Ҳуқуқ ва ғурурнинг эркак аёли бўлмайди

03.07.2020 16:07:48

Бугунги ўзбек аёли ким: бошқарувчими ё буйсунувчи, эргашувчими ё эргаштирувчи? Замонавий ўзбек аёли портретини қандай чизғилар билан бойитиш мумкин? Аёлларнинг кучли жинс вакиллари билан тенгма-тенг ҳуқуққа эга бўлиш жараёни юртимизда XX аср бошларидан авж олди. Сабаби, фарзанд тарбиялаётган оналарнинг ўзлари ҳам зиёли бўлиши лозимлигини кўпчилик тушуна бошлаган эди. Аёлларимиз ҳам оилани, ҳам касб-ҳунарни бирдек бошқариб, жамият учун керакли шахсларга айландилар. XIX аср охири XX аср бошларининг етакчи маърифатпарварлари М. Беҳбудий, А.Фитрат, А.Авлоний хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни борасида кенг фикрлар билдирганлар. Масалан, Фитратнинг “Оила” асарида шундай фикрлар бор: ― Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги миллий озодлик, эрк учун зарур: аёллар фақат уй-рўзғор, бола тарбияси билан банд қолмаслиги керак”, - дейди.

Бугунги кунда ҳар қандай жамиятнинг асосий «кўзгуси» – хотин-қизлар эканлиги шубҳасиздир. Чунки жамиятнинг ижтимоий тузуми қандай бўлишидан қатъий назар, ўша жамият аҳолиси турмушининг фаровонлик даражаси, оилалар барқарорлиги, келажак авлод – фарзандлар тарбияси, иқтидори, жамиятдаги интеллектуал салоҳият, маънавият ва маданият, маърифат, қўйингки, барча жабҳаларда эришилган ютуқлар шу жамият тараққиётига хотин-қизларнинг қўшадиган ҳиссаси ва ўша жамиятнинг аёлларга муносабати билан белгиланади.

Мамлакатимизда аёлларнинг ўз иқтидорларини намоён қилиши, қобилиятига яраша ишлаши учун барча шароитлар яратилган. Ана шу имкониятлардан фойдаланиш даражаси эса унга боғлиқ. Агар аёл ўзини нафақат аёл, балки инсон сифатида жамиятдаги ўрнини англаса, унга табиат ато этган қобилиятни тўғри йўналтира олса, фақат оила қуришни эмас, балки ҳалол меҳнати билан жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши лозимлигини ҳаётининг мақсади деб билса, бу аёл албатта ўз ҳаётидан қаноатлана олади, рози бўлиб яшайди. Агарки, фақат оилани ҳаётининг асосий мақсади қилса, пировард натижада намоён қилинмаган қобилият, фойдаланилмаган имконият, эришилмаган ютуқлар у учун армон бўлади ва қалбида барча нарсага эриша олган аёлларга нисбатан ҳасад туйғуси шаклланади, бу унинг ғазабнок бўлишига олиб келади.

Ер юзи аҳолисининг эллик уч фоизини аёллар ташкил этади. Шунинг учун ҳам гендер муаммолари бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланган. Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Улар ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида самарали ва фаол меҳнат қилиб келишмоқда.  Асосий қонунимиз - Конституцияда ҳам хотин-қизларнинг барча соҳаларда тенг ҳуқуқли эканлиги эътироф этилган. Ҳукумат томонидан чиқарилаётган қарор ва фармойишларда аёллар, оилалар, фарзандлар манфаати ҳамиша устувор бўлиб келмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар аёлларнинг жамият ҳаётида фаоллиги орқали ўз ифодасини топаётганлиги ҳам айни ҳақиқат. Хотин-қизларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда эътибор кучайтирилаётганлигининг яна бошқа жиҳатлари ҳам бор. Хусусан, уларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, иқтисодий фаолиятни кенг йўлга қўйиш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш масалалари давлатнинг муҳим мақсадлари қаторидан жой олди.

