Ҳар бир қарор чуқур таҳлилга асосланиши лозим

16.04.2020 12:04:03

Таъкидлаш жозки, ҳозирги кунда бутун дунёда кечаётган мураккаб пандемия вазиятида аҳолининг кундалик ҳаёти учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш биринчи навбатдаги масала бўлиб қолмоқда.

Шу аснода мамлакатимиз шароитида аҳолининг озиқ-овқатга, шу жумладан қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ва талабини қондириш борасида ҳар бир фуқаро ўзининг томорқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириши ва бунинг натижасида оиланинг эҳтиёжини қондириш билан бир вақтда қўшимча даромад олиши учун ҳам имконият ҳисобланади.

Шу сабабли мазкур масалага муҳтарам Президентимиз томонидан алоҳида урғу бериб, ҳар бир томорқа эгаси бу борада масьулиятини ошириши ва ўзига тегишли ер участкасидан оқилона фойдаланиши лозимлиги ҳақида фикр билдирдилар.

Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг таклифида эндиликда томорқа ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганлик учун жарима жазосини қўллаш борасида қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимча киритиш илгари сурилмоқда. Таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши қандайдир маънода томорқа ер эгалари фойдаланувчиларининг масъулиятини оширишга хизмат қилиши мумкин.

Бироқ, таъкидлаш жоизки, амалдаги қонунчиликда томорқа ер участкасидан оқилона фойдаланишини назорат (мониторинг) қилиш ҳамда назорат тадбири якунлари бўйича мазкур ер участкасига бўлган ҳуқуқини бекор ҳамда солиқ солиш борасида қўшимча солиқ ҳисоблаш бўйича таъсир чоралари қўллаш механизмлари яратиб берилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 84-моддасида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари деҳқон хўжаликларининг ер участкаларидан ҳамда томорқа ерлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, шу жумладан ерларга ишлов берилишининг ҳолати, уруғлар, кўчатлар ва дарахтларнинг экилиши, иссиқхоналар қурилиши, чорва ва парранданинг кўпайтирилиши устидан жамоатчилик назоратини ҳамда уйларни айланиб чиқиш орқали мунтазам равишда мониторингни амалга ошириб боришлари белгиланган.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ўз аъзолари бўлган фермер, деҳқон хўжаликларига ҳамда томорқа ер эгаларига тегишли ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар беришга ҳақли.

Шу ўринда савол туғилади, ҳозирги кунга қадар кенгаш ўзига мазкур қонун ҳужжати билан юклатилган ваколати ва вазифаларини қай даража бажаришга эришди? Агар мазкур ваколатлардан самарали фойдаланилиб, аҳоли ўртасида зарур тушунтириш ишлари амалга оширилганида томорқалардан оқилона фойдаланиш борасидаги муносабат ўзгаргариши мумкин эди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекснинг 437-моддаси олтинчи хатбошида якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ёки уни ободонлаштириш амалга оширилмаган тақдирда солиқ уч баравар миқдорда тўланиши назарда тутилган.

Юқорида қайд этилганидек, томорқа ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганлик учун ердан фойдаланувчига давлат томонидан иқтисодий таьсир этиш чораси мавжудлиги кўринади.

Шу ўринда, “Адолат” СДП фракцияси томорқа ер эгаларига томорқа ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганлиги учун бир вақтнинг ўзида ҳам иқтисодий, ҳам маъмурий жазо қўлланилиши фуқаролар (томорқа ер участкасидан фойдаланувчилар)нинг иқтисодий ҳолатига қандай таъсир этиши мумкинлигини ўрганиб чиқилиши лозим, деб ҳисоблайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда фракциямиз томорқа ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш тўғрисидаги таклифларни келиб чиқиши мумкин бўлган ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий оқибатларни ҳар томонлама таҳлил қилган ҳолда муҳокама этилиши мақсадга мувофиқ, деб билади.

Дилмурод ИСМАИЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+