Миллий либос доим қадрланиши лозим

02.10.2019 12:10:45

Юртимизнинг олис ва чекка ҳудудида дунёга келиб, шу тупроқ кўчаларини чангитиб, содда ва камтарин инсонлар орасида улғайганим учунми доимо ўзбек отаси деганда – бошига дўппи кийиб, даласига меҳр қўйган инсон, ўзбек онаси деганда – бошига рўмол ўраб, боласини эркалаётган сиймо кўз олдимда гавдаланаверади.

Бугун замон шиддат билан ривожланмоқда. Қишлоқдан анча олис бўлган шаҳарга таҳсил олиш учун борганда тушундимки ўзбек аёллари ҳам замон билан ҳамнафас. Буни нафақат кийинишида балки, замонавий техникалардан фойдалана олиши, меҳнат самарадорлигини ошириш мақсадида  энг сўнгги ускуналарни ишлатишга бўлган иштиёқида сезишимиз мумкин. Асосийси уларнинг аёллик жозибаси, мунис ва меҳридарёлиги ўзгармаган.

Албатта, ўзбек аёлларини бошқа миллатлар вакилаларидан ажратиб турадиган, уларни иффатли шарқ аёли тимсолида кўрсатадиган муҳим белгиларидан бири у уларнинг миллий кийимларидир. Азал-азалдан миллийлигимиз жозибасига айланган ўзбек аёлларининг кийиниш маданияти, бошларига рўмол ўрашлари шарқ халкларига хос юксак маънавият ифодаси десак асло муболаға бўлмайди. Аёлларимизнинг миллий кийим ва рўмоллари миллий қадриятларимиз бўлиб, бу либослар нафакат ўзимизда қадрланади, балки  мамлакатимизга ташриф буюраётган кўпчилик чет эл фуқароларида ҳам катта  қизиқиш уйғотмокда. Бугунги кунда уларнинг ҳам эгнида бизнинг миллий атлас ва адрасларни, бошларида ўзбекча рўмолларни кўришга кўзларимиз ўрганиб ҳам қолган. Бу ҳолат кишида ифтихор туйғусини ҳам уйғотади.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда рўмол ўраш масаласи турли бахс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Айтингчи, бугун биз миллий анъаналаримиз, урф-одатларимиз, тилимизни сақлаб колиш учун курашаётган бир замонда ўзбек тимсоли бўлган рўмолдан қандай қилиб воз кеча оламиз? Рўмолдан воз кечиш бизни кўз қорачиғидай авайлаб, оқ сут бериб улғайтирган, ватаннинг содиқ фарзанди ва ота-боболаримиз давомчилари бўлишимизни ният қилган оналаримизнинг ҳақига хиёнат эмасми? Қолаверса киши бошида кийим бўлиши, рўмол ўраб юриш инсон соғлигига ҳам фойдали эканлиги барчамизга маълум.

Ўйлайманки бу масалада жиддий ёндашишимиз, аввало миллат манфаатлари ва миллий менталитетимиз нуқтаи назаридан фикрлашимиз даркор. Биз кимларнингдир ўз қобиғига ўралган “сиёсат”и деб, асрий анъаналаримизни йўқолиб кетишига қаршимиз. 

Ўйлайманки бу масалада кечагина Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионларига давлат мукофотларини топшириш маросимида мамлакатимиз раҳбари сўнгги нуқтани қўйди.

Унда, Президентимиз боксчи Миразиз Мирзахалиловнинг онасига “Қандай ярашади ўзбекона рўмоллар. Қандай ярашади ўзбекона кийинишларимиз. Шу кўринишингиз ўзбек онаси тимсоли. Меҳрли онамиз, сингилларимиз мана шундай юришига ҳеч ким ҳеч қачон қарши бўлмайди Ўзбекистонда” дея айтган сўзлари бутун ўзбек аёлларига қарата айтилган самимий тилаклардир.

Албатта бу сўзлардан “тарғиботчи”лар керакли хулосаларни чиқаради ва биз мамлакатни замонавийлаштириш йўлида миллий анъаналаримизни, қадриятларимизни сақлаб қолиш тарафдори эканлигимизни ўйлаб етади, деган умиддамиз. 

Шунингдек яна бир муҳим масала, хотин-қизларимизнинг рўмол ўрашини тақиқлаш, уни мажбуран ечиш бу инсон ҳуқуқлари нормаларига ва миллий қонунчилигимиз ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳам зиддир. Буни ҳис этган ҳолда энг аввало ўзлигимизни, кадриятларимизни сақлаб қолиш йўлида бирлашишимиз зарурдир.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+