Ҳамма биладиган, ҳеч ким тузатмаётган магистратура муаммолари

30.04.2020 14:04:51

Инсон капитали мамлакатнинг муҳим миллий бойлиги ҳисобланади. Унинг ҳар томонлама кўпайиши ва тараққий этиши, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга бўлган, мамлакатни модернизация қила оладиган ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, юрт ва халқ манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш эса бугунги замон талабидир. Бунга эришишда энг асосий эътиборни кадрларни тайёрлаб беришдаги муҳим бўғин, педагог кадрлар тайёрлашдаги асосий босқич ҳисобланган магистратура мутахассисликларига эътибор қаратиб, бу йўналишда айрим ислоҳотларни кечиктирмасдан амалга ошириш лозим.

Бугунги кунда кўплаб дунёқараши кенг, малакали кадрларимизнинг аксарияти магистратура босқичини чет элнинг нуфузли олий таълим муассаларида (ОТМ) давом эттиришни ўз олдиларига устувор вазифа қилиб белгиламоқдалар. Албатта, бундай танловнинг ўзига хос ютуқлари ва камчиликлари ҳам мавжуд. Аввало, хорижий давлатлардаги ОТМларда ўқиш орқали билим ва кўникмалар олиш, сўнгра унинг натижаларини юртимиз ривожига сарфлаш муҳим омил, лекин бундай танловни ўзимизда муқобил таклиф бўлмаганлиги сабабли, ёшларнинг чет давлатга кетишга мажбур бўлиши ачинарли ҳолат ҳисобланади.

Хўш, ҳозирда магистратура босқичининг асосий муаммолари қай жабҳаларда намоён бўлмоқда?

Биринчи ҳолат. Бугунги кунда бакалавриат ёки магистратура битирувчисининг лавозими ёки ойлик маошларида ҳеч қандай фарқ мавжуд эмас. Кўп ҳолларда бакалавриатни бир вақтда тамомлаган, меҳнат фаолиятини эртароқ бошлаган бакалавриат битирувчиси, иш тажрибаси юқорилиги сабабли магистратура битирувчисига нисбатан юқори лавозимларда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Иш берувчилар учун битирувчиларнинг қайси босқич диплом соҳиби эканлигидан кўра, билим ва қобилияти ёрдамида аниқ белгиланган вазифани маҳорат билан бажара олиши муҳим ҳисобланади. Магистратура босқичи ўз моҳиятини йўқотиб, кўпроқ ОТМда ўз фаолиятини давом эттириш учун зарур бўлган мажбурий ўқиш сифатида қаралмоқда.

Иккинчи ҳолат. Ўз навбатида ОТМ раҳбарияти таркибига кирувчи масъуллар (ректорат, факультет деканати, кафедра мудирлари) келажакда ўзи учун кадр танлар экан, биринчи навбатда ҳар қандай топшириқларни бажаришда мулоҳаза қилмайдиган, “хўп бўлади” деб турувчи ходим “маҳмадона, қайсар, ақлли, бетгачопар”дан кўра қадрлироқ ҳисобланади. Бундай ходимларнинг, айниқса турли ҳашарларда фаоллиги, дам олиш кунлари ишга жалб этиш мумкинлиги ва бошқа топшириқларни бажаришда сўзсиз итоат этиш каби “хислат”лари юқори баҳоланади. Одатда бундай “қўғирчоқ” ходимларнинг мансаб пиллапояларидан кўтарилишлари учун етарли шароитлар яратиб берилади. Табиийки, бундай ходимлардан инновацион янгиликлар кутиш, уларнинг ўз илмий салоҳиятини ишга солган ҳолда яратувчанлик ва ижодкорлик фаолияти билан шуғулланишини кутиш мушкулдир.

Албатта, санаймиз десак, бунақа муаммоли сабаблардан кўплаб келтириш мумкин. Аммо муаммони санаган билан уни ҳал қилиб бўлмайди. Шу боисдан “Адолат” СДП томонидан сайловчилар таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, магистратура мутахассисликларини қабул қилиш жараёни ўрганилиб, ушбу тизимни шаффофлаштириш ва янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди. Улар қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, магистратурага қабул жараёнини жамоатчилик муҳокамаси асосида қайтадан кўриб чиқиш зарур. Бу жараённи абитуриентлар қабул жараёнидек ташкиллаштириш зарур, яъни олий таълим муассалари эмас, балки Давлат тест маркази томонидан шаффофлик асосида умумий павильонларда, видеокамера кузатуви ва онлайн трансляция этиш орқали амалга ошириш мақсадга мувофиқ. ОТМларга қабул учун тест тузиш, жавобларни текшириш жараёнига субъектив омил таъсирининг олдини олиш зарур. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида барча йўналишлар учун тестлар базаси мавжуд бўлиб, ушбу базадаги саволларни доимий тарзда янгилаш, такомиллаштириш, тўлдириш ҳамда магистратурага кириш синовлари жараёнида фойдаланиш мумкин.

