Мустақилликнинг 29 йиллиги: Учинчи Ренессанс даври пойдевори

31.08.2020 21:08:09

Бугун Дўрмондаги Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Респупубликаси Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Респупубликаси Президенти Ш.Мирзиёев нутқ сўзлаб, Ўзбекистон халқини улуғ ва буюк байрамимиз билан қутлади ва бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолишини таъкидлади.

Мазкур тадбирда давлатимиз раҳбари барча жабҳалардаги жадал олиб борилаётган ислоҳотларга, эришаётган ютуқларимиз натижасида тобора кўркамлашаётган маконларимизга, айниқса, халқимизнинг ижобий кайфиятига, синовли даврдаги сабру шижоатига  алоҳида тўхталиб, “Бугун чексиз ифтихор билан айта оламизки, донишманд халқимизнинг узоқни кўра олиши, бирдамлиги ва фидойи меҳнати билан барча синовлардан муносиб ўтиб келмоқдамиз” дедилар.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда кенг жамоатчилик барча ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори ва бунёдкорига айланмоқда. Қайси соҳани олмайлик, қайси жабҳага назар солмайлик,  илгари сурилаётган халқ ташаббуси албатта қўллаб-қувватланмоқда, шароит яратилмоқда, инвестиция киритилмоқда, рағбатлантирилмоқда, бир сўз билан айтганда, халқнинг розилиги йўлида тинмай изланилмоқда. Зеро, иқтисодиётни сиёсатдан, маънавиятни таълим-тарбиядан айро кўриб бўлмаганидек, ерга ишлов беришдан тортиб, ижтимоий хизматни бадастир қилаётган тадбиркорни сизламасак, дастурхонимиздан қут-барака арийди. Ўқитувчини мактаб остонасидан “сиз” демасак, келажагимиздан айриламиз.

Айнан шу масалаларга тўхталиб, “халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”, деди давлат раҳбари.

Таъкидлаш жоизки, бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда «Янги Ўзбекистон» ибораси такрор-такрор тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофи, жаҳон ҳамжамиятининг юртимизга жиддий эътиборидир. Чунки бизга мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи тоғдек таянч бўлмоқда. Бизни илғор ниятлар, буюк мақсадлар, улкан марралар йўлида адашмасликка ундамоқда, танлаган йўлимиз тўғрилигига инонтирмоқда.

Юртбошининг “Мен турли синов ва курашларда тобланган, иймон-иродаси мустаҳкам халқимизнинг ақл-заковати ва азму шижоатига ишонаман” деган мурожаатлари ҳар бир инсон қалбини жўнбўшга келтиради.  Чунки тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйилаётгани, янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даври пойдеворини яратиш бизнинг, ҳар биримизнинг зиммамизда эканлигини билдиради.

Хусусан, Ўзбекистон “Адолат”СДП ўзининг сайловолди дастурларида ўсиб келаётган  ёш авлодни тарбиялаш, ҳақ-ҳуқуқини танитиш мақсадида мактабларда “Тарбия”, “Ҳуқуқ” фанларини киритиш, ёшларни ОТМга кенгроқ жалб қилиш мақсадида чекловларни йўқ қилиш, олий таълим тизимини қайта кўриб чиқиш, ОТМларининг ўзини ўзи молиялаштириши, квоталардан воз кечиш каби бир қатор устувор вазифаларни белгилаган эди.

Бугунга келиб, янги ўқув йилидан бошлаб мактабларда “Тарбия” фанининг киритилиши, ёшларимиз, айниқса, қизларимиз учун давлат гранти асосида алоҳида 970 дан ортиқ ўринларнинг ажратилиши партиянинг ўз электорати олдидаги ваъдаларига содиқлиги исботидир.

Тантанали маросимда Президент томонидан “Кўз қўрқоқ – қўл ботир” халқ мақоли эсга олинди. Партиямизнинг илгари сурган ғояларидан бири ақлли тиббиёт эди. Мана бугун кўриб турибмизки, тиббиётни ривожлантириш ҳаётий зарурат. Шу боисдан қисқа вақт давомида йилларга татигулик ишлар, ҳақиқий маҳнодаги ҳаётбахш ҳужжатлар қабул қилинди ва амалиётга татбиқ этилди. Аммо бу ҳотиржамликка берилиш учун асос бўла олмайди. Ҳали олдимизда ечилиши лозим бўлган масалалар ҳам етарлича. Шунинг учун партиядошларимизнинг ушбу соҳада халқимиз соғлиғи учун зарур бўлган ҳар қандай ислоҳотни амалга оширишда кўзи ботир, қўли жасур, юраги жасоратли бўлиши лозим ва шарт. Бу борада ўрнак бўладиган инсонимиз ҳам узоқда эмас, шундоққина ёнимизда.

Башарият тарихида Ренессанс - уйғониш даврида улкан кашфиётлар, мисли кўрилмаган қурилишлар, глобал ўзгаришлар юз берган, даҳолар етишиб чиққан. Ўзбекистонда башорат қилинаётган янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даври юртимиз тарихи зарварақларида ёрқин саҳифа бўлиб қолиши, мақсадли, тизимли олиб борилган тарбия, таълим натижасида келгуси авлод вакилларидан Улуғбеклар, Ибн Синолар етишиб чиқиши ишонса бўладиган амалий воқеликдир.

 

Гулруҳ Агзамова,

Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+