Халқимиз азалдан адолат истайди, шу боис партия фаолияти ўз номига лойиқ

28.09.2019 10:09:14

Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йилги сайловлар эълон қилиниб, муҳим жараёнлар бошланиб кетган айни пайтда “Адолат” СДПнинг мазкур сайловда иштирок этиши учун барча ташкилий-ҳуқуқий асослар мавжудлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Ўтган салкам чорак аср мобайнида партиямиз сиёсий курашларда ҳар томонлама тобланди, давр синовларидан ўтиб, мамлакатимиз сиёсий майдонида энг йирик, таъсирчан ва обрўли сиёсий кучга айланди.

Биз юртдошларимиз тасаввурида пайдо бўлган “кичик партия” синдромини шу пайтга қадар синдиришга муваффақ бўлдик. Бундан атиги беш-олти йил илгари бошқа сиёсий партиялар “Адолат”ни унчалик назарга илмаган бўлсалар, энди улар биз билан ҳисоблашишга ва рақобатлашишга мажбур бўлмоқдалар.

Халқимиз азал-азалдан адолатни севади, ҳамма жойда қатъий тартиб-интизом бўлишини, қонун устуворлиги таъминланишини, ижтимоий адолат принциплари мустаҳкам қарор топишини хоҳлайди. Шу боис, партиямиз кўтариб чиқаётган ҳаётбахш ғоялар кўпчиликнинг эътиборини жалб қилмоқда. Партиямизнинг ҳудудий кенгашлари ва вакиллик органларидаги депутатлик бирлашмалари томонидан  жамиятдаги турли муаммолар дадил-дадил ўртага қўйилмоқда ва уларнинг ечими юзасидан бир қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Натижада тобора кўпроқ ватандошларимиз “Адолат”га ишонч билдирмоқдалар ва ғояларимизни қўллаб-қувватламоқдалар. Буни сўнгги пайтда турли ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган сиёсий партиялар рейтинг кўрсаткичларидан ҳам билиб олиш мумкин. Илгари бундай рейтингларда партиямиз мунтазам равишда охирги ўринларни банд қилган бўлса, ҳозирда 1, 2- ўринларда эътироф этилмоқда. Бу албатта, қувонарлидир.

Ҳозир партиямиз сафлари ҳам анча мустаҳкамланди ва 400 мингдан зиёд аъзони ўз атрофида бирлаштирмоқда. Ваҳоланки, бундан атиги тўрт-беш йил олдин сафдошларимиз сони бор-йўғи 100-130 минг нафар эди, холос.

Партиямизни бошқа сиёсий партиялардан ажратиб турувчи яна бир кучли жиҳати бу, шубҳасиз, унинг мафкурасидир. Маълумки, партиямиз  дунё мамлакатлари тажрибасида синовдан ўтган социал-демократия мафкурасига таянади. Кўпгина мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу мафкура либерализм, консерватизм каби ғоявий йўналишлардан кўра ўзбек халқининг азалий урф-одатлари ва қадриятларига кўпроқ мос тушади. Айниқса, социал-демократиянинг эркинлик, тенглик, адолат ва бирдамлик каби устувор ғоя ва қадриятлари ўзбек халқининг миллий-тарихий  менталитетига тўлиқ ҳамоҳангдир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон заминида қатор соҳаларда, хусусан, ижтимоий адолат ва маънавий-маърифий масалаларда ҳамиша кучли давлатга нисбатан эҳтиёж мавжуд бўлган. Инсон азалдан фақатгина ўз шахсий бахт-саодати ва роҳат-фароғати учун тинимсиз ҳаракат қилувчи индивид сифатида эмас, балки жамоанинг ажралмас бўлаги сифатида қараб келинган. Маҳалла институти, жамиятнинг эҳтиёжманд аъзолари тўғрисида қайғуриш ҳисси, меҳр-мурувват, саховат каби халқимизнинг юксак азалий фазилатлари бунга яққол мисол бўла олади.

Демак, бир томондан, кўп минг сонли аъзолар ва тарафдорлар, иккинчи томондан эса ҳаётбахш ва халқчил социал-демократия мафкураси — партиямизнинг жорий йил декабрь ойида ўтказиладиган сайловлардаги муносиб иштирокини таъминловчи муҳим омиллар ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, биз бўлажак сайловда ютиб чиқиш учун барча имкониятларга эгамиз. Бунинг учун энг муносиб номзодларни танлаб олишимиз, Сайловолди дастуримизни пухта ишлаб чиқишимиз ҳамда сайловолди стратегия ва тактикани тўғри ташкил қилишимиз мақсадга мувофиқдир.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+