Муҳаррам Дадаходжаева: аёллари қадр топган юрт

23.07.2019 11:07:23

Ўзбекистон — бундай муаззам ўлкада яшашнинг ўзи катта бахт. Чунки юртимизда тинчлик, осойишталик ҳукмрон. Одамларнинг ўзаро муносабатларида самимийлик намоён, улар бир-бирлари билан аҳил ва ҳамжиҳат. Кўплаб соҳаларда ижобий ўзгаришларга эришилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда аҳолининг барча қатламлари, жумладан, кексалар, ёшлар ва аёлларга юксак эътибор кўрсатилмоқда.

Республикамизда юз бераётган мана шундай эзгу ишлар туфайли яқин ўтмишда ер юзида шундай юртнинг борлигини билмаган юзлаб давлатлар ютуқларимизга тан бермоқда, тезкор тараққий этиб бораётганидан ҳайратга тушмоқда. Юртимизнинг ҳар томонлама ривожланишига хизмат қилаётган омилларни, бу борада тўпланган тажрибаларимизни ўрганишмоқда. Буларнинг барчаси эртанги кунимизга катта умид билан қараётганимиздан далолат беради.

Шиддат билан ўзгараётган замонда аёл зотига бўлган муносабат ҳам ўзгармоқда. Уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, ташкилотчилик, тадбиркорлик, ишбилармонлик қобилиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар кўламини кенгайтириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бунга биз, Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида яна бир бор амин бўлдик. Йиғилишда аёлни эъзозлаш, хотин-қизларга муносиб ғамхўрлик кўрсатиш халқимизга хос юксак фазилатлардан бири эканлиги эътироф этилди.

Президентимиз айни шу мавзуда сўз юритиб, “Халқимиз азалдан муқаддас Она зотига, хотин-қизларга доимо юксак эҳтиром кўрсатиб келади. Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу аввало оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланади”, деган ҳикматли сўзларда албатта чуқур маъно бор”, деб таъкидлади.

Опа-сингилларимизнинг давлат ва жамият қурилишидаги фаоллигини ошириш, мавқеини юксалтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантиришга қаратилаётган ишлар миллий қадриятларимизга уйғун саъй-ҳаракатлардан саналади. Бу юксак қадриятлар янада сайқал топди, ривожланди ва давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт. Афсуски, биз узоқ вақт бу масалага етарлича эътибор бермасдан, ҳурматли опа-сингилларимизнинг дарду ташвишларига бепарво қараб келганимиз туфайли йиллар давомида тўпланиб қолган ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бугун, очиғини айтиш керак, осон бўлмаяпти.

Буни аҳоли билан жойларда ўтказилаётган очиқ мулоқотлар чоғида хотин-қизларни ўйлантираётган қатор муаммолар аниқланаётганида ҳам кўришимиз мумкин. Бу каби муаммоларни ҳал этиш, опа-сингилларимиз учун муносиб иш ва турмуш шароитларини яратиб бериш бор куч ва имкониятларимизни тўла сафарбар этишни тақозо қилади. Ялпи мажлисда алоҳида қайд этилганидек, “агар аёл, она бахтли бўлса, оила бахтли бўлади, оила бахтли бўлса, бутун жамият, давлат мустаҳкам ва барқарор бўлади”. Бу долзарб вазифалар партиямиз депутатлари ва фаоллари зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди.

Президентимиз ўз нутқида мамлакатимиз парламентида ва маҳаллий Кенгашларда хотин-қизларнинг сонини ошириш, ижтимоий шароити оғир аёлларга ҳар томонлама кўмак бериш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларни такомиллаштириш ва яна бошқа бир қатор муҳим масалаларга барчанинг эътиборини қаратди. Давлатимиз раҳбари Қонунчилик палатасида тузилган Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия фаолияти кўзга ташланмаётганини танқид қилди.

Таъкидлаш лозимки, икки йилдан буён фаолият юритиб келаётган мазкур Комиссия турли-туман тадбирларни ташкил этмоқда, зиммасига юклатилган вазифаларни, амалий ишларни бажаришга ҳаракат қилмоқда. Аммо у ўз ишини тўлақонли уддалаяпти, дейиш қийин. Президентимиз томонидан билдирилган ўринли танқиддан келиб чиққан ҳолда биз Комиссия фаолиятини қайта кўриб чиқишимиз, мавжуд камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилишимиз лозим. Ахир аёллар ва оила масалалари муаммоларини жамоатчилик асосида тузилган ушбу Комиссия таркибига кирган аъзоларгагина ташлаб қўйиш кутилган натижани берадими? Бунинг учун барча фракциялар, қўмиталар бир ёқадан бош чиқариб, жипслашган ҳолда Комиссияга ёрдам кўрсатиши керак. Афсуски, ҳали ҳеч ким ана шундай кўмак беришга шошилганича йўқ. Танқиддан тўғри хулоса чиқариб, бундан буён барчамиз Комиссия фаолиятини қўллаб-қувватлашимиз, унга илмий ва амалий жиҳатдан ёрдам кўрсатишимиз лозим.

Президентимиз ўз сўзида соҳадаги қонунчилик базасини такомиллаштириш учун “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш лозимлигини қайд этди.

Албатта, ушбу қонунларнинг қабул қилиниши юртимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши, уларнинг ижтимоий нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади. Мамлакатимизда бугунги кунда инсон манфаатларига йўғрилган, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигига таянган, халқимизнинг хоҳиш-иродасини ҳисобга олган, аҳолининг эртанги кунга нисбатан ишончини янада мустаҳкамлаган ислоҳотларнинг сифат жиҳатдан янги босқичи амалга оширилмоқда.

 Шундай экан, биз, депутатлар мазкур қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этишимиз керак. Қонун лойиҳаларининг ҳар бир моддасини чуқур таҳлил қилган ҳолда ҳуқуқни қўллаш амалиётида қийинчилик туғдирмайдиган, халқчил қонун сифатида шаклланишига ҳисса қўшиш қуйи палата аъзоларининг муҳим вазифасидир.

Дарҳақиқат, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган, меҳнаткаш, фидойи хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Элу юртга хизмат қилиш эса инсон умрининг ҳақиқий безаги ҳисобланади. Мамлакатимиз тараққиёти халқимиз фаровонлиги йўлида кечани кеча, кундузни кундуз демасдан меҳнат қилаётган опа-сингилларимизнинг фидокорона хизматларини қадрлаб, ҳар қанча эътироф этсак арзийди. Демак, ўз соҳалари ривожида самарали изланишлар ҳамда тинимсиз меҳнат қилаётган опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлайлик. Аёлларнинг эркаклар билан тенгма-тенг меҳнат қилиши, илм билан шуғулланиши, юқори лавозимларни эгаллаб, ўз қобилиятини намоён этишига замин яратишга интилайлик.

Яна шуни айтиш жоизки, партиямиз тизимида “Аёллар қаноти” фаолиятини ҳам қайта кўриб чиқишимиз, зарур бўлса, “Аёллар қаноти” Кенгаши таркибини фидойи, фаол опа-сингилларимиз билан тўлдиришимиз лозим. Хулл ас, опа-сингилларнинг жамиятимиздаги ролини ошириш бўйича ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Демак, мазкур масала Ўзбекистон “Адолат” СДП ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракциясининг доимий диққат эътиборида бўлиши лозим.

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

“Аёллар қаноти” Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+