Ижтимоийлашаётган волонтёрлик стартаплари

02.06.2020 17:06:26

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жорий йилда ўзининг 75 йиллигини нишонлаш арафасида “БМТ75” (“UN75”) деб номланган глобал умумхалқ муҳокамасини эълон қилган эди. Дунё миқёсидаги “Бу бизнинг дунё. Бизнинг келажагимиз. Ҳаммамиз ҳар жойда келажагимизни қандай кўришни хоҳлашимиз ҳақида сўзлашадиган вақт келди” мавзусидаги энг катта ва энг йирик муҳокамага Ер шаридаги ҳар бир инсон жалб қилинмоқда.

Ушбу глобал муҳокамада иқлим инқирозидан тортиб биз учун олдиндан айтиб бўлмайдиган технологик ўзгаришлар, айниқса, бугунги коронавирус пандемияси каби таҳликали жараён, уларнинг  мудхиш асоратларининг олдини олиш учун ҳар биримиз биргаликда ҳаракат қилишимиз бўйича ўз таклифларимиз билан иштирок этишимиз мумкин.

Дунё халқларининг ҳаёти пандемиядан олдинги ва кейинги ҳаётга ажралиб бўлди. Айниқса, Ўзбекистон аҳолиси учун пандемия натижасидаги карантин ва иқтисодий инқироз, Бухородаги табиий офат ва Сардоба фожиаси жуда катта дарс бўлди.

Бугун ҳар биримиз 3 та саволга жавоб топишимиз керак бўлади. Биринчидан, “Пандемия бизга нима берди?”. Иккинчидан, “Пандемия даврида мен нима қила олдим?”. Учинчидан, “Пандемиядан кейинги менинг ҳаётим қандай кечади?”

Карантин эълон қилинган дастлабки кунлардаёқ муҳтож оилалар учун ҳукумат томонидан ижтимоий ҳимоя “қалқони” жорий этилди. Бу мақсадда барча имкониятлар, тегишли маблағлар, инсон ресурслари сафарбар этилди.

Шу билан бирга, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб вазиятда кўнгиллилар гуруҳларининг ташаббус билан чиққанлиги, уларнинг Ягона мувофиқлаштирувчи марказ, “Хавфсиз ёрдам” акцияси, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати, “Сардоба сари саховат карвони” каби хайрия акцияларидаги фаол иштирокини эътироф этиш лозим. Зеро, 2019 йил 2 декабрда қабул қилинган “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг ижроси айнан шу таҳликали кунларда амалиётга татбиқ этилди.

Қонундан кўзланган мақсад ҳам юртимизда кўнгиллилар фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, мамлакатда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, волонтёрлик фаолиятини замон талаблари асосида йўлга қўйишни таъминлаш ҳамда ривожлантиришдан иборат.

Тан олиш керакки, пандемик ҳолат “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонун бир томонда, волонтёрлик ҳаракати эса бир томонда эканлигини яққол намоён қилди. Ижтимоий тадқиқотларга кўра, мамлакатнинг нодавлат нотижорат ташкилотларининг 90 фоизи ўз фаолиятида волонтёрлардан фойдаланади. Лекин ҳозиргача кўнгиллилар ҳаракати билан боғлиқ тегишли концептуал аппарат яратилмаган, волонтёрлик фаолияти билан шуғулланадиган бирорта ННТ рўйхатдан ўтмаган (ёки рўйхатга олинмаганми?!). Адлия вазирлиги томонидан мунтазам янгиланиб бориладиган кўнгиллилар фаолиятини ҳисобга олиш реестри ҳамда амалиётда "кўнгиллилик шартномаси"нинг жорий этилиши ҳам ҳақиқатдан анча йироқ.

