Квота бекор қилинса...

01.09.2019 10:09:05

 

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастури лойиҳаси ечимини кутаётган қатор масалалар ва жамият ривожи билан боғлиқ таклифлар билан бойитилаётганини қўллаб-қувватлайман.

Шу ўринда малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган ислоҳотларни янада ривожлантириш зарур деб биламан. Тўғри, кейинги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда. Ёшларда илм олишга, олий маълумотли бўлишга интилиш кучаймоқда.

Албатта, масаланинг яна бир томони бор. Олий ўқув даргоҳларига қабул борасида ҳамон чекловнинг (квота) мавжудлиги илмга чанқоқ кўпчилик йигит-қизларнинг  ўзлари танлаган касб эгаси бўлишига маълум маънода тўсиқ бўлаяпти. Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб қарайдиган бўлсак, бугун бу у қадар тўғри эмаслигини инкор этиш қийин.

Қабул масаласида олий ўқув юртларига эркинлик берилаётгани ўринли бўлаяпти. Ҳар бир олийгоҳда имкониятдан келиб чиққан ҳолда ўқишга қабул ташкил этилиши хорижий давлатларда ўзини оқлаган. Бугун биз ҳам шу илғор тажрибадан фойдаланиб, уни амалиётда қўллашимиз мақсадга мувофиқдир.

Албатта, бундай ўзгариш олийгоҳга киришни бирмунча енгиллаштиради. Бироқ ўқиш жараёнида талабни кескин ошириш керак. Белгиланган тартиб бўйича ўзлаштира олмаган талаба сафдан чиқарилиши ёки тўлов асосида кейинги йил яна қайтадан ўқиши лозим. Бу ёшларни ўз устида ишлашга, олдинга интилишга, илм олишга ундайди.

Шу ўринда яна бир масала. Кейинги вақтларда ўқишга кира олмаган кўпчилик абитуриентлар МДҲ давлатларидаги у қадар нуфузи бўлмаган олий ўқув юртларига сухбат билан контракт асосида ўқишга кирмокдалар. Бу билан қанчадан-қанча валюта маблағлари четга чиқиб кетмоқда. Яна бир томони икки-уч йил ичида ана шу талабалар ўқишни Ўзбекистонга кўчирмоқда. Бу эса таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаяпти.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари томонидан юқоридаги масала кўтарилса, бу билан жамият ривожига ҳисса қўшамиз. Шу ўринда партиямиз наўри — “Адолат” газетаси саҳифаларида ёшларнинг олий таълим олши борасида ечимини кутаётган масалаларга доир билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлашимизни ҳам айтиб ўтмоқчиман.

Бир нарса аён, малакали кадрлар ҳамма вақт ҳам жамиятнинг таянчи ҳисобланади. Барча соҳалар тараққиёти ҳар бир тармоқнинг етук мутахассислар билан таъминланишига  узвий боғлиқдир.   . 

Мадаминжон МАДАЗИМОВ, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

вилоят кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+