Аёлнинг ҳар қандай ишга масъулияти икки ҳисса кучли. Қаерда бўлмасин, таълим тизимими, соғлиқни сақлаш, транспорт соҳасими ва бошқа бўлишидан қатъий назар аёл ўз вазифасини ортиғи билан бажара олади. Бир замонлар аёлларга заифа, ожиза дейишган. Бу сўзлар ҳозир ҳам онда сонда учраб туради. Фикримизча, ҳеч бир даврда аёл ожиза бўлган эмас ва ҳозир бундай эмас. Аёлга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уни асраш ва улуғлаш халкимизнннг кўп минг йиллик тарихи давомида шаклланган менталитетининг муҳим сифатларидан бири бўлиб, турмуш тарзимизиинг ўзига хос хусусияти сифатида сақланиб қолмоқда. Марказий Осиё халқларининг дунёга машҳур “Алпомиш”, “Қирқ қиз” каби эпослари, ўзбек халқ эртакларида аёлларнинг мардлиги ва жасорати, уларнинг ақл-заковатда эркаклардан қолишмаслиги ёрқин ифодаланган.

Тенглик, инсон ривожланиши концепцияси билан боғлиқ ҳолда барча одамларга моддий ва маънавий эҳтиёжларни қондиришда тенг имкониятлар яратилишини кўзда тутади, ва авваламбор, бу ҳол таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик ва жамиятнинг сиёсий ҳаётида иштирок этиш имкониятларига тааллуқлидир.  Имкониятлар тенглиги, аввало, моддий фаровонлик даражаси, ижтимоий мавқе, эътиқоди, жинси ва қайси миллатга мансублигидан қатъи назар инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тенглигига асосланади, Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясида (1948 йил) қайд этилганидек, инсон қадр-қиммати “озодлик, адолатлилик ва умумий тинчлик асосидир”.

Асосий ҳуқуқ ва эркинликларнинг йўқлиги инсон ва жамият таназзулига олиб келиши, ижтимоий ва сиёсий тартибсизликлар, зўравонликнинг ёйилиши ва ихтилофлар туғилиши учун шарт-шароит яратиши мумкин. БМТнинг инсон ривожланиши муаммоларига оид ҳужжатларда таъкидланганидек, “ҳеч бир жамиятда хотин-қизлар эркакларникидек имкониятларга эга эмас. Бундан тенгсиз мақом хотин-қизларнинг инсон салоҳиятини ривожлантиришга қўшаётган салмоқли улуши билан ушбу жараён берадиган имтиёзлардаги улушининг кичиклиги ўртасидаги номутаносибликнинг сақланиб қолишига олиб келмоқда”. Шу муносабат билан инсон ривожланиши ва демократлаштиришга доир устувор муаммолар муқаррар равишда эркаклар билан хотин-қизлар ўртасидаги тенгликка эришиш билан боғлиқ масалаларга бориб тақалади, ва натижада, хотин-қизлар мақомини ошириш ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кенгайтириш зарурати вужудга келади.

Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчилардан бўлиб хотин-қизларга эркаклар билан тенг ҳуқуқлар берилиши борасида қатор тадбирларни амалга оширди. 1995 йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида конвенция(CEDAW)ни ратификация қилди. Унинг қатор моддалари миллий қонунчиликка киритилди. Шу муносабат билан, жинслар тенглигига эришиш бўйича тегишли дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш энг долзарб муаммога айланмоқда. Бу узоқ муддатли мақсад бўлиб, у маданий, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий меъёрларда жиддий принципиал ўзгаришларни ва мутлақо янги тафаккурнинг шаклланишини тақозо этади.

Эркаклар ва хотин-қизларнинг биологик фарқларини мутлақлаштириш жараёни шунга олиб келдики, инсон фаолиятининг кўплаб соҳалари сунъий равишда “аёлларга хос” ва “эркакларга хос” турларга бўлина бошланди. Бу эса фан мазмунининг ўзида ҳам акс этди. Янги (гендер) концепцияси биологик жинс билан (инглизчасига – sex) ижтимоий жинс (инглизчасига – gender) фарқланишига ҳамда жинслар орасидаги ижтимоий муносабатлар фақат эркаклар ва хотин-қизларнинг биологик ўзига хослиги билан белгиланмаслиги, ижтимоий роллар бирлиги, физиологик фарқлардан сезиларли равишда кенглигинианглашга қурилган.

Гендер тенглик XXI асрда ривожланиш соҳасида БМТ мақсадларига эришиш борасида принципиал жиҳатдан аҳамиятли омилдир. Шунга мувофиқ тарзда гендер ёндашувларнинг такомиллаштирилиши ва жорий этилиши ижтимоий адолат, инсон ривожланишининг тенг ҳуқуқлилиги ва барқарорлилигига эришиш йўлида асосий масала бўлиб қолмоқда. БМТ томонидан қўйилган масалаларнинг самарали тарзда ижро этишйўлларини излаш янги гендер ёндашувларни ишлаб чиқишга олиб келди.

