Инқирозни биргаликда енгамиз

07.04.2020 10:04:02

Бутун инсониятни ташвишга солган “пандемия” энди мамлакатлар иқтисодига ҳам ўзининг тажовузкорона таъсирини билдира бошлади. мамлакатларда эълон қилинган вақтинчалик карантин, ташқи чегараларни ёпилиши, ҳаракатланишлар бўйича чекловлар ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш, чет давлатлар  билан  барча соҳаларда алоқани тўхтатиб қўйиш оқибатлари энди иқтисодиёт тармоқларида янги инқирозни бошлаб берди.

Шу сабабли мамлакатимизда ҳам аҳолининг кам таъминланган қисмини манзилли қўллаб қувватлаш, ишлаб чиқариш ҳажмларининг  қисқаришини олдини олиш, экспортга маҳсулот чиқариш  ва импорт орқали хом ашё кириши тўхташи натижасида  иқтисодиёт соҳаларида келгусида келиб чиқадиган зарарлар оқибатларини юмшатишга қаратилган тезкор чоралар қабул қилинмоқда.

Аввало 19 март куни Президентимиз томонидан “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унда  мамлакатимизда тарқаб улгурган “коронавирус” балосини батамом тугатиш ва инқирозга қарши курашиш, унинг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича ўта муҳим вазифалар амалга оширилмоқда.

Бугунги барча соҳаларда кечаётган қийин вазиятда иқтисодиётимизни, тадбиркорларимизни янада фаол қўллаб-қувватлаш учун Президентимиз томонидан куни кеча “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора тадбирлар” тўғрисидаги яна бир муҳим Фармон қабул қилинди. Айтиш жоизки бу фармон мамлакатимизда пандемия оқибатларини юмшатиш, халқимизни шу қийин вазиятларда давлат томонидан қўллаб қувватлашганга қаратилган навбатдаги қадамни бошлаб берди.

Кўлами жиҳатидан 22,3 трилион сўмлик чора тадбирларни ўзида жамлаган бу фармонда аввало аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш ҳамда энг зарур истеъмол молларини четдан импорт қилаётган тадбиркорларни қўллаб қувватлаш мақсадида шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби товарларни импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмаслиги белгилаб қўйилди.

Шунингдек, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмасдан бу нафақалар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилиши ҳамда ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлашни давом эттириш орқали мамлакатимиздаги 720 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларни  қамраб олиш белгиланди.

Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.

Бундан ташқари карантин даврида уй шароитида  ривожлантириш мумкин бўлган ишлаб чиқариш фаолият турларини, ҳунармандларни  янада қўллаб-қувватлаш мақсадида бу йил яна 50 миллион доллар маблағ йўналтириш ва ҳунармандларга кенг имконият яратиш белгиланмоқда.

Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмайди.

Тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади. Бунда тадбиркорлар солиқ идорасини уйдан туриб хабардор қилиши мумкин.

Шунингдек туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади.

Молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг банк кредитлари бўйича тўловларига 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктириш ҳамда амалга киритилган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ва ундирув чоралари қўлламаслик белгиланди.

Жорий йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилди.

Карантин даврида ишлаб чиқариш фаолиятини давом эттираётган корхона ва ташкилотлар ўз ишчиларига шарт-шароитлар ташкил этиши, уларга санитария-эпидемиология хизматлари ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг бириктирилиши ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун киритилган чеклов тадбирлари сабабли бажарилмаган инвестиция мажбуриятлари муддатларини узайтириш ҳам белгиланмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бу имтиёзлардан   аҳолимиз ҳамда тадбиркорлар, ҳунарманд ва фермерларимиз, корхоналар раҳбарлари самарали ва ўз ўрнида фойдаланишимиз талаб этилади. Бу борада барчамиз бир тану жон бўлиб мамлакат келажаги, халқимиз фаровонлиги йўлида бу мураккаб синов даврини енгиб ўтишга ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Абдуғани УМИРОВ,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат”СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+