Оила даврасида бўлинг

23.05.2020 21:05:55

Ҳаёт фақат шодлигу қувончлардан эмас. Унинг кутилмаган синовлари ҳам бўлади.

Биз бугун ана шундай ўзимизни имтиҳон этадиган кунларни бошдан ўтказмоқдамиз. Не тонгки, бу синов бизнинг иродамизни янада тоблади, ҳамжиҳатлигимизни кучайтирди, жипслигимизни мустаҳкамлади. Зеро, шамшир оловда тобланганидек, эл яхлитлиги, қудрати турфа катта-кичик синовларда кучаяди, ортади.

Биз бугун шундай шароитда яшаяпмизки, биргина кишининг эҳтиётсизлиги, ўйламай қўйган қадами бошқа ўнлаб бегуноҳ инсонларнинг ҳаётини заҳарлаши мумкин. Гап, албатта, коронавирус пандемияси ҳақида кетаяпти.

Маълумотларга кўра, бу хасталикка чалинган бемор ўзи билмаган ҳолда бир кун мобайнида ками билан 25 кишини шу касалликка дучор этиши мумкин экан! Демак, бундай шароитда энг яхши чора – вирус юқтиришнинг олдини олиш. Бунинг ягона чораси эса кишидан катта матонат, улкан жасорат талаб қилмайди: уйда қолиш, карантин қоидаларига қатъий амал қилиш, холос.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорида ҳақли равишда бу йил Рамазон ҳайити карантин талаблари аосида ўтказилиши шартлиги белгилаб қўйилди. Бу талаб ҳам мазкур қарор фуқароларимизнинг соғлиғини, тинчини, бугуни ва эртанги кунини ўйлаб қабул қилинганинг яққол ифодасидир.

Азиз юртдошлар! Бугунги талабларга амал қилиш ҳаммамизнинг коронавирус балосидан эсон-омон қутулиб кетишимиз кафолатидир. Шу сабабли ҳам яна бир бор уларга қатъий амал қилишга чақириб қоламиз.

Биз ҳайит байрамини катта хурсандчилик, шодиёна билан кутиб олмоқдамиз. Байрам кайфиятимизга ҳеч бир ҳолат соя солмасин. Бу эса ҳаммамизга боғлиқ. Ҳайитни уйда, оиламиз даврасида нишонлайлик. Ҳайит намозини уйда, оиламиз даврасида ўқийлик. Беморларни, кексаларни йўқлаганимизда ҳам санитария-профилактика қоидаларига амал қилишни унутмайлик. Бу ҳолат байрамнинг қадри, қиммати, аҳамияти янада ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Байрам муборак бўлсин, қадрли ватандошлар!

Мавлудахон АДХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Қодиров Муроджон
2020-05-24 05:26:28
Қўллаб-қувватлаймиз!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+