Аҳолининг турли гуруҳларининг ўзларининг ижтимоий роллари ва ўзига хос талабларига мос равишда ривожланиш бўйича фаолиятда иштирок этишига нисбатан гендер ёндашувнинг қўлланилиши ривожланишнинг гендер стратегиясини ишлаб чиқиши имконини берди ва унга қуйидаги таркибий қисмлар кирди:

  • хотин-қизлар эҳтиёжларини устун тартибда кўриб чиқиш ва ҳисобини юритиш (айниқса, маданий меъёрлар ва қадриятлар, уларнинг фаолиятда тенг иштирокини чеклаб қўйган тақдирда);
  • жамиятда хотин-қизлар аҳволини эркакларнинг аҳволига нисбатан аниқлаш ва яхшилаш;
  • хотин-қизлар томонидан ўз аҳволини, талаб ва эҳтиёжларини англаш;
  • хотин-қизлар аҳволини яхшилашга ҳалал берувчи тўсиқларни аниқлаш;
  • хотин-қизлар фаолият соҳаларини кенгайтириш, улар томонидан анъанавий эркаклар роллари ва касб-корларининг ўзлаштирилиши;
  • ўтмишдаги камситишнинг бевосита ёки воситали оқибатларини бартараф этиш;
  • хотин-қизларнинг ночор гуруҳларини устун равишда ривожлантириш.

Гендер тенглиги – аёллар ва эркаклар, қизлар ва ўғил болалар учун тенг ҳуқуқ, масъулият, имконият, қадрият ва натижалардир. Гендер тенглиги фақат аёлларга тааллуқли масала бўлмасдан у, эркаклар ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳам англатади. Чунки жамият хар икки жинсдан гендер нормалари ва стандартларига мувофиқ ҳаракат қилишни кутади. Тенглик аёллар ва эркаклар бир хил бўлиб қолишини билдирмайди. Лекин уларнинг ҳуқуқлари, масъулияти ва тенглиги ўзлари қиз ёки ўғил бола бўлиб туғилганларига боғлиқдир. Гендер тенглиги аёлларнинг ҳам, эркакларнинг ҳам манфаатлари, эҳтиёжлари ва устуворликлари ҳисобга олинганлигини кўрсатади.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда хотин-қизларини эъзозлаш, жамиятдаги ролини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Шу мақсадда хотин-қизлар манфаатини ифодаловчи қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, 2019 йилда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги. “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидан. Аёлларга кўплаб ижтимоий имтиёзлар жорий қилинди. Ана шундай чора-тадбирлар туфайли аёлларимиз бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг, давлат ва жамиятда кечаётган ҳаётбахш ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айландилар.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони гендер тенгликнинг амалий дастури бўлишига шубҳа йўқ. Фармон билан беш бўлимдан иборат Миллий стратегиянинг ҳамда 78 банддан иборат Йўл харитасининг тасдиқланиши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилишнинг аниқ мақсад ва манзилларини тизимли чоралар билан белгилаб берди. Жумладан, давлат органларида, нодавлат ва хусусий ташкилотларда, айниқса, қарорлар қабул қилиш билан боғлиқ юқори лавозимларда аёлларнинг тенг вакиллигини таъминлаш сиёсатини  такомиллаштириш, жамоатчилик онгида эркаклар ва аёлларнинг ўрни ҳақидаги тушунчаларни ўзгартиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга ошириш каби масалалар икки тоифа вакилларининг  ҳуқуқларини тенглаштириб, ғурурларини юксалтиради.

Аёл қадрини қанчалик юқорига кўтаришга муяссар бўлсак, миллий ғуруримиз, маънавият ва маданиятимиз янада юксалиши, оилаларимиз барқарорлиги таъминланиши, ҳалол ва пок, фидойи, ватанпарвар, жамиятга фойда келтирувчи, миллатимизни бутун жаҳонда кўз-кўз қилувчи фарзандларимиз сони кундан-кунга кўпая бориши табиий ҳолдир. Зеро, ҳар томонлама фаол ва оқила, доно, изланувчан, замонавий аёл меҳнатидан, салоҳиятидан нафақат унинг оиласи, балки бутун жамият манфаатдор бўлиши чин ҳақиқатдир ва биз қураётган жамиятнинг оғир юкини дадил кўтариб, унинг пойдеворини мустаҳкамлаб турадиган асосий куч – жамиятимиздаги ҳар бир оила, ҳар бир инсон, ҳар бир фуқаро, шу жумладан, хотин-қизлар эканлигини унутмаслигимиз керак.

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва

фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+