Мухаррам ДАДАХЎЖАЕВА: Амалий ишлар кучаймагунча, ислоҳотлар депсиниб тураверади

24.09.2019 21:09:48

Халқимиз соғлигини сақлаш, одамларнинг тиббиётдан розилигини таъминлаш — бугунги кунда соҳада юритилаётган ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини ташкил қилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлардан кўз юммаган ҳолда, айни пайтда мамлакатимиз аҳолисини, соҳа ходимларини ўйлантираётган, қийнаётган масалалар ҳам ҳали йўқ эмас. Шулардан бири — патронаж хизмати билан боғлиқдир.

Яхши биласиз, патронаж – аҳолининг тиббий-санитария хизмати борасида алоҳида эътиборга эга бўлган контингентига уйда тиббий ёрдам кўрсатиш тизими ҳисобланади.

Патронаж хизмати тиббий, ижтимоий, психологик ёрдам турларини ўз ичига олган бўлиб, у орқали аҳоли хонадонларида касалликларни келтириб чиқарувчи омилларни эрта аниқлаш ва уларни бартараф қилиш чораларини кўриш, фертил ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар, болалар билан биргаликда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахслар, ёлғизлар, ногиронлар, сурункали касаллиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларни тизимли қамраб олиш, кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами ҳолатининг тизимли назоратини олиб бориш йўналишларида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктларида тиббий патронаж хизмати умумий амалиёт шифокорлари, патронаж ҳамширалари томонидан амалга оширилмоқда. Зарур ҳолларда эса, тор соҳа мутахассислари қўшимча жалб қилинмоқда.

Бугунги кунда патронаж хизматига қатор вазифалар юкланмоқда. Хусусан, аҳолининг саломатлиги тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиш, ҳомиладорлар, ёш болалар, қариялар, ногиронлар ва сурункали касалликка чалинган беморлардан мунтазам уйига бориб хабар олиш, касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш, хонадоннинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш, аҳолини профилактик, чуқурлаштирилган, мақсадли ҳамда диспансер тиббий кўрикларига чақириш, икки ёшгача бўлган болаларни эмлаш, жазони ўташ жойларидан озод этилганлар, меҳнат мигрантлари, одам савдосидан жабрланганларни профилактик кўрикка жалб этиш, уй шифохона муолажаларини бажариш кабилар шулар жумласидандир.

Тўғри, бугунги кунда аҳолини мақсадли патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш бўйича анча мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди.

Аммо, ўрганишлар патронаж хизмати фаолиятининг самарадорлигини ошириш билан боғлиқ қатор муаммо ва камчиликлар ҳам борлигини, уларга барҳам бериш зарурлигини кўрсатмоқда.

Масалан, аҳолини мақсадли патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш соҳасида ҳалигача ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилмаган. Патронаж ҳамшираларининг юкламалари, улар топширадиган ҳисоботлар ҳаддан зиёд кўп бўлиб, бу уларнинг зиммасидаги вазифаларнинг тўлақонли бажарилишига тўсқинлик қилмоқда.

Патронаж ҳамшираларига юкламаларнинг шаҳар ва қишлоқларда ҳар хиллиги ҳам ечилиши зарур бўлган масалалардан ҳисобланади.

Узоқ ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини патронаж билан қамраб олишда айрим муаммолар мавжуд бўлиб, транспорт воситаларининг етишмаслиги ҳам ушбу хизмат фаолиятининг самарадорилигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Тиббиёт ходимлари мажбурий тиббий кўрикдан пулли асосда ўтказилиши, хусусан, тиббиёт ходимлари барча декретив контингент сингари кўп тармоқли туман (шаҳар) марказий поликлиникасида тиббий кўрикдан ўтиши, терапевтик йўналишда фаолият юритувчи ходимлар йилда бир марта, хирургик соҳа мутахассислари учун йилда икки марта тиббий кўрик пулли амалга оширилиши ҳам уларнинг фаолиятига салбий таъсир этмоқда.

Умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамшираларининг хавфсизлиги таъминланмаган, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига тажовуз қилиш ҳолатлари учун миллий қонунчиликда жазо чоралари белгиланмаган.

Ҳар бир муаммонинг ўз ечими, албатта, бўлади. Шу маънода, аҳолини мақсадли патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш соҳасида ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиб, қабул қилиш, умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамширасининг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, уларни рағбатлантиришнинг ҳамда ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш, юкламаларини қайта кўриб чиқиш, хизмат кўрсатиш радиуси узоқ бўлган бирламчи санитария ёрдами муассасалари ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолини патронаж билан қамраб олишдаги муаммоларни бартараф қилиш, хусусан, бундай муассасалардаги патронаж хизмати кўрсатувчи ходимларни транспорт воситалари билан таъминлаш, радиуси 5 километр ва ундан ортиқ масофага хизмат кўрсатгани учун йўл ҳақи компенсациясини белгилаш ёки тариф ставкасини қайта кўриб чиқиш бу борадаги муҳим ечимлардан бўла олади.

Тиббиёт ходимларининг мажбурий тиббий кўригини бепул асосда ташкил қилиш, патронаж ҳамшираларнинг сумкаларидаги тиббий жиҳоз ва дориларни ўз вақтида алмаштириш ҳамда узлуксиз янгилаб туриш тизимини йўлга қўйиш, умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамшираларининг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ҳамда соғлигига тажовуз қилиш ҳолатлари учун жавобгарлик чораларини миллий қонунчиликка, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексига ҳамда Жиноят кодексига мустаҳкамлаб қўйиш муҳим аҳамият касб этади.

Жойлардаги ўрганишларимиз асосида аниқланган бундай муаммоларни ечиш бугун долзарб бўлиб турибди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди вазирликлар билан биргаликда мазкур муаммони тезроқ ҳал этиш чорасини кўрмоғи лозим. Йўқса, соҳадаги ислоҳотлар бир жойда депсиниб тураверади.

 

Мухаррам ДАДАХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

Манба: parliament.gov.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+