Мурожаатдан умидларим катта

24.01.2020 11:01:56

Президентимизнинг парламентга мурожаатномани халқимиз интиқлик билан кутмоқда. Чунки мурожаатнома Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим устувор вазифаларини белгилайди. 3 йил давомида олиб борилган ислоҳотлар натижасида кўп соҳаларда сезиларли ўзгаришларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Лекин олдимизда ҳали кўп ҳал қилинмаган муаммолар мавжудлигини тан олишимиз даркор. Албатта, мурожаатнома биринчи навбатда ўтган йилнинг сарҳисоби, барча соҳадаги қилинган ишларнинг чуқур таҳлили билан бошланиши, ютуқлар ва камчиликлар тўғри баҳоланиши янги йилда давлатимиз ривожланишининг асосий йўналишларини белгилашда муҳим ўрин тутади.

Халқ вакили сифатида давлат бошлиғининг мурожаатномасидан барча Ўзбекистонликлар каби мен ҳам кўп умидлар боғламоқдаман. Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ялпи йиғилишиида сўзлаган нутқида аҳолининг жон бошига даромади оширилиши учун ялпи ички маҳсулот ҳажмини сезиларли даражада кўпайтириш лозимлигини айтди.
Бу вазифани ечишнинг энг мақбул йўли кичик бизнесни янада ривожлантириш, қишлоқ жойларда ишчи ўринларни ташкил этишни давом эттириш, кредитлар тизимини такомиллаштириш, айниқса аёллар ва ёшларга бериладиган кредитлар имтиёзларини кўпайтириш, кластерларни бошқаришда янги технологиялардан фойдаланишдир. Тўғри йўналтирилган инвестицион сиёсат ҳам иқтисодиётимиз ривожига катта ҳисса қўшади. Албатта, бу вазифаларни бажариш учун кадрлар сиёсатига катта эътибор қаратилиши лозимлигини давлатимиз бошлиғи ҳар нутқида қайта-қайта урғу ташламоқда.
Ижтимоий сиёсат ҳам бир катта мавзу. Ҳаммабоп уйлар қурилиши, уйлар ижараси тизимининг яратилиши, ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламига манзилли ёрдам турларининг кўпайиши, яшаш шароитини яхшиланиши, ичимлик суви муаммосининг тўлиқ бартараф этилиши ҳам халқимизнинг ниятидир. Соғлиқни сақлаш соҳасида шифокорлар сони ва сифатини кескин ошириш, дорилар нархини камайтириш, босқичма-босқич ақлли тиббиётга ўтиш каби долзарб вазифалар мавжуд.
Мактабгача таълим муассасаларнинг сонини ва уларга болалар қамрови даражасини кескин ошириш, умумий таълимдаги кўплаб муаммоларни ҳал қилиш, олий таълим муассасаларида таълим сифатини кафолатлаш замонавий мутахассисларни етиштиришга хизмат қилади.

Агар биз бугун оилага, аёлларга, ёшларга эътибор қаратмасак, эртага кеч бўлади.
Бу йўналишда парламент ҳам, ҳар бир вазирлик ва қўмита ҳам, ҳокимликлар ҳам ўз вазифаларини аниқ белгилашлари лозим.
Маданиятли, ўқимишли, тарбияли, мустақил фикрлай оладиган, жасур ва ватанпарвар инсонларимиз мамлакатимиз келажаги қандай бўлишини белгилайдилар. Демак, биз бугун бу ҳақида ўйлаб, ҳаракатни бошлашимиз керак.
Экология соҳасида сувни тежаш технологияларини катта майдонларда жорий этиш, ерни гидромелиоратив ҳолатини яхшилаш, дарахтларни экишни кўпайтириш, ҳаво ифлосланишига олиб келадиган факторларни камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни оммалаштириш каби вазифалар долзарбдир.
Миллатлараро тотувликни ҳамда кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган ишларни давом эттирилишини ҳам кутиб қоламиз.
Албатта, барча режалаштирилаётган ишларни тўлиқ бажарилишини таъминлашда парламент томонидан доимий назоратнинг ҳамда оммавий ахборот воситаларининг фаол позициясининг ўрни беқиёсдир.


Нодира ДЖАНИБЕКОВА,
Қирғиз Миллий-маданий маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари,
Олий Мажлис депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+