Камбағалликни қисқартириш иқтисодий ўсишга бошлайди

11.06.2020 11:06:44

Коронавирус пандемияси сабаб иқтисодиётимизни барқарорлаштириш куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан шу сабаб 9 июнъ куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида, 2020 йилда иқтисодий ўсишни таъминлашнинг 8 та асосий йўналиши белгилаб берилди. Бу ўз ўзидан ана шу йўналишлардаги фаолиятни янада жонлантиришни талаб этади.

Асосий вазифалардан бири сифатида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш қўйилди. Бу масалани ҳал этмай иқтисодий ўсиш хақида гапириш қийин. Қачонки инсон ўз яшаш уйи ва тайинли иш жойига эга бўлгандагина ундан ташаббус ва олдинга интилиш кутиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 21-22 май кунлари Андижонга ташрифи чоғида таъкидлаганларидек, камбағалликдан чиқишнинг энг асосий замини-уй-жой. Чунки одамларнинг бошпанаси бўлса, ўзи ҳаракат қилиб, рўзғорини оёққа қўйиб олади.

Андижон аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлардан бири эканлигини инобатга олсак, вилоятда бу масала янада долзарб аҳамият касб этади. Бугунги кунда ердан унумли фойдаланиш ҳисобига аҳолини уй-жой ва иш билан таъминлаш масаласи ижобий ечим топмоқда. Қатор собиқ ишлаб чиқариш майдонлари ўрнида турар жой мажмуалари қурилаётгани қувонарли. Биргина вилоят марказида охирги йилларда жами 1 минг 798 хонадондан иборат 41 та кўп қаватли уйлар қурилди. Андижон шаҳрида бошланган бу ҳаракат бугун туманларга кўчди.

Кези келганда “Замонавий қишлоқ” лойиҳаси асосида бошқа турар жойлардагидан фарқли замонавий уйлар қуриш борасида Андижон тажрибаси яратилаётганини айтиб ўтиш ўринли. Бу ҳам камбағалликни қисқартиришга хизмат қилади.  

Аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда бандлик масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Секторлар кесимида ҳар бир хонадонга кириб бориш натижасида бундан икки ой илгари вилоятда 40 мингдан ортиқ хонадоннинг ёрдамга муҳтожлиги аниқланиб, “темир дафтар”га киритилганди. Уларни камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, қисқа вақтда ана шу оилаларнинг меҳнатга лаёқатли 18 минг 837 нафар аъзоси ишга жойлаштирилди. 1 минг 7 бош эчки, 407 мингта парранда ва 6 мингга яқин қуён тарқатиш орқали хонадонларнинг ўзида иш ўринлари яратилди.

Албатта андижонлик “адолатчилар” ҳам бу ҳаракатдан четда тургани йўқ. “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида биринчи навбатда ёрдамга муҳтож оилаларнинг фарзандларини ишга жойлаштириш чораси кўриляпти. Йилнинг ўтган даврида 322 нафар фуқаро партиядошларимиз ёрдамида иш билан банд бўлди.

Бир сўз билан айтганда, бугун ҳаракат қилган кам бўлмайди. Оиламиздаги иқтисодий ўсиш давлатимиз иқтисодиётини юксалтиради. Шу сабаб боқимандаликка йўл бермайлик.

Мадаминжон МАДАЗИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+