, 1083та электрон китоб ва аудио ресурслар жойлаштирилган. Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонасининг интернет тармоғидаги www.natlib.uz  ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг телеграмдаги (@bolalikkunlarimda) каналида ҳам бадиий адабиётлар ва аудиоовозлар жойлаштирилган.

Ўзбекистонда кучайтирилган тартиб жорий этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори билан Ўзбекистон ҳудудида 2020 йил 24 март соат 00:01 дан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди.

Янги тартибга мувофиқ, коронавируснинг республиканинг бошқа ҳудудларига тарқалишининг олдини олиш мақсадида вилоятлардан Тошкент шаҳрига кириш (автобус, микроавтобус, енгил автотранспорт, авиақатновлар ва темир йўл транспорт воситалари орқали) тўхтатилди. Фақатгина пойтахтда доимий рўйхатдан ўтган шахслар, шунингдек, Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтган ҳолда Тошкент шаҳрида меҳнат қилаётган давлат ташкилотлари ходимлари (нодавлат ташкилотларида — иш берувчининг тегишли рухсатномаси асосида) ҳамда юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишга рухсат берилади.

Барча ташкилотларининг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда, қонунчиликда белгиланган тартибда ходимлар меҳнат таътилига чиқарилади, қолган қисмининг меҳнат фаолияти максимал даражада масофадан туриб ташкил этилади.

Коронавируснинг жамоат жойларида юқиши мумкинлиги сабабли Ўзбекистондаги барча тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор бўлди. Республика махсус комиссияси йиғилишининг қарори билан барча ҳудудларда фаолият юритаётган мавжуд кўнгилочар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлар, чойхона, ошхона, караоке, бильярд заллари, чилим марказлари ва компьютер хизмати хоналарининг фаолияти ҳам вақтинчалик тўхтатилди.

Республика бўйича барча овқатланиш шаҳобчалари беркитилиб, фақат овқат ташувчи курьерлик хизматлари йўлга қўйилди.

Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорлар фаолияти тўхтатилди. Барча йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари кириш-чиқиш жойлари тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда тепловизорлар ва антисептик воситалари билан жиҳозланади. Транспорт, товар ва юклар мажбурий дезинфекция қилинади.

Давлат идора ва ташкилотларида фуқаролар ва тадбиркорларни қабул қилиш ҳамда уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар “онлайн” режимига ўтказилади. Фуқаролар томонидан Интернет ва телефон алоқаси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун икки ой давомида уларнинг ўчирилишига йўл қўйилмайди.

Қорақалпоғистон Республикасида тўртта, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида учтадан 14 кунлик карантин тадбирлари учун мослаштирилган базалар ташкил этилади. Карантинда сақланаётган шахсларни бир-биридан ажратган ҳолда улар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг максимал олдини олиш имконини берувчи махсус карантин объектлари қурилади.

Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида 25 март кунидан бошлаб фуқароларнинг жамоат жойларида ниқоб билан юриши шартлиги, кимда ким ушбу тартибга бўйсунмайдиган бўлса, унга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилиши, ушбу ҳолат такрор содир этилганда қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиши алоҳида қонун билан белгиланди.  Унга асосан, ҳимоя ниқобисиз жамоат жойида юрган шахсларга  223 минг сўм миқдорида, мазкур ҳолат такрорланганда 669 минг сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилади. Шунингдек, тиббий ҳимоя воситалари, хусусан, ниқоблар танқислигини сунъий вужудга келтириб, нархини оширган “тадбиркор” ларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади.

Инфекция аниқланган шахснинг қандай мажбуриятлари бор?

Қайд этиш керак, кучайтирилган тартибнинг амал қилиш даврида фуқаролар қатор талабларга риоя этиши шарт. Жумладан, Ўзбекистонга қайтиб келгани, коронавирус қайд этилган ҳудудда бўлган вақти ва жойи тўғрисида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот бериши, ўзида касаллик аломатлари вужудга келганда касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва ҳаракатланиш йўналишлари ҳақида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга мажбур.

