Халқ эртаси фаровонлигига барчамиз масъулмиз!

27.04.2020 12:04:37

Бутун дунё аҳолиси каби коронавирус пандемияси халқимиз бошига ҳам оғир синовли кунларни солмоқда. Бундай вазиятда ҳукуматимиз томонидан фуқаролар соғлигини мухофаза қилишга энг муҳим масала сифатида қаралиб, дарҳол барча зарур чоралар кўрилди. Давлатимизда инсон манфаатлари, унинг саломатлиги, тинчлиги барча нарсадан устунлиги яна бир бор ўзининг яққол исботини топди.

Жумладан, нафақа ва моддий ёрдам оладиган болали оилалар сони  кўпайтирилди. Шунингдек, аҳолининг кредитлар бўйича тўловлар муддати узайтирилди, бандликка кўмаклашиш жамғармаси ва Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 141 минг 800 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланиши билан бирга, Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари томонидан муҳтож оилаларга озиқ-овқат ва санитария-гигиена маҳсулотлари тарқатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 22 апрель куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, кўрилган барча чора-тадбирларга қарамасдан коронавирус пандемияси мамлакат иқтисодига ўз салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Жумладан, дунёдаги миллионлаб корхона ва ташкилотлар ўз фаолиятини тўхтатди. Бу эса 2 миллиард 700 миллион ишчининг ишсиз қолишига ва камбағал аҳоли сони икки бараварга ошишига олиб келмоқда.

Бу жараён албатта мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмайди. Карантин туфайли 196 мингта корхонада ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ҳажми кескин камайиб, ишсизлар сони ҳам ошганлиги ачинарли ҳолдир. Буни апрель ойининг 20 кунлик солиқ тушумларида вилоятларда 30-40 фоиз, баъзи туман ва шаҳарларда эса 50 фоиздан зиёд тушум таъминланмаганлигида ҳам кўриш мумкин.

Йиғилишда бу чоралар билан чекланиб бўлмаслиги, бугунданоқ муҳтож оилаларни ижтимоий таъминлаш, уларнинг бандлигига ва розилигига эришиш чораларини кўриш лозимлиги таъкидланди.

Бунинг учун тадбиркор ва фермерлар камбағал оилаларга имкон қадар ёрдам беришлари, томорқада экин экиш, касаначиликни йўлга қўйишда кўмаклашишлари   лозимлиги айтилди. Айниқса, карантиндан олдин ҳам кунлик даромад ҳисобига яшаб келган одамларни тезда иш билан таъминлаш масаласи илгари сурилгани айни муддао бўлди. Ҳақиқатдан ҳам бу масалага ўз вақтида қаратилган эътибор туфайли муҳтож оилалар сони камайишига эришилиши шубҳасиз.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва хонадонларда иссиқхоналар ташкил этиш эвазига 14 мингта янги иш ўрни яратиш шунча оиланинг дастурхони тўкинлигига эришиш демакдир. Шунингдек, Президентимиз айтганидек, 110 минг кишини мавсумий, 167 минг фуқарони жамоат ишлари билан қамраб олиш масаласи ҳам аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Йиғилишда сервис соҳасини ривожлантиришга, шу билан бирга, карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда, тўловларни қабул қилиш, суғурта, микрокредит хизматларини ҳам йўлга қўйиш, бугунги кунда 80 мингга яқин оила ҳунармандчиликдан даромад топаётган бўлса ҳам карантин пайтида уйда қолган ҳолда бу соҳани янада ривожлантириш, масофавий ўқув курслари орқали аёлларга ва ёшларга ҳунар ўргатиш тажрибасини оммалаштириш, ёшларни интернетдан фойдаланиб, ақлий меҳнат орқали даромад топишга ўргатиш, шунингдек, “Ҳунарманд” уюшмаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ҳунармандчилик маҳсулотларини Ўзбекистон миллий бренди остида хорижда сотишни таъминловчи онлайн платформа яратиш вазифаси юклатилди.

Айниқса, комил ишонч билан айтиш лозимки, тижорат банклари аҳолига уй-жойларни таъмирлаш ҳамда автотранспорт, маиший техника ва бошқа товарларга кредитлар беришни кенгайтириши, аҳоли бандлигини таъминлашда Тошкент шаҳридаги вазиятни алоҳида инобатга олиб, хусусий банклар ёрдамида туманларда тадбиркорликни ривожлантиришга кўмак кўрсатилиши, бандликни таъминлашда янгича ёндашувлар ишлаб чиқилиши ва ушбу фаолият турлари қўллаб-қувватланиши каби кўплаб чора-тадбирлар халқимизнинг бугунги  турмуш фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлади.

Давлатимиз Президенти таъкидлаганидек, бугунги синовли кунларни барчамиз биргаликда, қўлни-қўлга бериб енгишимиз, ҳеч бир юртдошимизни оғир ҳолатда қолдирмаслигимиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистоннинг бахтли халқи сифатида ёруғ кунларга етишимиз учун  ҳамжиҳатлик билан юқоридаги чора-тадбирларни амалга оширишга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор. Ҳукуматимиз баъзи давлатлар каби  фуқароларини ўз ҳолига ташлаб қўймаяпти. Аксинча, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, барча имкониятларини ишга солиб, фуқаролар саломатлиги муҳофаза қилинишига, уларнинг рўзғори бут бўлишига, кўнгли хотиржамлигига эришиш ва иқтисоди юксалишига кўмаклашиш чораларини кўрмоқда.

Мен нафақат депутат, балки, халқнинг оддий фуқароси сифатида шундай меҳр-оқибатли, матонатли  эл фарзанди эканимдан фахрланаман. Мамлакат фаровонлиги ва юрт равнақи йўлида барчани фидойилик, ҳамжиҳатлик ва собитқадамликка чақираман. Олдимизга қўйилган вазифаларни сидқидилдан амалга оширишга ҳисса қўшиш барчамизнинг бурчимиздир.

 

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+