“Ўзбекистон 24” ўзгариши шарт

30.05.2020 16:05:07

Мамлакатимизда ахборот узатиш, журналистика соҳасида катта ислоҳотларга қадам қўйилди. Мунтазам равишда расмий, ишончли, аниқ маълумотларни кечаю кундуз бериб бориш, аҳолини мамлакатдаги жараёнлардан хабардор қилиш мақсадида Президент қарори билан “Ўзбекистон 24” телеканали ташкил этилди. Телеканал мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва спорт соҳаларида юз бераётган ҳодисаларни тезкорлик билан ёритиб бориши, шунингдек, телеканалнинг хорижда ҳам мухбирлик пунктларига эга бўлиши мақсад қилинди. «Ўзбекистон 24» SD ва HD форматларида рақамли эфир ижтимоий пакетига киритилиши, унинг HD форматидаги трансляцияси мамлакатда ушбу форматга тўлиқ ўтилгунга қадар параллел равишда UzHD каналида ҳам амалга оширилиши маълум қилинди.

Ўша кундан эътиборан барча вилоятлардаги телеканал бўлимлари ҳам жиддий ишга киришдилар. Кузатиб боряпмизки, канал доимий равишда информацион руҳдаги мавзуларда кўплаб материалларни, кўрсатувларни тайёрлаб эфирга бермоқда. Юртимизда расмий маълумотлар, суҳбатлар, брифинглар қизиқиш билан кўрадиганлар кўп.

Телеканалнинг барча ходимлари, журналистларининг меҳнатларини эътироф этган ҳолда, катта миннатдорчилик билдириб, доимий томошабин сифатида айрим мулоҳазаларимни билдириб ўтмоқчиман.

Бир неча кунлардан бери ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистон 24” телеканалининг савияси кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу фикрларнинг ҳаммасига қўшилиб бўлмаса-да, умумий оҳангда билдирилган эътироз ўринли эди.

Асосий билдирилган эътирозлар каналнинг ахборот узатиш соҳасида тутган йўлига нисбатан билдирилган эди. Дарҳақиқат, “Ўзбекистон 24” ахборот бериш тизимини ўзгартириши зарур. Каналнинг бошқа аксарият кўрсатувлари ҳақида умумий эътироз билдираётганимиз йўқ, ахборот соҳасида ҳам энг ишончли, расмий манба сифатида ҳурмат қиламиз. Лекин тезкорлик масаласида оқсаётгани яққол намоён бўлиб турибди. Баъзан айрим воқеа, хабарлар ҳақида муддати ўтгандан кейин ахборот берилади. Бу вақтда қанчадан-қанча бошқа хабарлар оқими тармоқларда оқиб келаётган, жараёнлар кечаётган бўлади...

Танқидий муносабатларда тилга олинганидек, гўёки жаҳонда, Ўзбекистонда бошқа ҳаёт оқими кечаётгандек, “Ўзбекистон 24” да эса тинч, осуда бошқа ҳаёт кечаётгандек тасаввур уйғотиши ҳам шундандир балки. Тўғри, мамлакатда кечаётган ижобий жараёнларни албатта бериш керак, ютуқларимизни кўришимиз керак, одамларда амага оширилаётган ислоҳотлардан бохабарлик, келажакка ишонч руҳи пайдо бўлиши керак. Шу билан биргаликда, ҳаётий материаллар, камчиликларимизни ҳам кўришимиз керак. Биров қийшиқ ойна олиб бизга тутганидан кўра, тўғри ойнани ўзимиз олиб юзимизни кўрайлик.

Бугун ахборот асрида яшаяпмиз, газета-журналларда ахборот тезкорлигида интернетга ета олиш имконияти йўқдир, бироқ телевидениеда унга бас келишга имкон бор. Тенг келганда ҳам ишончли, расмий маълумот бериш имкони бор.

Воқеа жойига бориб хабарлар тайёрлаш, тезкорлик билан узатиш ҳам мумкиндир. Лекин бу телеканал таҳлилий материалга кўпроқ ўрин берса, яхшироқ натижага эришилади. Агар хабар тезкорлиги, муҳимлиги жиҳатидан аҳамиятини йўқотгандан кейин ҳам эфирга узатиладиган бўлса, кимнингдир манфаатига хизмат қилаётгандай  тасаввур уйғотиши ҳам мумкин.

Бу канал очилганда жуда яхши мақсадлар қўйилган, 24 соат давомида ватанимизда кечаётган жараёнлар, ёниқ нуқталардан хабарлар тинимсиз узатиб турилиши назарда тутилган эди. Аммо истемолчилар бугун ўз кутганларини тўлқи ололмаяптилар. Демак, соҳани ислоҳ қилиш керак.

Бугунги кунда телевидение, бизнингча, энг илғор ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятига эга. Рақамли телевидение жорий этилиши телетомошабин экран қаршисида қайси канални қанча минут кўриб, кейин чиқиб кетганини ҳам аниқлаш имконияти яратилди. Бир кунда канални нечта одам кўраётганини билса бўлади. “Ўзбекистон 24” канали ана шу имкониятдан фойдаланиб, ўз рейтингини баҳолаши, агар томошабинлари бошқаларникидан кам бўлса, ўз устида ишлаши керак.

“Ўзбекистон 24” давлат сиёсатини тўғри акс эттирувчи, ватандошлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи ростгўй канал, биз унинг келажагига, энг кучли каналлардан бири бўлишига умид қилиб қоламиз. Балки кадрлар сиёсатини ўзгартириш керакдир, балки мақсадларни бошқачароқ қўйиш керакдир. Аммо канал фаолиятини такомиллаштириш вақти келганини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди.

 

 Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+