“Ноёб ижтимоий тузилма”нинг имкониятидан кенгроқ фойдаланайлик

16.04.2020 15:04:30

Шукрки, “Менинг ота-бобом камбағал ўтган! Мен ҳам камбағалман!” дея кўкракка уриладиган, таржимаи ҳолнинг маълум бандига бу ҳолат алоҳида фахр билан ёзиб қўйиладиган, сўнг эса  бунинг учун партиядан амал ёинки имтиёз кутиладиган даврлар ўтиб кетди.

Камбағаллик нима эканини ор-номуси, ғурури баланд халқимиз жуда яхши билади. Шу сабабли ҳам бугунги кунда бировнинг ўзини камбағал деб аташга тили айланмайди.

Бироқ ҳаёт фақат ёруғ кунлардан, тўкин дастурхонлардан иборат, деб бўлмади. Айниқса, бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида ҳамманинг бирдай муносиб, тўкин ҳаёт кечириши амалда мумкин ҳам эмас. Биз бу ҳақиқатни тан оламиз. Йил аввалида юртимизда ишсизлик даражаси тўққиз фоизга яқинлашиб қолгани ҳам, аҳолимизнинг сезиларли қисми, яъни икки-уч миллион киши камбағалликда, кунни кунга аранг улаб кун кечираётгани ҳам бор гап.   

Бугунги оғир дамларда, халқ тилида айтганда, йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган сииновли кунларда айнан аҳолининг камбағал қатлами кўпрок қийналаётганини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. Демак, бутун эътиборимизни уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга, ҳукумат томонидан берилаётган кўмакнинг аниқ ва манзилли бўлишига қаратишимиз лозим.  

Ғурур ила эътироф этамиз, ажойиб халқимиз бор! Бу халқ машаққатли кунларда доимо бир-бирига беғараз ёрдам қўлини чўзиб келган. Юртимизда коронавирус пандемияси муносабати билан карантин эълон қилиниши билан саховатпеша фуқароларимиз қалб амри билан эҳтиёжманд оилаларга, ногиронларга, ёлғиз кексаларга, умуман олганда, аҳолининг кўмакка муҳтож қатламига беғараз ёрдамини кўрсата бошлади. Маҳаллаларда уйма-уй юриб мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон тарқатиб юрган кўнгиллилар-чи! Бариси савоб учун ва аксар ҳолларда кўпчиликка ошкор этилмаган тарзда амалга оширила бошланди. Албатта, бу эзгу ва савобли амаллардан Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари ҳам четда туришгани йўқ.

Бироқ бутун инсониятга қарши ҳужум бошлаган COVID-19 вирусининг ўзига хос юқувчанлиги ҳисобга олинган ҳолда 1 апрелдан бошлаб якка тартибдаги хайрия акциялари вақтинча тўхтатилди ва ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази, жойларда эса унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.

Янги тартибга кўра, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимлари жойларда аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами ҳақидаги маълумотларни ҳудудий тегишлилиги бўйича марказларга тақдим этилиши кўзда тутилган эди. Аммо эндиликда ҳар бир ёрдамга муҳтож шахснинг ўзи 1197 рақамли телефон орқали Марказга мурожаат этиши талаб қилинмоқда.

Бу ўзгариш нима учун амалиётга жорий этилганини тушуниш қийин. Юқорида таъкидлаганимиздек, камбағалнинг ори кучли бўлади. Бундай одам атай телефон қилиб, ўзининг ёрдамга муҳтож эканлигини исботлагандан кўра, қаттиқ нон билан кифояланишни афзал кўради. Куни кеча “Менинг юртим” телеканалининг “Марказий студия” кўрсатувида таъкидланганидек, 1197 рақамига кўп ҳолларда ўзига тўқ, икки-уч қаватли уй, уч-тўртта шахсий автомашинага эга юртдошларимиз ҳам мурожаат қилишаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Бундай мурожаатчиларнинг ананас, банан, апельсен каби сархил мевалар, тамаки маҳсулотлари, ҳаттоки, маиший техникалар сўрашаётганини, янаям аниқроғи, талаб қилишаётганини ҳеч бир баҳона билан оқлаб бўлмайди.

Дарҳақиқат, ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини раисида фаоллар иштирокида тузилган кам таъминланган оилалар рўйхат мавжуд. Бунинг устига, маҳаллада ҳамма бир-бирини жуда яхши билади, аслида кимга кўмак лозимлиги ҳам кундек равшан бўлади. Шундай экан, ҳеч бир иккиланмасдан яна якка тартибдаги хайрия акцияларини ҳам, ҳукумат кўрсатаётган ёрдамни ҳам айнан МФЙ орқали манзилли тарқатиш тизимига қайтсак, тўғри бўларди деб ўйлаймиз.  Ахир бизнинг маҳалла институтимиз ноёб ижтимоий тузилма сифатида бутун дунёда эътироф этилган-ку. Шундай шароитда унинг улкан имкониятидан фойдаланмасак, қачон фойдаланамиз?

Бу мулоҳазаларни қоғозга туширимизга яна бир сабаб бор. Куни кеча ижтимоий тармоқлардан бирида ўтказилган сўровда иштирок этган 500 мингга яқин кишининг 35 фоизи “қора кун”га асраб қўйган жамғармаси умуман йўқлигини айтган. Бундай шароитдаги оила карантин даврини қандай ўтказади?

Саховат манзилли бўлсин, унга эҳтиёжи бор одамга етиб борсин. Бундай эзгу ишга маҳалла фуқаролар йиғини раислари, фаолларини кенгроқ жалб қилиш, улар тузган рўйхатларни инобатга олиш мақсадга мувофиқ бўлади, назаримизда.   

Фарҳод ИШАНҚУЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сеёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+