Халқини ўйлаган раҳбар очиқлик ва ошкораликдан қўрқмайди

26.11.2019 10:11:03

“Сўзлар маъноларини йўқотган пайтда инсонлар эркинликларини йўқотадилар”, деган эди Конфуций. Ҳақ гап! Қалам аҳли сўзни ўз ўрнида ишлатиб, хаста дилларга малҳам, инсонларга маърифат улашади, жамиятда ҳақиқат устувор бўлиши учун курашади. Журналистлик дунёдаги машаққатли ва шарафли касблардан бири. Кишиларда мазкур соҳа вакилларига нисбатан ўзига хос ҳурмат, ишонч ва ҳавас мавжуд.

Дарҳақиқат, журналистлик фидойиликни талаб этувчи касб. Журналистнинг бир оғизгина тўғри (адолатли, холис), ёки нотўғри (адолатсиз, нохолис) сўзи билан биттагина шахс, яъни бир кишининг эмас, балки бутун жамиятнинг тақдирини ҳал қилишга қодир бўлган ўринли ёки ноўрин хулосалар чиқариш мумкинлиги ҳаётимизда учраб турадиган оддий ҳақиқатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида матбуотни ҳаётимиз кўзгуси сифатида ифодалаши ғоят ўринлидир. Унда юртбошимиз журналистлар учун эркин ижод имконияти нақадар зарурлиги, у жамиятдаги муаммолар ечимига хизмат қилишини таъкидлаб, мутасадди раҳбарларга оммавий ахборот воситаларига нисбатан очиқ бўлиш лозимлиги ҳақида фикрлар билдирди. Раҳбарлар журналист билан ишлар экан, вазмин ва камтар бўлиши зарурлигини уқтирди.

Бугун журналистларнинг тўлақонли касбий фаолиятлари учун давлатимиз раҳбари томонидан кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Яхши ишлаган қаламкашларнинг қадр-қиммати кўтарилиб, муносиб тақдирланмоқда ва энг эътиборлиси – журналистларимиз учун ҳар қандай ривожланган хорижий давлатлар журналистлари учун яратилган имконият ва шароитлардан қолишмаган шароит ва реал имкониятлар яратиб берилмоқда. Улар энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан ишлашмоқда, хорижий мамлакатларга бемалол бориб, тажриба алмашиб,  интервью ва кўрсатувлар тайёрлаб келишмоқда.

Журналистика соҳасининг Ватанимиз ривожида, жамиятимиз тараққиётида  тутган муҳим ўрнини муносиб баҳолаган ва бу борада халқаро доирадаги  аҳвол ва амалий тажрибани чуқур ўрганиб, танқидий таҳлил қилган ҳолда юртбошимиз томонидан замонимизга ҳар томонлама мос ва хос бўлган юқори малакали журналистларни тайёрлашга ихтисослашган янги   Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилганлиги  чексиз таҳсинларга сазовордир.

Одил ва оқил раҳбар очиқ ишлашдан қўрқмайди. Очиқлик эса аввало халқ билан мулоқот олиб бориш, дардига бевосита шерик бўлишда кўринади. Бугунги кун раҳбарларидан кабинетда ўтириб иш бажариш эмас, аҳоли билан юзма юз бўлиш, халқ истагини улар ичида бўлиб ўрганиш талаб этилмоқда. Фаолиятида жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўёлган раҳбар доим ғалаба қозониши, ишида ривож топиши шубҳасиз. Халқ билан мулоқотда зарурий ва қулай восита ОАВ эканлиги кундек равшан. Демак, маърузада таъкидланганидек, раҳбар журналистга менсимай қараш, ҳақоратлаш, таҳдид ўтказиш ўрнига улар билан дўст тутинса, аввало ўзи катта фойда топади.

Раҳбарларнинг ОАВга душман назари билан қараши мамлакатимиз имиджига салбий таъсир кўрсатиши табиий. Шунингдек, уларнинг журналистларга бундай муносабати мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлашда амалга оширилаётган ислоҳотларга соя солмоқда. Аёнки, раҳбар ОАВга нисбатан муносабатини ўзгартирмас экан, на мамлакат обрўси юксалади ва на ўз ташкилоти ишида ривож топади.

Кучли ижтимоий фикр ва ОАВ жамиятни глобаллашувнинг сиёсий-иқтисодий ва мафкуравий тазйиқлардан ҳимоя қилишда энг самарали ҳимоя воситаси бўла олади. Буни хис этган ҳолда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўз сайловолди дастурида журналистлар борасида алоҳида тўхталган. Журналист нуфузини ошириш, унинг эркинлиги ва холислигини таъминлаш, моддий қўллаб-қувватлаш, журналист кадрлар маҳоратини ошириш каби масалаларни устувор вазифаларимиз қаторига киритганмиз.

Яна бир муҳим жиҳат – сайловолди дастуримизда “Давлат хизматлари тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш масаласи илгари сурилган. Ушбу Қонунга давлат хизматчиларининг оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан ишлаши тўғрисида алоҳида нормалар киритиш бугунги куннинг ўзи талаб этмоқда. Бу ўз навбатида журналистлар фаолиятида ҳам очиқлик ва ошкоралик, эмин-эркин ижод қилиш шароитини туғдиради.

Доимий фаолиятимиз давомида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтиришга катта эътибор қаратамиз. Навбатдаги сайловлар жараёнида ҳам журналистлар кўмагига таянамиз. Зеро, бу орқали жамоатчилик ўртасига кенг кириб боришимиз осон ва самаралидир.

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Ostonov O'tkir Yangiboyevich
2019-12-18 10:23:36
Men 2017 yildan buyon Respublikamizning yuqori turuvchi organlariga haddan tashqari ko'p murojaarlar qilib kelmoqdaman ammo ne afsuslar bo'lsinki adolat ko'rmayapman, hurmatli deputatlar!!!
FAXXRIDDINOV SHERZOD FAXRIDDIN O'G'LI
2019-12-06 17:13:10
Assalomu alaykum Meni yoshim 20 da samarqand viloyati Ishtixon tumanida yashayman men ushbu partiya ilgari surayotgan g'oya va loyihalar tarafdoriman. Men ushbu partiyaga o'z takliflarimni bildirmoqchiman. Viloyatlar va tumanlarga partiya nomzodlarining o'zlari axoli orasida g'oyalarni kengroq yoritib berishlari k-k. Men ham bunga ko'maklashmoqchiman agar menga partiya imkoniyat va sharoit yaratib bersa.....

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+