Масъулият ҳисси билан қабул қилинган қарор халқимиз манфаатларига хизмат қилади

30.04.2020 16:04:54

Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида тенглар ичра тенг ўринни эгаллаши мамлакатимиз ва халқимиз манфаатларига хизмат қилиши жиҳатидан долзарб аҳамият касб этади. Шу маънода Евро Осиё иқтисодий иттифоқи балан ҳамкорлик ўрнатиш масаласи ҳам кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинди. Муболағасиз айтиш мумкинки, бу масала барчани бирлаштирди. Биз олдимизда турган турли саволларга биргаликда жавоб изладик, ўз қарашларимизни баён қилдик, таҳлиллар олиб бордик ва бу жараён ҳануз давом этмоқда. Буларнинг барчаси дунёга янги қиёфа билан кириб бораётган Ўзбекистон имижини янада ошириш борасида амалга ошираётган ишларимизнинг инъикосидир.

Хабарингиз бор, куни кеча парламент мазкур масалада ўз сўзини айтди. Албатта, қарама-қаршиликлар, иккинланишлар, ўрганишлар, таҳлиллар асосида қабул қилинган қарорнинг аҳамиятли жиҳати халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш ва иқтисодий тараққиётимизни таъминлашга қаратилганлигидир. Шунинг учун ҳам бунгача ўтказилган «Ҳукумат соати», «Парламент эшитуви»да депутатлар томонидан кўтарилган бир қатор масалалар кенг муҳокама қилиниб, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги мамлакатимиз учун айрим тармоқларда ишлаб чиқаришнинг пасайиши, иш ўринларининг қисман йўқотилиши, инвестицион фаолликнинг ҳамда иқтисодиётни модернизация қилиш суръатларининг пасайишига олиб келиши мумкинлиги ҳам эслатиб ўтилди.

Бугун барчамиз чуқур англаб турибмизки, олдимизда илм-фанни ривожлантириш, унинг асосида иқтисодий ечимларга эришиш, иқтисодиёт тармоқларида соғлом рақобат муҳитини қарор топтириш борасида ҳал этилиши лозим бўлган қатор масалалар турибди. Интеграция мазкур масалалар ечимида бизга янги чорловлар таклиф қилади. Асосийси, танти ва меҳнаткаш халқимиз, тадбиркорларимиз ўзи етиштирган ёки ишлаб чиқарган маҳсулотларини бозор иқтисодиёти талаблари асосида савдога чиқаради. Етакчи олимларимиз ва катта ҳаётга кириб келаётган авлод вакиллари ўз интеллектуал салоҳияти ҳисобига юртимизда етиштирилаётган маҳсулотларни хомашё сифатида эмас, тайёр товар ҳолатида харидорларга таклиф этиш имкониятига эга бўлади.

Тушунарлики, олдимизда танлаш имкониятидек қийин масала турган эди. Масъулият ҳисси эса бизларни янада сергак бўлишга, ҳозир ва узоқ истиқболда ҳам бизга манфаатли бўлган йўлни танлашга чорлаб турди. Бутун дунёни қамраб олган бугунгидек танглик ҳолати тенг аъзо давлат сифатида ҳамкорлик олиб боришимиз кутилмаган ва манфаатларимизга зид вазиятни туҳфа этиши мумкинлигини кўрсатиб берди. Шу каби жиҳатларни ҳисобга олганда Евро Осиё иқтисодий иттифоқида Ўзбекистоннинг кузатувчи давлат сифатида намоён бўлиши ҳар томонлама мақбул қарор бўлди, деб ҳисоблайман.

“Кузатувчи давлат” мақомидаги фаолиятимиз давомида ЕОИИнинг бизга кўринмайдиган “қоронғу” бўлган томонларини ҳам  кузатиш ва тегишли тўғри қарорни қабул қилиш имкониятига эга бўламиз. Натижада, интеграция жараёнининг бизга берадиган афзалликлари ва салбий оқибатлари ҳақида келажакда қўйиладиган қадам учун зарур хулосаларга эга бўламиз.

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик  палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси  ва

“Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари” қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+