Мустақилликка 29 йил: Янги Ўзбекистон – янги шаҳарсозлик сиёсати

25.08.2020 10:08:16

Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлисга Мурожаатномасида қўйидаги сўзларни айтиб ўтдилар “Менинг энг катта ниятим шуки, Ватанимиз ичра ҳар бир инсон ўзининг “кичик ватани”га – уй-жойига эга бўлса, биздан халқимиз ҳам, Яратган ҳам рози бўлади.”

Сўнги уч-тўрт йилда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида, Президентимизнинг “Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “2017 – 2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастури”нинг қабул қилиниши кўплаб юртдошларимиз орзуларининг рўёби бўлди десам адолатдан бўлади.

Ушбу ҳужжат билан, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига риоя этиш асосида, биринчи навбатда ёш оилалар, эскирган уйларда яшовчиларга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бошқа тоифадаги фуқаролар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бор шахслар бўлган оилаларга ҳамда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни “кичик ватан” билан таъминлаш назарда тутилган.

Натижада, қурилиш бозори ривожланиши таъминланди. Бу эса ўз навбатида, “мультиплекатор” бўлди. Яъни уй қуриш учун қурилиш моллари, ишчи кучи ва техникаларга бўлган талаб ортиши натижасида ўзига яраша “қурилиш кластери” яратилди.

Бундан ташқари, ушбу бозор ва тизим тўлақонли ишлаши ҳамда келажакда ривожланиш учун арзон уй-жойлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектлари қурилиши иштирокчиларига, қурилиш материаллари ва ускуналарни ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарга, шунингдек, транспорт ташкилотларига нисбатан солиқ ва божхона имтиёзлари қўлланилди.

Натижада, тасдиқланган Дастурга мувофиқ янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 53 мингдан зиёд арзон уй-жойлар ва квартиралар қурилди, турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож 65 мингга яқин оила уй-жой билан таъминланди.

Шу билан бирга, юртимизда интеграция ва инвестиция жалб этиш жараёни шиддат билан ривожланди. Йирик халқаро молия институтлари бу ўзгаришларни ижобий баҳолаб қўллаб-қувватламоқда.

Қайд этиш лозимки, ушбу Дастур орқали бошқа бир қатор аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратилган Дастурлар ҳам параллель тарзда муваффақиятли амалга оширилди. Жумладан, “Обод қишлоқ” дастури шулар жумласидандир. Ушбу Дастур доирасида 2018-2019 йилларда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари натижасида 896 та қишлоқларда яшовчи 3 561 мингдан ортиқ аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланди.

Бу эса ўз навбатида, арзон уй-жойлар қурилишини самарали ташкил этиш ва энг асосийси уй-жойларнинг нархини пасайтириш учун муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектлари қурилишини “Обод қишлоқ” дастури билан ўзаро уйғунликда ташкил этиш имкониятини яратиб берди.

Натижада, қишлоқ жойларда – 17 минг 100 та, шаҳарларда – 17 минг 600 та, жами 34 минг 700 та ёки 2016 йилга нисбатан салкам 3 баробар кўп арзон ва шинам уйлар қурилди. Бу эса, кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар учун мўлжалланган арзон уй-жойлар қуриш кўламини кенгайтириш билан бирга, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли пунктлари инфратузилмасини ривожлантиришга сабаб бўлди.

Шундай қилиб, мамлакатимизда арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, соҳага янги архитектура ва техник ечимларни жорий этиш орқали аҳолининг уй-жой маиший турмуш шароитларини яхшилаш бўйича аниқ чоралар кўрилди. Хусусан, ўтган уч йил ичида 104 мингта оила уй-жой билан таъминланди, бу сўнгги ўн йил ичида қурилган уйлар сонидан бир ярим баравар кўпдир.

Кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 5 мингта оилага, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ипотека кредити асосида арзон уй-жой сотиб олиш учун 116 млрд. сўмдан зиёд бошланғич бадал тўлаб берилди.

Муваффақиятли Дастурларга талаб йилдан-йилга кўпайиб бориши натижасида, уй-жой қурилишида хусусий секторларнинг ўрни сезиларли даражада ортиб бормоқда. Бу борада вилоятлардаги шаҳарлар ва Тошкент шаҳрида 18 мингга яқин ҳамда қишлоқларда 4 мингта уй-жой хусусий сектор томонидан қурилмоқда. Банклар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида уларга қарийб 4 трлн. сўм маблағлар аукционлар орқали ажратиб берилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб баҳоланиб, дунёдаги нуфузли нашрлардан бири – “Экономист” журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат – “Йил мамлакати” деб эътироф этди.

Жумладан, “Адолат” СДП ҳам мамлакатимизнинг чекка ҳудудлари ва кичик шаҳарларида замонавий уй-жойларни барпо этиш орқали, ҳудудлар ва пойтахт орасидаги кескин иқтисодий ҳамда ижтимоий тафовутни бартараф этиш тарафдори. Бунда арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуришда “ақлли бино, ақлли шаҳар” концепциясини кенг жорий этиш, ушбу концепция орқали энергетик ва моддий ресурсларни истеъмол қилиш даражасини тушириш, қурилишнинг инсонлар саломатлиги ва атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирини камайтириш, шаҳарларнинг “яшил белбоғлари”ни кенгайтириш ва тоза чучук сув манбаларини муҳофаза қилишни устувор вазифа деб ҳисоблайди.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг муҳим “драйвер”ларидан бирига айланиб улгуриши натижасида ялпи ички маҳсулотдаги улуши 6 фоиздан ошди.

Имом Бухорий бобомиз ўз китобларида келтирган муборак ҳадисда айтилганидек, “Барча амаллар ниятга қараб бўлади”.

Дарҳақиқат, пок ниятлар билан бошланган хайрли ишлар, албатта ижобат бўлади.

 

Дилшод ҲАМЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси,

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аьзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+