“Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир...”

02.04.2020 09:04:56

Кунига бир неча маротаба махсус сайтларни очиб, хавотир билан маълумотларга кўз ташлаймиз: коронавирусга чалинган юртдошларимиз сони кўпаймадими? Ваҳоланки, бу касаллик, агар у битта беморда бўлса ҳам, кўп. 

Табиийки, қўшниларимизда аҳвол қандай, деган савол ҳам бизни безовта қилади. Маълумотлар билан танишишда давом этамиз. Кетма-кет берилаётган янгиликлар ҳаммамизни бирдамликка чорлайди. Бошқа узоқ-яқин давлатлардаги аҳволни кўриб, мамлакатда ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилиш нақадар зарурлигини қайта-қайта англаймиз.

  Очиғи, мана шу жараёнда, Чин юртида барча саноат корхоналари тўлиқ ишга тушганлиги, мамлакат аср хасталигини енга олганлиги ҳақидаги хабарлар билан танишарканман, беихтиёр кўнглимдан буюк Чўлпоннинг ўтли мисраси ўтди: “Халқ денгиздир...” Халқ қачон куч бўлади? Қачонки, бир мақсад йўлида бирлашса.

Шу ўринда савол туғилади: биз бирлашдикми? Биз бирлашган бўлсак, ортимиздан ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари юришган бўлармиди? Гап шундаки, бирлаша олмаяпмиз. 

Орамизда белгиланган тартиб-интизомга риоя қилишдан бош тортувчилар чиқиб қолаяпти. Уларга қарши кураш, уларни ғофилликдан уйғотишга ҳаракат қилиш аслида ўзимиз, оиламиз, бола-чақамиз, қолаверса, Ватанимиз учун кураш эканлигини ҳам асло ёддан чиқармаслигимиз керак бўлган бир пайтда бизнинг ортимиздан ҳам ҳуқуқ-тартибот ходимлари тартибга чақириб юриши қанчалик тўғри?

Бугунги шароитда биз ўзга мамлакатларнинг коронавирусга қарши кураш борасидаги илғор тажрибаларини ўрганиш, лозим бўлса, ижодий ўзлаштириш, улардан керакли хулосалар чиқариб олиш ҳаётий заруратга ўхшайди.

Хўш, бизга Хитой тажрибаси нимани ўргатади? Жуда оддий ҳақиқатни: босиб келаётган улкан хавф кўламини англаган халқнинг бир тан, бир жон бўлиб унга қарши кураш олиб бориши шартлигини, фидойи шифокорларнинг талабига сўзсиз риоя қилишни ва алал оқибат интизомли бўлишни, каратин шартларига қатъий амал қилишни. Тамом-вассалом.  Айрим юртдошларимизга шундай шароитда ҳам “Вирус менга таъсир қилмас”, деган ўйда белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилмаслик ёки худди амалдаги меъёрларга ўчакишгандай намойишкорона бўйсунмай юриш халққа, Ватанга нисбатан, уларнинг бугуни ва келажагига нисбатан жиноят ҳисобланиши лозимлигини ҳам унутмасликни ўргатади. 

Хитойликлар нима қилишди? Белгиланган карантин вақтида улар уйларида бўлишди. Ҳатто озиқ-овқат учун дўконга борганларида ҳам аввал тана ҳароратларини назорат қилишди. Дўконларда харидорлар орасидаги икки метрлик масофа сақланди. Бу назоратми? Албатта, бу аввало, ички назорат! Ва, тан олайлик, қисқа муддатда ўзининг улкан ижобий самарасини берган назорат. Эътибор беринг: бу жараёнда фуқаролар доимий равишда бир-бирларини назорат қилиб туришди. Бизга Хитой тажрибасини ўрганиш, ундан зарур хулосалар чиқариш муҳим бўлган бир пайтда оммавий ахборот воситалари орқали берилаётган тартиббузарликлар ҳақидаги, айниқса,  “Қўқонда ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатган депутатга нисбатан жиноят иши қўзғатилди” каби хабарларни кўриб, хафа бўласан, киши. Бундай тартиббузарлар орасида халқ ишонган депутат, қайсидир сиёсий партиянинг вакили бўлиши ўта ачинарли ҳол...

Унутмайлик, биз бир мақсад йўлида бирлашсаккина бир бутун ХАЛҚқа айланамиз. Зеро, “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир...”

  

Абдукамол РАХМОНОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+