Ҳақиқий баҳони қонуний сайлов беради

30.08.2019 17:08:22

“Америка овози” нашрида эълон қилинган “Ўзбекистон парламенти сайловларида рақобат қай даражада?” сарлавҳали мақолада “Эрк” партияси етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг фикрлари баён этилади. Аслида у гаплар фикр деб аташга лойиқми, деб иккиланасан киши. Чунки у билан танишган одам на кулишини ва на куйишини билади.

Аслида мақола оммавий нашрлар ва ижтимоий тармоқлар орқали ўтказилган рейтинг натижаларидан келиб чиқиб ёзилган, чоғи. Мақола аввалида “Ўзбекистонда илк бор расмий партиялар рейтингига доир сўровнома ўтказилган”, дейилади. Ваҳоланки бу илк сўровнома эмас. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтган йиллар давомида бир неча маротаба партиялар рейтингини очиқловчи сўровномалар ўтказилганидан муаллиф бехабар кўринади.

Тўғри, сўровномалар жамоатчилик фикридан хабардор этади. Лекин сайлов натижалари ва рейтинг кўрсаткичлари орасида катта фарқ бор. Мазкур сўровномада 30 мингдан ортиқ киши иштирок этган бўлса, сайлов республика аҳолисини тўлиқ қамраб олган ҳолда ўтказилади. Демократик ва қонуний руҳда ўтказилган сайловларни реал ва ишончли баҳо, деб ҳисобласа тўғридир. Бундай рейтинг ва сўровномалар эса нисбийлик, холос.

Мақола давомида мазкур сўровномада мухолиф партияларга ўрин берилмагани ёзилади, сўровномага “Эрк” партияси киритилмагани иддао қилинади. Рейтингдаги бандлардан уларга жой ажратилишига қандай асос бор? Ахир “Эрк” ўзига “сиёсий майдондан четлатилган” таърифини бериб турибди-ку? Қайси ишлари эвазига бу партия давлатдан эҳтиром кутяпти?

Айрим жумлалар жуда таажубланарли. Агар “Эрк” сайловда иштирок этса, катта фоиз билан ғалаба қозонар эмиш. Бу партия қандай меҳнатларига ишониб бунчалик баландпарвоз гапларни гапиряпти? “Агар рейтингга мухолифат киритилганида, бу партиялар ҳозирги фоизини ҳам ололмас эди” деган гап қаердан келиб чиқди? Аввало, юқорида айтганимиздек, виртуал сўровнома – нисбий масала, норасмий нарса. Унда  юқори ўринни забт этиш сайловда ғолиб бўлиш дегани эмас. Иккинчидан, “Эрк” ўзининг баландпарвоз гапларига ишониб ўтириш билан нимага эришмоқчи? Агар уни қўлловчилар шу қадар кўп бўлса, нега шу пайтгача юзага чиқмади?

“Бирор қийинчиликсиз парламентни эгаллашига ишончим комил” дейилиши янада таассуфга солади. Албатта, бундай инсонларнинг қийинчиликка тоби йўқ, осон ва қинғир йўлларни ахтариб ўрганган. Қонуний фаолият олиб бориш, халқ ишончини қозониш учун амалий ҳаракат қилиш, жойларда инсонлар дардини ўрганишдан кўра бўлар-бўлмас гаплар билан банд бўлиш осон-да. Уларнинг мақсадлари ҳам шу йўл билан чиркин ниятини амалга оширишдир. Аммо янглишадилар: бугунги сайловчи аввалгиларидан тубдан фарқланади. Инсонларнинг ҳуқуқий онги ва сиёсий саводхонлиги ошиб, оқ-қорани ажратиш қобилиятига эга бўлди.

Дилобар МИРЗАЕВА,

“Адолат” СДП фаоли

Улашинг!