Наримон Умаров: Халқ манфаатига хизмат қилиш тараққиётга хизмат қилиш

30.04.2020 11:04:01

Аҳолининг давлатга, ҳукуматга бўлган ишончи унинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар самараси, эркин ва фаровон яшаш учун яратилган шароит ҳамда имкониятларга бевосита боғлиқ ҳисобланади. Оммавий ахборот воситалари ёки минбарлардан туриб, тараққиёт, келажак, мусаффо осмон, адолат, инсон ва унинг қадриятлари ҳақида ҳар қанча бонг урмайлик, агарда фуқароларнинг энг элементар яшаш, ишлаш, кўчиб юриш, овоз бериш, сўз эркинлиги каби ҳуқуқлари таъминланмаган бўлса, гапирилаётган нутққа эътибор берилмайди. Ўз-ўзидан эртанги кунга ишончи ҳам ҳамин қадар бўлиб, унда лоқайдлик, беэътиборлик кайфияти шакллана бошлайди. Бундай инсонлар билан эса мамлакат тараққиётини тасаввур этиш қийин.

Фаол фуқаролик позицияга эга шахслар, фуқаролар давлатнинг эртанги келажагини ҳаракатлантируви энг асосий кучи экан, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъмилаш ҳам давлатнинг бош мақсадига айланмоғи лозим. Сўнгги уч йилда бошланган ислоҳотларнинг туб негизига эътибор берсак, Президентимиз томонидан инсоннинг энг асосий конституциявий ҳуқуқлари эркин яшаш, шахс даҳлсизлиги, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, таълим олиш, сўз ва фикр эркинлиги, барчанинг қонун олдида тенглигини таъминлашга асосий эътибор қаратилди. Яъни, авваллари кўпчилик учун Конституциянинг бир моддаси сифатида қаралган нормалар ҳаётга кўчиб, турмушимизда ўзининг амалий ифодасини кўрсата бошлади.

Жорий йилда эса, ислоҳотлар навбати Бош қомусимизнинг 28-моддаси яъни, ҳар бир фуқаронинг бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқини ҳаётга тўлиқ татбиқ этишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Бу ташаббус 24 январь куни Президент Мурожаатномасида илк бора таъкидланган пайти кўпчиликнинг кўзига қувончдан ёш келгани ҳам айни ҳақиқат. Кейинчалик бу масаланинг Давлат дастуридан ўрин олиши ва айниқса, 22 апрель куни имзоланган “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони кўп йиллик тушовларни узиб ташлади.

Ушбу ташаббус бевосита давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилгани эса, барча ҳаракатлар халқ розилиги, халқ манфаати учун, инсонлар эртага эмас, бугун бахтли яшаши керак тамойилларининг амалий ифодаси бўлди. Шу билан бирга халқ билан мулоқот тизимининг меваси сифатида қарасак ҳам янглишмаган бўламиз. Чунки, бу юқори лавозимларда ишловчи хизматчининг ёки ўзига тўқ тадбиркорни эмас оддий халқнинг муаммоси эди. Аҳоли томонидан берилган саволларга эса, умумий тарзда жавоб берилар ёки умаман жавобсиз қоларди. Унга узоқ йиллар давомида ҳуддики тегса ёрилиб кетиши мумкин бўлган пуфак сифатида қаралиб, кун тартибидан, муҳокамалар марказидан узоқлаштирилиб келинган. Ушбу масала юқори давраларда муҳокама қилинганда ҳам унинг салбий тарафларини кўрсатишга уринишлар бўлгани аниқ. Аммо кўрсатилган ҳар қандай муаммо, важга қарамасдан қабул қилинган ушбу қарор давлат раҳбари томонидан яна бир бор оддий одамларни бахтли яшаши учун кўрсатилган жасорат намунаси бўлди.

Мисол учун, давлат ташкилотларида унинг қуйи бўғринларида, хусусан сиёсий партияда ишловчи ходимларнинг ўзини ҳам бу муаммо ҳамиша қийнаб келган. Туман ташкилотида ишловчи ходим прописка олиши учун туман ташкилотига, ундан сўнг шаҳар, вазирликка чиқиши лозим бўларди. Шунда ҳам унинг олиш олмаслиги сўроқ остида қоларди. Чунки тизим доирасида саноқли одамгина унга эришиши мумкин эди. Ўз-ўзидан узун ва талаб юқори бўлган бу бюрократик жараён коррупцион ҳолатларни юзага келтириб ҳам чиваргани ҳам бор гап. Пропискага етишишнинг бу қадар узун йўлини кўрган кўплаб малакали ходимларнинг ишдан кетиш ҳолатлари ҳам учраб турарди. Партияга бўлаётган мурожаатларда, депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларда энг кўп тилга олинадиган масала ҳам шу эди.

Шу боисдан ҳам “Адолат” СДП сайловолди дастурига прописка тизимига янгича ёндошиш, фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни таъминлаш” вазифаси белгиланганди. Мазкур банд сайловолди учрашувларида энг кўп муҳокамаларга, саволлар ва таклифлар билдирилган банд бўлган эди. Ушбу таклиф ва мулоҳазаларнинг аксарият қисми мазкур Фармонда ўз аксини топгани “Адолат” СДП фаоллари ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси учун ҳам бу қувончли воқелик бўлди.

Мазкур Фармон фуқароларимизни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий рўйҳатга қўйиш борасидаги хозирги кунга қадар ҳукм суриб келган бюрократияга барҳам бериш билан бирга, бу жараённи рақамлаштириш учун ҳуқуқий асос бўлди.

Ушбу фармон нафақат фуқароларнинг конституциявий эркинликни таъминлашга қаратилгани билан балки, мамлакат иқтисодиёти, ички миграция ривожига ҳам ўзининг ижобий самарасини беради. Чунки асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасидаги тафовутни ички миграцияни эркинлаштириш орқали баратараф эта оламиз.

Шу билан бирга айни жараёнлар билан ҳамоҳанг равишда урбанизация жараёнларини жадаллаллаштиришга ҳам туртки бўлди. Бунда “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони ҳамда жорий йилнинг Давлат дастурида белгиланган 7 та йирик шаҳарларга туташ бўлган 12 та йўлдош шаҳарларни ташкил этиш вазифасининг ижросини таъминлашимиз лозим. Шу билан бирга Тошкентдаги олий ўқув юртлар филиалларини вилоятларда ташкил этиш, йирик-йирик корхоналар бош офисларини босқичма-босқич ҳудудларга кўчириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳам ўта долзарб. Бу фақатгина Тошкент шаҳри билан чекланиб қолмасдан, ҳудудларни ҳам комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратишни кўзда тутади. Шу билан бирга пойтахтга бўлган демографик юкни пасайтиришга эришилади.

Хулосада эса, эркин яшаётган, ҳақ-ҳуқуқларини таъминланаётган фуқаро мамлакат ривожланишига ўз хиссасини қўшишга бурчли ҳисобланади. Айни синовли кунларда давлатимиз ўз масъулиятини ортиғи билан бажарётганини яна бир бор исботламоқда. Энди эса навбат бизга, сизга азиз фуқаролар.

 

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+