Шунингдек, 14 кун давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлиши, санитария ва эпидемияларга қарши кураш қоидалари ва изоляция режимида бўлишга оид талабларга қатъий риоя этиш, шу жумладан, тиббий ҳимоя воситаларини қўллаш ва жамиятда бир-бирлари орасида масофани сақлашга, соғлиқни сақлаш органлари томонидан тайинланадиган тиббий текширув ва даволанишдан ўтишга мажбурдирлар. Изоляция қилиниши керак бўлган шахс билан бирга яшовчилар ҳам 14 кун ёки белгилаб берилган бошқа муддат давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлиши шарт.

Барча ташкилот раҳбарлари ҳарорати юқори ходим ҳақида соғлиқни сақлаш органларига зудлик билан хабар бериши лозим. Ташриф буюрувчи шахсларни фақат тиббий ниқоб ва тиббий воситаларни қўллаган ҳолда киритиш тартибини жорий этиш, коронавирус юқтирган ходим билан мулоқотда бўлганлар ҳақида дарҳол маълумот бериш, касалланган шахс бўлган жойларни дезинфекциядан ўтказиш чораларини кўриш, ходимларга изоляция режимида бўлишга оид талабларга риоя этишда кўмаклашиши зарур.

Карантиндаги шахсларнинг буюмлари нега олиб қўйилади?

Коронавирус юқтирган ёки уни юқтирганликда гумон қилиниб карантинга жойлаштирилган шахсларга тегишли мобиль телефон, аудио ва видео воситалар, банк карталари ва бошқа ахборот ташувчи буюмлар вақтинча олиб қўйилади. Хўш, нима учун? Бунинг учта асосий сабаби бор:

Биринчидан, вирусолог олимларнинг таъкидлашича ушбу буюмлар инфекцияни ўзида сақловчи ва тарқатувчи хусусиятга эга бўлиб, уларни карантин ҳудудига олиб кириш санитария талабларига зиддир. Хусусан, инфекция қоғоз ва пластик юзасида 5 кун давомида сақланиши мумкин.

Иккинчидан, қарор билан тасдиқланаган Низомда вақтинчалик олиб қўйилган буюмлардан шахс инфекция юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойларини аниқлаш мақсадида ўрганилиши кўрсатиб ўтилган. Хусусан, мобиль телефонларнинг GPS функцияси орқали уларнинг борган манзилларини таҳлил қилиш билан эҳтимолий алоқада бўлган шахслар доирасини шакллантириш мумкин.

Учинчидан, бу чеклов жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари тўғрисидаги ахборот тарқатилишининг олдини олиш имконини ҳам беради. Ижтимоий тармоқларда карантин жойларидан олинган асоссиз ва ҳолат бузиб кўрсатилган кўплаб видеолар тарқатилмоқда. Бу билан ушбу муассасаларда жойлаштирилган бошқа шахсларга нисбатан шахсий маълумотлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга кўпинча риоя қилинмаяпти.

Вақтинчалик олиб қўйилган буюмлар шахс даволаш муассасасидан чиқаётган вақтда ўзига қайтариб берилади ёки унинг яқин қариндошлари ёхуд вакилларига топширилади.

***

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда кўрилаётган амалий чора-тадбирлар жаҳон миқёсида ўз салбий таъсирини кўрсатиб улгурган ушбу глобал муаммодан беталафот, йўқотишларсиз чиқишимизда муҳим омил бўлади. Матонатли халқимиз бу оғир ва мураккаб синовни ҳам, албатта, енгиб чиқади. Шундай экан, ушбу хавф йўлида барчамиз ягона куч бўлиб жипслашишимиз, энг муҳими, белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишимиз шарт. Зеро, коронавирус пандемияси юртимиздаги жадал ислоҳотлар жараёнини тўхтата олмайди.

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+