Карантин даврининг май ойига келиб, эҳтиёжманд оилаларнинг бошқа категорияси пайдо бўлди. Давлат идораларида ишлаётганларнинг кўпчилиги ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбур бўлган, бу эса уларнинг оилалари даромадига икки ҳисса таъсир қилмай қолмади. Ёки хориждан мамлакатимизга қайтариб олиб келинаётган ватандошларимиз ва уларнинг оилалари. Бу тоифадагилар бирон марта маҳалладан ёрдам сўрамаган, лекин карантин даврида бор маблағлари заҳираси тугагандан сўнг, мурожаат қилиш ҳуқуқидан тўғри фойдалана олмаганлар. Бу эса, ўз навбатида, маҳалла масъулларининг ушбу категория билан ишлашда тажрибасизликка йўл қўйишига сабаб бўлди. Ёрдам фақат пул кўринишида эмас, балки кундалик даромад билан оила боқувчисига ижтимоий маслаҳат, инқирозли вазиятдаги оилаларга патронаж хизмати, ёлғиз кексаларни, ногиронларни парваришлаш каби ижтимоий шакллар кўринишида ҳам бўлиши мумкин. Зеро, ижтимоий ҳимоя хайрияга эмас, инсон ҳуқуқларига асосланиши керак ва карантин туфайли ишсиз қолган ҳар бир фуқаро давлат қарамоғида бўлишга ҳақли.

Пандемияни бизни кўп нарсага ўргатди ва ўргатмоқда. Илгари эътибор бермаган, лекин ҳозирда аниқлик талаб қилаётган ижтимоий ёрдам, ижтимоий хизмат, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий таъминот каби тушунчаларни ўз ўрнида ишлатиш ва ҳаётга татбиқ қилиш тизимини яратиш вақти келди.

Бунинг учун нодавлат-нотижорат ташкилотлари, кўнгилли гуруҳлар билан ижтимоий ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим. Мисол учун, кўзи ожизлар жамияти кўзи ожизларга  ёрдам қай шаклда берилишини давлат идорасидан кўра яхшироқ билади.

Фуқаролик жамияти институтларининг эҳтиёжманд оилалар билан ишлаш учун маҳаллий ҳокимиятлардан молиялаштириладиган ижтимоий буюртмаларни қабул қилиши юзасидан норматив ҳужжатлар қайта ишланиши зарур. Натижада, жойлардаги жамоатчилик назорати кенгашлари қоғоздан ҳаётга кўчади.

Бюрократик ташкилотлар тузилиши тарафдори эмасман. Лекин Ижтимоий ҳимоя вазирлиги ташкил этилса, ажаб эмас, анчадан бери “йиғилмаган” истеъмол саватчаси ҳисоб-китоб қилинар, ижтимоий нафақа яшаш харажатларига мослаштирилар, нафақа миқдори яшашнинг базавий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланар, эҳтиёжманд аҳолининг ягона реестри ишлаб чиқилар эди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган ғоя ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини ошириш, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизни янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлишга чорлайди. Бинобарин, волонтёрлик, кўнгиллилик ҳаракатига хос бўлган содиқлик, фаоллик, ҳамфикрлилик ва жонкуярлик каби қадриятлар байроғи остида ўз фаолиятини юритади. Натижада, бутун дунёда кўнгиллиларнинг саъй-ҳаракати натижасида ҳукуматларнинг очиқлиги, ошкоралиги ва халқ олдидаги ҳисобдорлиги ошмоқда.

Виктор Гюго “Бировга қилинган яхшилик кишини шуниси билан ром қиладики, у шафаққа ўхшаб охири ўчиб кетмайди, қайтага янада ёрқинлашиб ўзимизга қайтиб келади” деган эди. Халқимиз бошига кетма-кет тушаётган синовли жараёнлар жамиятнинг барча тузилмаларини имтиҳондан, таъбир жоиз бўлса, ғалвирдан ўтказмоқда. Аминманки, кучлилари албатта енгиб чиқади ва барчамиз эзгулик ортидаги ёрқин шафақни кўра оламиз.

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат”СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+