Мулкдорга ва ошхона эгаларига қўшимча имтиёзлар

22.07.2020 18:07:03

Жаҳон ҳамжамияти учун ўта мураккаб даврда коронавирус инфекцияси тарқалиши нафақат фуқаролар соғлиғига балки, мамлакатлар иқтисодига ҳам ўзинингсалбий оқибатларини тобора кўпроқ намоён қилмоқда.

Айни дамда ташқи чегаралар ёпилиши, ҳаракатланишлар бўйича чекловлар, чет давлатлар билан барча соҳаларда алоқани тўхтатиб қўйиш каби кескин чоралар натижасида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмида салмоқли ўрин тутадиган хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси энг кўп зарар кўрмоқда.

Мамлакатимизда жорий йилнинг март ойидан бошлаб коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш, коронавирус балосини батамом тугатиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган ва ўта муҳим вазифаларни ўз ичига олган кенг кўламли Президент Фармон ва Қарорлари қабул қилиниб, пандемия оқибатларини юмшатишга хизмат қилмоқда.

Шу билан биргаликда пандемия шароитида яшаш, ишлаш, аҳоли учун оддий шарт шароитлар яратиш мақсадида бугунги кунда умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳаларини ҳам қўллаб-қувватлаш зарурлигини давр тақоза қилмоқда.

Президентимиз томонидан куни кеча қабул қилинган “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда бугунги мураккаб вазиятда айнан ушбу соҳаларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилган.

Хўш, айнан ҳозирги мураккаб даврда аҳолини, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашда қўшимча равишда яна қандай имтиёзлар берилмоқда?

Биринчидан, 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади.

Шунингдек бу даврда жисмоний шахслар ҳам кўчмас мулкларини ижарага беришдан олинган даромадлари бўйича даромад солиғи тўлашдан озод этилади.

Иккинчидан, 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашдан озод қилинадилар.

Бундан ташқари алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдорини 5 фоиздан 3 фоизга пасайтиришга доир имтиёз муддати 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилади.

Учинчидан, умумий овқатланиш корхоналарида 2020 йил 1 июлдан бошлаб белгиланган ходимларнинг йиллик ўртача сони 25 нафардан 50 нафарга оширилиши, бу соҳада ҳам руйхатдан ўтмасдан фаолият олиб бораётган ходимлари фаолиятини қонунлаштиришдан манфаатдорликни оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Тўртинчидан, 2021 йил 1 июлга қадар умумий овқатланиш корхоналарига ўзларига туташ бўш ер участкаларида енгил конструкцияларни бепул жойлаштириш ва қуриш ҳуқуқи берилиши, улар томонидан пандемия шароитида ҳам мижозларга хавфсиз хизмат кўрсатишни таъминлашга хизмат қилади.

Бешинчидан, эндиликда тадбиркорлик субъектларига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан шартнома тузмасдан, фақатгина  давлат солиқ хизмати органларини савдо муддати, маҳсулоти ва транспорт тўхташи тақиқланмаган жойларни кўрсатган ҳолда электрон (онлайн) хабардор қилиш орқали автодўкон, автомагазин, автотиркама, автоцистерна ва фудтраклар орқали савдо қилиш ҳуқуқи тақдим этилиши айни вазиятда аҳолига қулайлик ва аҳоли харакатланишини камайтириб, хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари кичик тадбиркорлик субъектлари учун мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилиш бўйича ҳамда микрофирма ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкасини 12 фоиздан 1 фоизга пасайтириш бўйича берилган имтиёзлар муддати 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилмоқда.

Шунингдек, аудиторлар, риэлторлар, баҳоловчилар, актуарийлар, аптека ва уларнинг филиаллари мудирлари, туристик ташкилотларнинг ишчилари ва гидлар (экскурсоводлар), хорижий тилларга ўқитувчиларнинг 2020 йил 1 мартда тугайдиган малакавий сертификатлари муддати навбатдаги малакавий имтиҳонларни ўтказиш санасига қадар узайтирилмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Президентимиз томонидан пандемия оқибатларини юмшатишга қаратилган Фармон ва Қарорларда кўзда тутилган имтиёзларни аҳолига, тадбиркорларга жорий этилиши бўйича ҳудудларпда амалга оширилаётган ишларни доимий ўрганиб бориш улар ижроси юзасидан доимий Парламент назорати олиб бориш олдимизда турган муҳим вазифа бўлиб қолади. Бу борада ҳозирги ўта мураккаб, қийинчилик даврида аввало барчамиз бирикиб, мавжуд муаммоларни ҳамжиҳат бўлиб ҳал қилишимиз, бу офат кенг тарқалишини олдини олишга ва уни келгусида батамом тугатишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим бўлади.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+