Иккинчидан, ҳозирги кунда магистратурага кириш синови Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарорига асосан (2019 йил 27 апрелдаги 360-сон қарор билан ўзгартириш киритилган) махсус фанлардан синов, чет тили ва ОТМ битирувчисининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи асосида йиғилган баллардан ташкил топади.

Кириш синовларига 2019 йилда фақат турдош йўналишлардан топшириш бўйича чеклов бекор қилинди (6 та йўналишдан ташқари). Мисол учун, жисмоний тарбия йўналишида бакалаврни тамомлаб, математика йўналиши учун магистратурага ҳужжат топшириш имкони яратилди. Лекин турли ОТМларда талабалар билимини баҳолашдаги ёндашувдаги фарқлар, турли қийинчиликдаги фанлар ўқитилиши ёки талабаларнинг моддий шароитидан келиб чиққан ҳолда стипендиясиз контракт асосида таҳсил олганлиги сабабли умумий рейтинг  талаба билимининг ҳаққоний индикатори вазифасини ўтай олмайди. Шу сабабли кириш синовларида умумий рейтинг ёки ўзлаштириш кўрсаткичи асосида бериладиган баллни бекор қилиш зарур.

Учинчидан, магистратурага кириш синовларида танланган мутахассислик бўйича билим даражасини белгиловчи махсус фанлардан синов ўтказиладиган баҳолаш мезони ҳозирда 0 баллдан 100 баллгачани ташкил этади. Магистратура босқичи юқори малакали мутахассислар тайёрлашдан иборат бўлганлиги сабабли кириш синовларида мутахассислик фанларига 0 баллдан 150 баллгачани ташкил этиши ёки мутахассислик фани (фанларидан) 3,1 балл, чет тилидан 1,1 балл ташкил этиши мақсадга мувофиқ.

Тўртинчидан,  2019 йилда магистратура мутахассислиги учун умумий квотанинг 53 фоизи давлат гранти асосида ташкил этилди, 2018 йилда бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил этган. Бу йилги пандемия ва унинг иқтисодиётга бўлган салбий таъсири ҳамда аҳоли аксар қисми даромадлари камайганлигини ҳисобга олган ҳолда магистратура мутахассислиги учун ажратилган квотанинг 75-80 фоизи давлат гранти асосида қабул қилиниши керак.

Бешинчидан, ҳозирги давр талабларидан келиб чиққан ҳолда магистратура ихтисосликлари рўйхатини яна бир бор қайта кўриб чиқиш ва эҳтиёж катта бўлган йўналишлар, хусусан, коронавирус пандемиясидан кейинги давр учун зарур бўлган йўналишлар бўйича магистратурага қабул қилинадиган талаблар сонини ошириш (пандемик вирусолог, биолог, эпидемиолог каби йўналишлар бўйича кадрларга зарурат ошган) ҳамда янги мутахассисликларни жорий қилиш масаласини кўриб чиқиш.

Олтинчидан, иқтисодиётнинг бир қатор тармоқларида кадрларга бўлган эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда тегишли соҳаларда узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келаётган, тажрибали ходимларга иш жойидан ажралмаган ҳолатда магистратура мутахассислигига масофавий, сиртқи ва кечки таълим дастурлари бўйича қабулни амалга ошириш.

Юқоридаги таклифлар асосан магистратурага кириш синовларида тез-тез учраб келган коррупциоген омилларни йўқотиш, узоқ йиллардан бери тор доирадаги гуруҳларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб келган мезонларни бекор қилиш мақсадида берилди. Зеро, юқорида келтириб ўтилган омиллар  ўқишни давом эттириш ва мамлакат ривожи учун ўз ҳиссаларини қўшиш илинжида бўлган кўпгина билимли ва қобилиятли бакалавриат битирувчиларининг интилишини амалга оширириш йўлида тўсқинлик қилмоқда.

 

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Shaxnoz
2020-04-30 22:15:46
Rahmat, maqola menga juda yoqdi, fikringizga qóshilaman.

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+