Ҳукумат, тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботи мунтазам эшитилади

24.01.2020 15:01:28

 

Президентимизнинг парламентга Мурожаатномаси ҳар сафар катта сиёсий воқелик бўлади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Давлат бошқарувининг бундай демократик усули бугун юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, халқ билан мулоқот принципига ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, ҳар биримизнинг иш фаолиятимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан бирга, соҳаларнинг тизимли ривожланишида ҳам муҳим дастуриламал бўляпти.

Бугунги Мурожаатномада юртимизда ҳар бир соҳада амалга оширилган оширилган ишлар танқдий-таҳлил қилиниб, давлат Дастурлари доирасида амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 479 та қишлоқ ва овулда, шаҳарлардаги 116 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Қишлоқ жойларда 17 минг 100 та, шаҳарларда 17 минг 600 та жами 2016 йилга нисбатан салкам уч баробар кўп арзон ва шинам уйлар қурилди. Кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 5 мингта оилага, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ипотека кредити асосида арзон уй-жойлар сотиб олиш учун 116 миллиард сўмдан зиёд бошланғич бадал тўлаб берилди.

Албатта, бу каби ишлар халқимизнинг янада яхши яшашида муҳим омил бўляпти.

Мурожаатномада давлатимиз раҳбари мамлакатимизда 2020 йилни — “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириши йили”, деб эълон қилди. Албатта, илм-маърифат юксалган жойда барқарор ривожланиш, тараққий этиш бўлади. Президентимиз жорий йилда “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилишимиз керак, деб таъкидлади. Бунда, биринчи навбатда, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш лозим. Ҳар бир қулайлик аҳолимиз манфаатларига хизмат қилиши баробарида уларнинг юмушини енгил этиб, фаровонлигини оширишга хизмат қилади. 

Эндиликда биз — парламент вакиллари илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Ҳукумат, тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботини мунтазам эшитиб борамиз. Ушбу механизмнинг жорий этилиши белгиланган вазифаларнинг ҳаётимизга самарали жорий этилишида муҳим омил бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган Мурожаатномаси мамлакатимиз ҳаётининг энг муҳим йўналишларини белгилаб берди. Бу борада биз депутатлардан тегишли хулосалар чиқариб, соҳаларнинг янада ривожланишига хизмат қиладиган қонунлар ишлаб чиқишда фаоллик кўрсатишимиз керак.  

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+